Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:37

БМТ Бош котиби Тошкентда инсон ҳақларини тилга оладими?


Дунëнинг энг нуфузли халқаро ташкилоти раҳбари илк бора Марказий Осиëга йўл олаëтган бир кезда¸ халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ фаоллари жаноб Бан Ки Мунни минтақа¸ хусусан Ўзбекистондаги инсон ҳақлари вазиятига эътибор қаратишга чақирмоқдалар.

Бан Ки Мун 31 март куни БМТ Бош котиби сифатида илк сафар билан Марказий Осиëга йўл олади. 1-7 апрел кунлари БМТ Бош котиби Ашхобод¸ Бишкек, Тошкент, Душанбе ва Остонага боришни режалаган.

Сафар арафасида Ҳьюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти БМТ Бош котибига мактуб йўллаб¸ ундан минтақа раҳбарлари, жумладан Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан мулоқот чоғида уни инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилашга даъват қилишга чақирди.

Ҳьюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими директор ўринбосари Райчел Денбер Озодлик мухбири билан суҳбатда БМТ Бош котибига мактуб орқали мурожаат қилишдан мақсад минтақа давлатларида инсон ҳуқуқларининг ҳақиқий аҳволи ҳақида маълумот бериш¸ айни пайтда давлат раҳбарларини вазиятни яхшилашга даъват қилишдан иборат эканини айтади.

- БМТ Бош котиби Бан Ки Мунга мактуб йўллашимиздан мақсад¸ Марказий Осиёга сафари чоғида минтақа давлатларидаги инсон ҳуқуқлари муаммоларининг нималардан иборат эканини унга тушунтиришдан иборат. Шу орқали биз минтақа давлатларидаги жамоатчилик ва юзма-юз учрашувлар пайтида Бош котиб инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришига умид қилганмиз, дейди халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили.

Райчел Денбер Озодлик билан суҳбат давомида сўнгги пайтларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг аянчли аҳволда қолаётгани ва бу борада ижобий ўзгаришлар кузатилмаётганини айтади.

- Ўзбекистон масаласида гапирадиган бўлсам, айрим давлатлар, жумладан, Европа иттифоқи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида айрим ижобий ўзгаришлар бўлганидан баҳс қилмоқда. Аммо амалда биз бу борада кўпроқ ортга кетиш юз берганини кўраяпмиз. Тўғри, бир нечта инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари қамоқдан озод қилинди. Бироқ кейин ундан кўпи қўлга олинди. Ҳозирда 14 нафар ҳуқуқ ҳимоячиси Жаслиқ қамоқхонасида сақланмоқда. Айни пайтда Ўзбекистонда матбуот эркинлигини бўғиш йўлидаги уринишлар давом этмоқда, давлат назоратидан ташқарида бўлган мусулмонларни қамаш давом этмоқда. Ҳозирда жуда репрессив вазият юзага келган. Шу боис БМТ Бош котибидан адолатсиз равишда қамалган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, журналистлар ва бошқа диссидентларнинг ҳеч бир шартсиз озод этилишини талаб қилишни сўрадик, деди Ҳьюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими директори ўринбосари Райчел Денбер.

Айрим таҳлилчилар БМТ Бош котибининг Марказий Осиёга сафари чоғида инсон ҳуқуқлари масаласи кун тартибидаги муҳим масала бўлмайди¸ деган фикрда. Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Паниэр шундайлардан бири.

- БМТ Бош котиби минтақа давлатлари ўртасидаги алоқалар яхшироқ бўлишини ва можаролар ҳал этилишида ёрдам таклиф қилишни хоҳлайди. Чунки ҳозир Марказий Осиёда ечимини кутаётган жуда кўп баҳслар мавжуд. Учрашувлар пайтида БМТ Бош котиби инсон ҳуқуқлари масаласини жуда юмшоқ тарзда тилга олиши мумкин. Бош котиб инсон ҳуқуқлари борасида ижобий ўзгариш бўлиши учун ислоҳотлар ўтказишда ёрдам кўрсатиш истагини ҳам билдириши мумкин, дейди ғарблик таҳлилчи.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Толиб Ёқубов БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг минтақа раҳбарлари, жумладан, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов билан 4 апрел куни бўладиган учрашувининг мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволига ижобий таъсир кўрсатмаслигини айтади.

- Менимча¸ бир позитив ўзгариш бўлмайди. Ҳатто қамоқда ëтган 10 - 20 нафар ҳуқуқбон БМТ Бош котиби бориши билан қамоқхоналардан озод қилганда эди¸ ҳеч бўлмаганда мана шунинг ўзи позитив ўзгариш бўларди. Лекин юзлаб сиëсий маҳбуслар бор. Минглаб виждон тутқунлари бор, мусулмонлар. Уларнинг озодлиги тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Уларни озод ҳам қилмайди. 15 - 20 нафар қамоқда ëтган ҳуқуқбонларни ҳам озод қилмаса, керак. Номига битта-яримтасини чиқариши мумкин, дейди ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси.

Лондондаги Шарқ ва Африка масалалари университетининг Марказий Осиё бўйича эксперти Алишер Илҳомов БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг Ислом Каримов билан мулоқоти чоғида инсон ҳуқуқлари эмас¸ балки Орол денгизининг қуриши ва сув билан боғлиқ муаммолар, шунингдек, Афғонистонда БМТ амалга ошираётган лойиҳаларда Ўзбекистон иштирокининг асосий масалалар бўлишини тахмин қилади.

Унга кўра, Марказий Осиё¸ жумладан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида ижобий ўзгаришлар бўлиши учун бу борада амалга оширилаётган барча уринишлар мувофиқлаштирилиши керак.

- Инсон ҳуқуқлари ва болалар меҳнатидан фойдаланиш муаммоларига дунё миқёсида жамоатчилик эътибори қанчалар кўп бўлса, халқаро босим кучайтирилса ва яхши мувофиқлаштирилса, Каримовнинг режими ўзини шунчалар ноқулай ҳис қилади. Афсуски, ҳозирча баъзи халқаро арбоблар ва тизимлар инсон ҳуқуқлари муаммосини кўтармоқда¸ бошқалари эса сукут ўйинини ўйнамоқда. Агар бу борадаги уринишлар яхши мувофиқлаштирилса, инсон ҳуқуқлари борасида ҳукуматдан қандайдир ён босиш бўлишини кутиш мумкин, дейди Алишер Илҳомов.

Ўзбекистондаги сафари чоғида БМТ раҳбари Ислом Каримов ва бошқа расмийлар билан учрашув баробарида¸ Жаҳон иқтисодиëти ва дипломатия университети талаба ва ўқитувчилари тимсолида республика жамоатчилиги вакиллари олдига чиқиб¸ маъруза ҳам қилади.
XS
SM
MD
LG