Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:26

Йўл юрмоқчимисиз – пулини тўланг


Бундан буён Душанбе-Бўстон-Чаноқ йўналиши бўйлаб юрмоқчи бўлган автомашина эгалари мана шундай масканларда пул тўлашлари лозим бўлади.
Бундан буён Душанбе-Бўстон-Чаноқ йўналиши бўйлаб юрмоқчи бўлган автомашина эгалари мана шундай масканларда пул тўлашлари лозим бўлади.

Тожикистонда илк бор автомобил йўлидан пулли фойдаланиш жорий қилинди. 1 апрелдан эътиборан Тожикистоннинг Душанбе-Чаноқ йўналиши бўйлаб юрмоқчи бўлган автомашина ҳайдовчилари ҳар километр учун пул тўлаши зарур.

Бундай тартиб собиқ шўро давлатлари орасидан илк бор Тожикистонда йўлга қўйилгани айтилмоқда.

Йўлнинг узунлиги тахминан 410 километр бўлиб, у Душанбе шаҳридан бошланади ва Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегара ҳудудида жойлашган Чаноқ минтақасида, яъни Сўғд вилоятининг Мастчоҳ туманида тугайди.

Душанбе-Бўстон-Чаноқ автомобил йўналишининг пуллик асосга ўтиши ўтган йили мамлакат парламенти томонидан тасдиқланиб, бу борада янги қонун ҳам қабул қилинган эди.

Мазкур ҳужжатда Душанбе-Чаноқ йўналиши бўйича йўлга чиқадиган автомобиллар тоифаларга тақсимланиб, уларнинг ҳар бири учун алоҳида нархнома белгиланган.

Масалан, енгил автомобиллар ва 2 тоннагача юк ортилган юк машиналари ҳамда 19 нафаргача йўловчиси бўлган автомобиллар ҳар бир километр учун 30 дирамдан тўлаб манзилга етишади.

2 тоннадан 7 тоннагача юк ортиши мумкин бўлган юк машиналари ва 20 ёки 40 йўловчиси бўлган автобуслар эса ҳар бир километр учун 60 дарамдан тўлаши қайд этилган.

14 тоннагача юк ортган машина эгалари ва 40 дан ортиқ ўриндиғи бўлган автобуслар эгалари эса ҳар бир километр учун 1 сомоний 50 дирам тўлашга мажбур.

Тожикистонда бугунги кунда 1 АҚШ доллари 4 сомоний 38 дирамга тенг.

Тожикистон ҳукумат расмийлари бу йўлни пулли асосга ўтказишдан мақсад энг аввало бу мамлакат автомобил йўллари сифатини яхшилаш, иккинчидан эса Хитой давлатининг мазкур автомобил йўл реконструкцияси учун сарфлаган маблағини қайтариш эканини билмоқдалар.

Тожикистон Транспорт ва коммуникация вазири Олим Бобоев пулли йўл хизмати дунёнинг барча ривожланган давлатларида жорий қилинганини қайд этар экан, ўтиш даврини бошдан кечираётган Тожикистон учун ҳам бу қадам ўта муҳим эканини таъкидлади.

- Йўлдан пулли фойдаланишга ўтиш катта миқдордаги маблағ сарфланган, халқаро меъёрлар ва стандартлар талабларига жавоб бера оладиган йўлнинг сифатини назорат қилиш ва сақлашга қаратилгандир, дея билдирди тожик расмийси.

Расмий маълумотларга кўра, Хитой ҳукумати Душанбе-Бўстон-Чаноқ автомобил йўлини тахминан 300 миллион АҚШ доллари эвазига реконструкция қилган .

Хитой олдидаги бу миқдор қарзини Тожикистон ҳукумати келгуси 20 йил ичида узиши лозим.

Пулли асосга ўтказилган Душанбе-Чаноқ автомобил йўли келгуси 30 йил давомида Британиянинг Innovative Road Solutions ширкати томонидан назорат қилиб турилиши айтилмоқда.

Қайд этиш лозимки, Душанбе-Чаноқ автомобил йўлини назорат қилиш бўйича тожик жамиятида ҳеч қандай тендер эълон қилинмади, аксинча бу вазифа тўппадан-тўғри Британиянинг мана шу ширкатига топширилди.

Аснода оддий тожикистонликлар марказни мамлакат шимоли билан боғловчи асосий йўлдан бундан сўнг текин ўтаолмасликларидан қайғураётганлари кузатилади.

Душанбе ва атроф туманлар бозорларига олиб кирилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, мева ва полиз экинларининг аксарият қисми Сўғд вилоятининг Панжакент, Айни, Мастчоҳ каби туманларидан айнан шу йўналиш бўйича юк машиналарида олиб келинади.

Мустақил кузатувчилар бу йўл пулли бўлганидан сўнг бозорларда маҳсулот нархлари ошиб кетиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмайди.
Уларга кўра, битта юк машинаси мамлакат шимолидан марказга юк олиб кириш учун “йўл эгалари”га тахминан 560 сомоний ёки тахминан 130 АҚШ доллари атрофида маблағ тўлаши керак бўлади.

- Агар шундай бўлса, биз ҳам олиб кираётган маҳсулотларимиз нархини 40 ҳатто 50 фоизга оширишга мажбурмиз. Чунки йўл ҳақидан ташқари биз лицензия пулини тўлаймиз. Унинг устига, ГАИ ходимлари олади, дегандек. Харажатларимизни қопламайди. Ҳозир ҳеч ким текинга ишламайди. Бола-чақа, оила боқиш керак ахир, дея зорланади Сўғд туманларидан марказга маҳсулот ташийдиган юк машиналаридан бирининг ҳайдовчиси.

Душанбедан Хўжандга йўловчи ташийдиган такси ҳайдовчилари ҳам йўлнинг пулли асосга ўтишидан норози эканларини ва келгусида ҳукумат бу қарори ортидан норозиликлар янада кучайиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.

Пулли йўл хизматининг бу мамлакатда жорий қилиниши аксарият тожикистонликлар учун кутилмаган воқеа бўлди.
XS
SM
MD
LG