Линклар

logo-print

Медведев кескин чоралар тарафдори


Россия президенти Дмитрий Медведев терроризмга қарши кескин чоралар билан курашиш лозимлигини таъкидлади.

Россия раҳбарининг ушбу баёноти бугун Махачқалада бўлиб ўтган фавқулодда мажлис чоғида янгради.

Олдиндан эълон қилинмаган сафар билан Доғистонга борган Медведев Махачқалада Шимолий Кавказ республикалари Доғистон, Ингушетия ва Чеченистон раҳбарлари билан учрашиб бир қатор масалаларни муҳокама қилди. Учрашувда, шунингдек Россия президентининг минтақадаги махсус вакили Александр Хлопонин, Ички ишлар вазири Рашид Нургалиев ва Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников ҳам қатнашдилар.

Россия раҳбари терроризмни таг-туби билан йўқ қилиш учун минтақадаги ички ишлар идораларини мустаҳкамлаш ва таълим тизимини такомиллаштириш лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Медведев сафаридан бир кун аввал Доғистоннинг Кизляр шаҳрида иккита портлаш содир этилди.

Бу қўпорувчилик амалиёти оқибатида 12 киши нобуд бўлди, душанба куни Москва метро станцияларида содир этилган портлашларда эса салкам 40 киши нобуд бўлди.

Чечен исёнчилари етакчиси Доку Умаров Москвадаги портлашлар учун масъулиятни ўз зиммасига олиб, келажакда ҳам бу каби ҳужумлар уюштириш билан таҳдид қилди.
XS
SM
MD
LG