Линклар

logo-print

1 апрел куни тушдан сўнг Қирғизистон Молия полицияси сунъий йўлдош орқали узатилувчи К+ телеканалининг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори ҳисобланмиш Стан ТВ ширкати техник воситаларини муҳрлади.

1 апрел куни тушдан сўнг Бишкекдаги Стан ТВ ширкатининг икки қаватли иморати журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, парламент депутатлари ва сиёсатчиларни сиғдира олмай қолди. Бино ичига сиғмаганларнинг кўпчилиги кўчада турдилар.

Бино ичкарисида эса ҳуқуқ фаоллари, депутатлар ва сиёсатчилар телеширкат техник воситаларини муҳрлаётган Қирғизистон Молия полицияси ходимларига қаршилик кўрсатдилар.

Қирғизистон Молия полицияси расмийси Алмаз Мумжуровнинг айтишича, Стан ТВда лицензияланмаган дастурлар ишлатилаётгани тўғрисида оператив маълумот олинган, ана шу маълумотни текшириш ва ширкат муаллифлик ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунни қай даражада бузганлигини ўрганиш мақсадида Стан ТВнинг техник жиҳозлари муҳрланган.

Алмаз Мумжуров Қирғизистон Халқаро савдо ташкилоти аъзоси экани, шу сабабли мамлакат лицензияланмаган маҳсулотларга қарши кураш масъулиятига эгалигини таъқидлади.

Бироқ Молия полицияси расмийсининг гаплари йиғилганларни қаноатлантирмади. Қирғизистон парламенти депутати Рўза Ўтунбаева, сиёсатчи Бўлўт Шерниёзов ва мухолифат лидери Ўмурбек Текебаевлар давлат тасарруфидаги Қирғизистон миллий телеканали, қирғиз радиоси, қолаверса, президент маъмуриятида ҳам лицензияланмаган компютер дастурлари ишлатилаётганини, бироқ улар молия полицияси назаридан четда қолаётганини қайд этдилар.

- Сиз бу ерга сиёсий буюртмани бажариш учун келгансиз. Шуни тушунаяпсизми, деди парламент депутати Рўза Ўтунбаева.

Бироқ Қирғизистон Молия полицияси расмийси Алмаз Мумжуров бу иддаони рад этди. Унинг айтишича, Стан ТВ фаолияти тўхтатилмаяпти, фақат техник жихозларни ишлатиш вақтинчалик таъқиқланаяпти. Йиғилганларнинг “Техник жиҳозларсиз телекомпания ўз ишини қандай давом эттиради?” деган саволига Алмаз Мумжуров жавоб бермади.

Стан ТВ ширкати бош директори Иля Сивохиннинг айтишича, мухрланган техник жиҳозларда лицензиясиз дастурлар ишлатилгани исботланмаган.

- Улар, яъни молия полицияси қонунбузарлик бор, деб ҳисобламоқда. Бу борада акт тузилгани йўқ, айнан қандай қонунбузарликлар борлиги ҳақида менга биронта ҳужжат кўрсатилгани йўқ, деди Иля Сивохин.

Парламент депутатлари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва сиёсатчилар қаршилигига қарамай, молия полицияси ходимлари техник жиҳозларни муҳрладилар.

Шундан сўнг бир қатор журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари БМТнинг Бишкекдаги ваколатхонаси олдида пикет ўтказдилар.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Қирғизистон молия полицияси Стан ТВ раҳбариятини солиқларни яширганликда ҳам айбламоқда.

Стан ТВ ширкати сунъий йўлдош орқали узатилувчи К+ телеканалининг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори ҳисобланади.

Аввалроқ К+ телеканали ўзбек мухолифатчиси Муҳаммад Солиҳ ҳақида филм намойиш этаётганда тўсиб қўйилган эди.
XS
SM
MD
LG