Линклар

Шахсий томорқага ҳам ҳокимлик хўжайин


Ҳокимлик маъсуллари¸ бозорни сабзовот билан тўлдириш эҳтиëжи ўзларини шарқий томорқаларга нима экилаëтганини ҳам назорат қилишга мажбурлаëтганини айтади.

Ҳокимлик маъсуллари¸ бозорни сабзовот билан тўлдириш эҳтиëжи ўзларини шарқий томорқаларга нима экилаëтганини ҳам назорат қилишга мажбурлаëтганини айтади.

Бу йил Андижон вилояти Олтинкўл тумани аҳли шахсий томорқаларига кўпроқ картошка экишга мажбур бўлдилар. Боиси Олтинкўл туман хокимлиги қишдаёқ аҳолига ўз томорқаларига нима экиш кераклиги борасида топшириқ берган.

Олтинкўл тумани Маслаҳат қишлоғида яшовчи фуқаролардан бирининг Озодликка маълум қилишича, бир сўтих томорқасига фақат картошка эккан.

- Энди ўзи бизда ҳозир экиладиган бор-йўғи бир сўтих ер бор, холос. Мажбуран мана бунақа экасан дейилган бўлса ҳам ўзи экадиган ернинг ўзи йўқда менда. Бир сўтих еримга фақат картошка экилган. 100 туп помидорга жой қолган. Шу экилади. Ҳар йили ҳам шу. Бошқа нарса экиладиган ернинг ўзи йўқда. Ўша бир сўтик ердан олган ҳосил бизнинг оиламизга бир йилга етади.

Озодлик: Сиз фақат картошка экдингиз-а?

- Ҳа.

Озодлик: Бошқа сабзавот ва полиз экинларини сотиб оласизми?

- Ҳа¸ сотиб оламиз. Бошқа ер йўқда. Подшонинг замонида ҳам кичкина огород бўлган ўзи.

Озодлик: Ўша бир сўтикдан қанча картошка оласиз?

- Буни тортиб кўрмаганмиз. Шу ерга эксак¸ бир йилга етади. Анча бор,ҳосилдорлик яхши. Бир сўтик оз ер бўлганлиги учун молимизнинг гўнги ўша ерга тушади. Ер жуда серҳосил. Бошқа ҳосил олмаймиз, дейди Маслаҳат қишлоғи фуқароси.

Олтинкўллик суҳбатдош улар яшаётган ҳудудда бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига қараганда картошкага бўлган эҳтиёж катталиги, туман ҳокимлиги шахсий томорқаларга картошка экишни буюрмаган тақдирида ҳам одамлар ўз хоҳиши билан картошка экишни маъқул кўришларини айтади.

- Эҳтимол¸ бу ҳар бир территориянинг ўзининг шароитидан келиб чиқаяпти шекилли. Ҳозир баъзи бир коллежларда ҳам ерларни ўқитувчиларга бир сўтих¸ ярим сўтихдан қилиб бўлиб берилган. “Ўзинглар картошка уруғи олиб келиб экинглар. Ярми коллежнинг ошхонасида болаларга ишлатилади. Ярми ўзингларга қолади” дейилган. Экаëтганлар ҳам бор. Қандайдир картошка ҳақида кўпроқ қайғурилаяпти. Кўпроқ картошка экасан дейилганда. Одамларга айтса ҳам¸ айтмаса ҳам экаяпти буни. Эсингизда бўлса¸ вагонларда Россиядан келтириларди картошка. Бизнинг Андижон атрофларида жуда кам одам картошка экардида. 100 одамдан битта одам экарди. Ҳозир энди у ëқлардан келмай қўйганлиги учун одамларга айтмаса ҳам экаяпти. Сабзавотлар ичида энг кўп ишлатиладиган маҳсулотлардан биттасию бу. Шунинг учун ҳамма картошка эккан. Экмаган одам бир сўтих экади барибир. Топшириқ қилса ҳам экади¸ қилмаса ҳам экади. Чунки бунга муҳтожмиз. Картошка ҳозирги пайтда кўпроқ Қирғизистондан келади. Бу йил давлатлар ўртасидаги қандайдир алоқалар туфайли Қирғизистондан бу йил картошка келмади ҳисоб, дейди маслаҳатлик фуқаро.

Олтинкўллик Садрохун Сўпиев эса 6 сўтих ерига турли хил сабзавот экинлари экканлиги, боиси унинг оиласида картошкага эхтиёж камлигини айтади.

