Линклар

Ўзбекистонда "откат"сиз бизнес қилиш мумкинми?

  • Фаррух Юсуфий

“DAIMLER AG” у ëки бу мамлакат бозорига кириш мақсадида ҳукуматларга катта миқдорда откат берганликда айбланмоқда.

“DAIMLER AG” у ëки бу мамлакат бозорига кириш мақсадида ҳукуматларга катта миқдорда откат берганликда айбланмоқда.

Айни кунларда АҚШ Адлия вазирлиги Мерседес машиналари ишлаб чиқарувчи “DAIMLER AG” ширкатининг хориж ҳукуматларига откат бергани юзасидан текширув олиб бормоқда. Откат берилган давлатлар рўйхатида Ўзбекистон ҳукумати ҳам бор.

“Одатга айланган, очиғини айтсам, Ўзбекистонда бундай амалиёт одатга айланган. Лекин нархлар унчалик даражада чақадиган эмас, чидаса бўлади”

Ўзбекистонда 2001-2006 йилларда фаолият юритган “Кабул-Фергана” қўшма корхонасига миллионлаб АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизиб, пулидан мосуво қилинган “Кабул-Текстайлз” ширкатининг собиқ бошқарувчиси Донг Канг Ўзбекистонда чуқур илдиз отган порахўрликнинг “откат”, деб аталувчи кўриниши ҳақида гапирмоқда.

Танганинг орқасида “откат” мавзусини кўтаришимизга эса, айни кунларда АҚШ Адлия вазирлигининг “DAIMLER AG” ширкатини 1998 –2008 йиллар оралиғида 22 мамлакат, жумладан, Ўзбекистон, Россия, Хитой каби давлатлар ҳукуматларига ўзи ишлаб чиқарадиган Мерседес русумидаги қимматбаҳо машиналарни сотишга оид шартномаларга эришиш учун маҳаллий расмийларга “откат” берганликда айблаётгани сабаб бўлди.

“DAIMLER AG” ширкати Мереседес маркасидаги машиналар¸ хусусан, ҳукумат раҳбарларини ташийдиган зирҳли лимузинларни ишлаб чиқаради. Президентлар ёки бошқа амалдорларни ташийдиган бундай машиналарнинг нархи 400 мингдан икки миллион еврогача боради.

АҚШ Адлия вазирлиги Озодлик радиосига тақдим қилган ҳужжатларда “DAIMLER AG” ширкати, масалан Россия амалдорларининг Мерседес машиналарини сотиб олишлари учун уларга 2¸5 миллион АҚШ доллари миқдорида “откат” бергани айтилади.

Бу ҳужжатларда “DAIMLER AG” ширкати Ўзбекистон ҳукуматига шу пайтгача неча пуллик машиналарни сотгани ва қанча пора бергани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Лекин “DAIMLER AG” ширкатининг, жумладан, Ўзбекистон мулозимларига ҳам “откат” бергани таъкидланган.

“DAIMLER AG” ширкати Озодлик радиосининг бу айбловлар, хусусан Ўзбекистон ҳукумати билан ноқонуний олди-бердига оид саволларини жавобсиз қолдирди.

Ўзбекистон расмий идораларидан ҳам мавзу хусусида изоҳ олишнинг иложи бўлмади.

Узоқ вақт Ўзбекистон банкларидан бирида ишлаган ва ҳозирда тадбиркорлик қиладиган Умиджон, “откат” атамаси нимани англатиши ва Ўзбекистон шароитида уни бериш ва олиш усулларини тушунтириб беради. Умиджон Ўзбекистонда “откат”га қўл урадиган конкрет фирмалар номини келтирди, лекин айбсизлик презумпцияси приципига таянган ҳолда бу фирмалар номларини ошкор этмасликка қарор қилдик.

Умиджон: “Откат” деган тушунчани олдин айтадиган бўлсам¸ “откат” деган тушунча расмий ҳолда қонун чегараларини бузмаган ҳолда пора бериш усули. Олдин очиқчасига мана бу пул сизга деб берилган бўлса¸ ҳозир “откат” деган нарса чиққан. Бу давлат идораларининг ўртасида жуда кўп қўлланилади. Давлат ва тижорат билан шуғулланадиган корхоналар ўртасида қўланиладиган нарса. Откатнинг шахсан ўзим гувоҳ бўлган баъзи бир ҳоллари бор. Сок ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси бор. Ўша корхонада ишлайдиган танишим айтганки¸ тез-тез ҳолларда шунақа ташкилотлардан пул кўчириладики¸ у ташкилотларга умуман сокнинг кераги йўқ. Масалан ўша кўчирадиган ташкилотлардан бири ................. бўлган. У бир кунда 50-100 миллион пулни сок олаяпмиз¸ деб ўтказади. Бу заводга бунча сокнинг кераги йўқ. Улар 50 миллион ўтказади¸ кейин 40 миллионини нақд қилиб беради.

Озодлик: Хўш¸ сок олиш учун ўтказилган 50 миллион сўм қандай қилиб “откат” сифатида қайтарилади? Бу пуллар қаердадир қайд этилиши лозимку?

