Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:51

Қонли ҳужумлар Москвадан Доғистонга кўчди


Ҳозирда портлашлар жойида махсус экспертиза ходимлари ишламоқда.
Ҳозирда портлашлар жойида махсус экспертиза ходимлари ишламоқда.

Россияликлар душанба кунги Москва метросида содир этилган ҳужум қурбонларини дафн қилаётган бир пайтда Доғистоннинг Кизляр шаҳрини иккита портлаш титратди. Бош вазир Путин¸ Москва ва Кизляр портлашлари ортида айни кучлар тургани ҳақида баëнот берди.

Шимолий Кавказнинг Доғистон республикасида содир этилган иккита портлаш оқибатида камида 12 киши нобуд бўлди, 20дан ортиқ шахс тан жароҳати олди.

Кизляр шаҳридаги портлашларда милициянинг тўққиз ходими, жумладан маҳаллий милиция бошқармаси раҳбарларидан бири нобуд бўлди.

Россия Ички ишлар вазири Рашид Нургалиев сўзларига кўра, милиция таъқибига учраган худкуш шахс ўзи бошқараётган машинани Кизляр шаҳридаги Ички ишлар бўлими биноси ёнида портлатиб юборган.

-Машина ҳайдовчиси қоидаларни бузган ҳолда милиция ходимларининг тўхташ буйруғига бўйсунмасдан марказ томон ҳаракатлана бошлаган. ДАН ходимлари машинани таъқиб қилиб, қоидабузарга деярли яқинлашганда портлаш рўй берган. Бу ўлим машинаси қаерга кетаётган бўлган? Воқеа жойига яқин ҳудудда мактаб, Ички ишлар вазирлиги ва Федерал хавфсизлик хизмати бинолари жойлашган, деди Рашид Нургалиев.

Мазкур портлашда милициянинг икки ходими нобуд бўлган. Нургалиев сўзларига кўра, портлаш содир этилган жойга терговчилар ва томошабинлар тўпланган маҳал, милиция кийимида бўлган худкуш шахс уларга яқинлашиб ўзини портлатиб юборган. Иккинчи ҳужум қурбонлари орасида Кизляр милиция бошқармаси раҳбари ҳам бўлган.

Айтилишича, портлашларда маҳаллий мактаб биносига ҳам жиддий шикаст етган, бироқ мактаб болаларидан ҳеч кимга тан жароҳати етказилмаган.

Бундан икки кун аввал эса портлашлар Россия пойтахти Москвани титратди. Пойтахтнинг “Лубянка” ва “Маданият боғи” метро бекатларида икки худкуш аёл томонидан содир этилгани айтилаëтган портлашларда салкам 40 киши нобуд бўлди, 90дан ортиқ шахс тан жароҳати олди.

Мазкур портлашлар учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ. Бироқ Россия расмийлари худкуш аёлларнинг Шимолий Кавказдаги террор гуруҳларга алоқаси борлиги ҳусусида баёнот тарқатдилар.

Айни пайтда newsru.com сайтининг хабар қилишича, чечен жанггарилари етакчиларидан бири Доку Умаров исломий сайтлардан бирида тарқатилган аудио баёнотида Москвадаги портлашларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирган. Умаров Москвадаги портлашларда тўғридан-тўғри Россия хавфсизлик хизмати ҳамда мамлакат Бош вазири Владимир Путинни айблаган.

1999 йилда чечен жанггариларига қарши уруш бошлаган Бош вазир Владимир Путин, ўз навбатида 30 март куни қилган чиқишида Москвадаги портлашлар ортида турган шахсларнинг барчасини қаерда бўлишидан қатъий назар қўлга олиш ва жазолашга ваъда берди.

Кизлярдаги портлашларга муносабат билдирган Владимир Путин Москва ва Доғистон республикаларидаги портлашлар битта гуруҳ вакиллари томонидан содир этилган бўлиши мумкин, деган фикрни билдирди.

Айни пайтда Кизлярдаги портлашлар учун масъулиятни ҳам ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ.
XS
SM
MD
LG