Садрохун Сўпиев: Хоҳламагандан кейин уни мажбур қилиб эктира олмайдию. Нима учун картошка емайдиган одам картошка экади? Давлат кўрсатмаси билан мажбурлаб бўлмайди. Мана уйда картошкани икки киши еймиз. Уч киши емайди.

Озодлик: Уйда картошка емайдиганлар ҳам борми?

Садрохун Сўпиев: Албатта¸ борда.

Озодлик: Сиз 6 сўтихнинг қанчасига картошка экдингиз?

Садрохун Сўпиев: Аниқ билмайману¸ 10 кило картошка экдим.

Озодлик: Бундан неча қоп картошка чиқади кузда?

- Мен гўнгни кўп соламан. Бемалол икки-уч қоп чиқади. Яна томорқага макка экдим¸ помидор¸ булғор қалампири экдим, дейди Садрохун Сўпиев.

Нима учун шахсий томорқаларга асосан картошка экилаётгани сабабларини ўрганиш мақсадида Олтинкўл туман хокимлигига мурожаат қилдик. Хокимлик ходимлари шахсий томорқалар масалалари Маҳалла хайрия жамғармаси зиммасига юклатилгани ва саволларимизга айни ташкилотдан батафсил маълумот олишимиз мумкинлигини билдиришди.

Олтинкўл туман Маҳалла хайрия жамғармаси раҳбари Замира Йўлдошева картошкалар билан боғлиқ айни ҳолатга ойдинлик киритди.

Замира Йўлдошева: 1331 гектар режадаги еримиз бор¸ томорқаларимиз.

Озодлик: Булар ҳаммаси шахсий томорқалар.

Замира Йўлдошева: Ҳа.

Озодлик: Бу нечта оилага берилган?

Замира Йўлдошева: 28 121 тага. Ҳозирги кунда биз 939 гектарга экиб бўлдик.

Озодлик: Одамлар экиб бўлишди¸ демоқчисиз?.

Замира Йўлдошева: Ҳа. Одамларнинг томорқаларига экилдида. Нималар экилди? Картошка асосан. Картошкамиз 48 093 хонадон томорқасида 203 гектар ерга экилди. Карам 3576 хонадонга¸ 119 гектарга экилди.

Озодлик: Асосан картошка дедингиз. Нима учун асосан картошка?

Замира Йўлдошева: Картошкага эътиборни сал кучайтираяпмиз. Бизнинг кўп қишлоқларимиз картошкага мослаштирилганда. Картошка экишга ихтисослашган. Битта Қўштепа қишлоқ фуқаролар йиғинимизда Оқ тумор маҳалласи картошкага ихтисослашган. Ана шунақа маҳаллаларимиз кўпроқ.

Озодлик: Одамларда картошкага талаб кучлими?

Замира Йўлдошева: Эҳтиëж ҳам бор¸ талаб ҳам бор. Биз талабга жавобни 100 фоиздан ортиқроқ бажарамиз. Картошкани четга ҳам чиқарамиз.

Озодлик: Четга ҳам шахсий томорқалардан чиқадими?

- Ҳозир айтганларимнинг ҳаммаси шахсий томорқалардан. Шахсий томорқаларимиздан умуман бир қарич ер ҳам бўш қолгани йўқ. Ҳозир ҳаммасига режалаштирганмиз. 1331 гектардан 939 гектарига экилган бўлса¸ анча фоизини экиб қўйдик. Чунки бизда ҳозир бўш қолган жой бўлмаяпти, дейди Олтинкўл туман Маҳалла хайрия жамғармаси раҳбари Замира Йўлдошева.

Олтинкўлликларнинг айтишича, жорий йилнинг январ- феврал ойларида маҳалла фаоллари уйма-уй юриб ҳар бир аҳолининг хўжалигидаги уй ҳайвонлари ва мевали дарахтларини ҳисобга олишган. Шунингдек, томорқага нима экиш лозимлиги борасида кўрсатмалар беришганди.

Аввал хабар қилганимиздек, Андижон вилоятининг Олтинкўл туман ҳокимлиги томонидан ҳар бир оилага кунлик оқатланиш рациони бўйича ёзма равишда кўрсатмалар тарқатилган, ҳамда олтинкўллик ҳар бир фуқарога бир ойда 3 килодан зиёд гўшт ейишни тавсия қилинган эди.
XS
SM
MD
LG