- Масалан¸ 50 миллион пул ўтди. Ўтгандан кейин ............... қўшма корхонаси¸ накладной дейди¸ товарларни олиб бориб бериш учун рўйхат қилади¸ накладной қилади¸ шунча сок мана шу ташкилотга чиқди¸ дейди. Лекин улар ўша чиққан сокни ўша заводга сотмайди. Ўрикзорга сотади. У ерда ҳеч ким пул кўчириш йўли билан сотиб олмайди сокни. Улар ҳаммаси нақд пул билан олади. Булар сотганда нақд пулга сотади. 50 миллионлик сок ўша заводга эмас¸ Ўрикзорга чиқади¸ бозорларга чиқади. Пул йиғилгандан кейин ўша 50 миллион эмас¸ 40 миллион қилиб беради¸ дейди Умиджон.

Бундан ташқари, деб давом этади собиқ банк ходими, “откат” олди-бердисининг бошқача усуллари ҳам бор.

Умиджон: Просто бу откат. Худди шунга ўхшаган ташкилотлар бор. Айтайлик Ўзбекистондан бир қурилиш фирмасини олайлик. Хорижий ташкилот битта қурилиш фирмасини очди. Ўзбекистонда қурилишларни назорат қиладиган давлат идоралари бор. Битта мисол йўлни айтамиз. Йўл қурилиши бўйича Ўзбекистонда ................ деган ташкилот бор. Хорижий асфалт ишлаб чиқарадиган¸ йўлнинг нарсаларини ишлаб чиқарадиган корхоналар билан шартнома қилади. Уларга “Мана сенинг маҳсулотинг 100 сўм туради. Бизлар сенинг маҳсулотингга 120 сўмдан қилиб кўчириб берамиз. Сен бизларга анави 20 сўмни қайтариб олиб келиб берасан” дейди. Откат деган нарса ўзи шунақа бўлади. Ҳаммаси қонуний бўлади. Шартномада “Асфалт 120 сўм туради. Мана шунақа давлат корхоналари фалон миллион тонна асфалт олаяпти” деб кўрсатилади. Аслида бу асфалт 90-100 сўм туради. Ўртадаги разницасини шартнома имзолашда ким қатнашган бўлса¸ ўша олади. Совға-салом дейди¸ байрам дейди ëки бўлмаса қанақадир ташкилотлар давлатнинг қайсидир байрамларини ўтказиб беради. Ташкилотларнинг бўйнига юклатилади ва улар ўтказиб беради. Бу нарсалар ҳам пора сифатида қилинади. Порани нақд қилиб олмайдида¸ давлатнинг чўнтагидан чиқариши керак бўлган пулни хорижий корхоналарда чиқаради. Масалан¸ давлат ўзининг хавфсизлигини ëки амалдорларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун машина сотиб олиши екрак. Давлат программасида бор шу нарса. Давлат ўша нарсага ўзининг чўнтагидан пул чиқармайдида¸ худди ўша харажатларни бошқа ташкилотларга юклайди. Бу ҳам бир порада.

Озодлик: Давлат томонидан ажратилган пул чўнтакка урилади.

- Ҳа. Ўзи қилиши керак бўлган харажатни бошқалар қилади¸ дейди собиқ банк ходими, ҳозирда тадбиркор Умиджон.

“Откат”, деган сўз рус тилидан олинган бўлиб, уни ўзбекчага “музд” ёки “миннатдорчилик тортиғи”, деб ҳам таржима қилиш мумкин. Лекин тортиқдан фарқли ўлароқ, “откат” миқдори уни талаб қилувчи ва берувчи ўртасида келишилади.

Хўш, “тортиқ” миқдори қандай келишилади? Айниқса, хорижий ширкат вакилларидан маҳаллий амалдорлар қандай қилиб “откат” беришларини “илтимос” қилади? “Кабул-Текстайлз” ширкатининг собиқ бошқарувчиси Донг Канг бу саволга ўз тажрибасидан келиб чиқиб жавоб берди.

- Улар, яъни “откат” олувчилар, маҳаллий ходимлар ёки ўртада турган воситачилар орқали муайян имо-ишораларни қилади. Албатта, улар олдимизга тўғридан-тўғри келиб бунча берасиз, дегани истиҳола қилади. Шунинг учун маҳаллий ходимларимиз ёки воситачилар орқали қанча исташларини бизга билдиради. Кўп ҳолларда улар сўраган музд миқдори жуда катта бўлади ва бу нарса бизнинг маданиятга унчалик тўғри келмаса-да, савдолашишга тўғри келади. Масалан, хориж ширкати вакили бу таклифни қабул қила олмаймиз, лекин фалонча бера олишимиз мумкин, қабилида жавоб бериши мумкин. Шунда ўртада савдолашув бўлади ва улар талаб қилган “откат”ни маълум миқдорга камайтириш имкони бор, дейди “Кабул-Текстайлз” ширкатининг собиқ бошқарувчиси Донг Канг.

