Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:26

Кремл расмийлари Тошкент позициясини қўлламоқда


Россия бош вазири ўринбосари Сергей Иванов минтақада ГЭСлар барпо этиш юзасидан қўшни мамлакатлар билан ҳисоблашмаслик мумкин эмаслигини қайд этди.
Россия бош вазири ўринбосари Сергей Иванов минтақада ГЭСлар барпо этиш юзасидан қўшни мамлакатлар билан ҳисоблашмаслик мумкин эмаслигини қайд этди.

Тошкентда президент Каримов билан учрашган Россия бош вазири муовини Сергей Иванов Марказий Осиёдаги дарёларнинг юқори қисмида жойлашган давлатлар гидроиншоотлар барпо қилишда ўз қўшнилари билан келишишлари шартлигини билдирди.

- Марказий Осиёда йирик гидротехник иншоотларни қуриш барча чегарадош давлатлар билан тўла келишилган ҳолда амалга оширилиши керак, деди жумладан Сергей Иванов.

Бу ҳақда хабар қилган ахборот агентликларига кўра, Иванов бу масала юзасидан позициясини журналистларнинг Роғун ГЭСи қурилишига Россия муносабати қандайлиги тўғрисидаги саволга жавобан билдирган.

Эслатиб ўтамиз, ўзбек расмийлари Тожикистон ва Қирғизистонда барпо қилинаётган йирик ГЭСлар минтақа экологияси учун катта таҳдид туғдиришини таъкидлаб, бу гидроиншоотларнинг нақадар хавфли-хавфсизлигини аниқлаш юзасидан халқаро экспертиза ўтказилишини талаб қилиб келмоқда.

Тожик ва қирғиз расмийлари ўз мамлакатларида барпо қилинаётган ГЭСлар бўйича халқаро экспертиза ўзказишга тайёрлигини билдирган бўлсалар-да, Қамбарота ва Роғун ГЭСлари юзасидан ҳали-ҳануз бундай мустақил текширув ўтказилгани йўқ.

Аснода қўшни давлатларда қурилаётган ГЭСлар юзасидан расмий Тошкент позициясини қўллашини айтган Россия вице-бош вазири Сергей Ивановни 31 март куни Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов қабул қилди.

Учрашув бошида Ўзбекистон раҳбари Москвада амалга оширилган террористик ҳуружлар муносабати билан Россия раҳбарияти ва халқига ҳамдардлик изҳор қилди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашув давомида Ислом Каримовнинг Россияга ташрифи билан боғлиқ ҳамда ҳар икки томонни қизиқтирган қатор масалалар муҳокама қилинган.

Ўзбекистон президенти 19 – 20 апрель кунлари расмий ташриф билан Москвага сафар қилади.
XS
SM
MD
LG