Ўзбекистон ҳокимиятига яқин доираларнинг катта миқдордаги “откат” олганлигига оид жиддий айбловларни Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крэг Мюррей илгари сурган эди. Хусусан, 2004 йилда Россиянинг Газпром ширкати Ўзбекистон билан газ олди-сотдисига оид 2 миллиард АҚШ долларига тенг шартномани қўлга киритиш учун таниқли олигарх Алишер Усмонов воситачилигида президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага 88 миллион АҚШ долларини “тортиқ” қилганини ёзган эди Мюррей Британия матбуотида.

Лекин кореялик тадбиркор Донг Канг жанобларига кўра, Ўзбекистон амалдорлари орасида “камсуқум”лари ҳам бўлади.

- Биласизми, баъзи ўзбек ҳамкорларимизнинг “миннатдорчилик” ўлароқ пора талаб қилишини тушунса бўлади, чунки баъзан талаб қилинаётган пора миқдори унчалик арзимаган пул бўлади. Ана шундай ҳолларда, яъни пора миқдори унчалик катта бўлмаган ҳолларда биз ҳам ортиқча гап-сўз қилмасдан уларга ўз “миннатдорчилигимизни” билдириб қўйишимиз мумкин, дейди “Кабул-Текстайлз” ширкатининг собиқ бошқарувчиси.

Лекин бир мамлакатга сармояларни олиб кираётган ширкат пулларининг маълум миқдорини “откат”ларга сарфлаш бир тарафдан қонунга хилоф, бошқа томондан “DAIMLER AG” ширкати мисолида кўрилганидек бу нарса фош бўлиши мумкин.

Донг Канг ҳаммаси “откат” миқдорига боғлиқ, масалан кичик пораларни молиявий ҳисоботларда ёпишнинг иложи бор, “DAIMLER AG” ширкати эса бироз эҳтиёкорсизлик қилган кўринади, дейди.

- Биласизми, бу камомадни ёпиш учун турли баҳоналарни келтириш мумкин. Ҳар қандай ширкат музд учун ишлатилган пулларни ҳисоботларда яшириш имконига эга. Бундай харжларни транспорт харажати, меҳнат ҳаққи каби бюджет моддаларига йўйиб ташлаш мумкин. Яъни меҳнат учун тўланган ҳақ аслидан юқорироқ кўрсатилиб, ўртадаги фарқ билан “кутилмаган” харажатларни қоплаб юбориш мумкин, дейди “Кабул-Текстайлз” ширкатининг собиқ бошқарувчиси Донг Канг.

АҚШ Адлия вазирлиги тақдим этган ҳужжатларда ҳам “DAIMLER AG” ширкати Ўзбекистон, Россия, Туркманистон, Хитой, Ироқ, Миср ва яна кўплаб давлатларнинг амалдорларига “миннатдорчилик тортиғи” мақасдида ишлатган пулларни ўз молиявий ҳисоботларида “махсус чегирма”, “фойдали харжлар” ёки “зарурий харжлар”, деб расмийлаштирган.

Айтиб ўтганимиздек, АҚШ ҳукумати “DAIMLER AG” ширкатини ҳукумат идоралари билан шартномаларни қўлга киритиш учун “откат” тўлаган. Ҳукумат раҳбарлари учун махсус ясаладиган зирҳли Мерседес лимузинларининг нархлари 400 мингдан 2 миллион еврогача баҳоланади.

Тошкентнинг шоҳ кўчасида кунда икки марта Ўзбекистон президентини учириб олиб ўтиб кетадиган Мерседес лимузини ҳам энг арзонларидан бири бўлмаса керак.

Президентдан ташқари Мерседес машиналарини хуш кўрадиганлар сирасига президентнинг шахсий қўриқчилари, Бош вазир ва аксар вазирлар ҳамда бошқа кўплаб расмий идора раҳбарлари киради.

АҚШ Адлия вазирлиги Ўзбекистонни “DAIMLER AG” ширкатининг коррупцион фаолиятига оид рўйхатга қўшган бўлса-да, бу мамлакат расмийларидан кимга ва қанча “откат” берганини аниқ келтирмаган.

Собиқ банк ходими Умиджон, миллионлаб АҚШ долларига нархланадиган машиналарини сотиш учун “DAIMLER AG” кимга ва қанча музд берганини тахмин қилиш мумкин холос¸ дейди.

- Бу нарсани фақат тахмин билан айтиш мумкин. Энг камида вазирликдан пастига кетмаган. Энг пастида Иқтисодиëт вазирлиги ëки бўлмаса Божхона қўмитаси раиси ëки Бош вазир. Шуларгача келади. Ундан бу ëғига бу нарсани ҳал қила олмайди. Чунки бирор бир машина ишлаб чиқарадиган корхонанинг Ўзбекистон бозорига кириши жуда ҳам қийин. Бу нарсани тепада бўлган амалдорлар назорат қилади. Энг камида вазирларга борган бўлиши мумкин¸ дейди собиқ банк ходими Умиджон.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG