Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:00

Россия Ўзбекистонда узоқ муддатли "ҳамкор" изламоқда


Сергей Иванов жорий Москва ҳукуматининг Марказий Осиë раҳбарлари билан махсус алоқачисидир.
Сергей Иванов жорий Москва ҳукуматининг Марказий Осиë раҳбарлари билан махсус алоқачисидир.

Айрим манбалар Оқсарой атрофида ворислик учун гизли кураш қизиб бораëтганини айтаëтган бир кезда Тошкентга келган Кремл мулозими Сергей Иванов¸ Москва стратегик соҳаларда узоқ муддатли келишувлар имзолаш истагида эканини билдирди.

30 март куни Россия Bош вазири ўринбосари Сергей Иванов Тошкентга келди. 31 март куни уни Ўзбекистон резиденти Ислом Каримов қабул қилди. Бу учрашувда одатдагидек, “икки халқ ўртасидаги узоқ тарихга эга анъанавий дўстлик ва ҳамкорлик алоқалри юқори қадрланиши” ҳақида гап борди. Иванов ташрифининг асосий тадбири эса Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссияснинг 12-мажлисининг ўтказилиши бўлди.

Россия Бош вазири ўринбосари Сергей Иванов ҳамраислик қиладиган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссиясининг 12-мажлисида мазкур комиссиянинг бошқа ҳамраиси Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашди.

Бу мажлисда икки томоннинг иқтисодий алоқалар, энерегетика, нефт-газ, мудофаа, савдо, саноат ва бошқа кўплаб соҳаларга алоқадор расмийлари иштирок этди.

Иванов айтган муҳим ва кутилмаган баёнотлар икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг негизи бўлган энергетика, аниқроғи газ олди-сотдиси соҳаси борасида бўлди.

Россия мулозими Ўзбекистон билан Россия газ савдосига оид “ҳозирда имзоланадиган бир йиллик шартномалар амалиётидан воз кечиб, узоқ муддатли контрактларга ўтиши” лозим, дея баён қилди.

Ивановнинг “узоқ муддатли шартномаларга” оид фикри ўзбекистонлик ҳамкорлар томонидан катта иштиёқ билан қабул қилинмади ва хабарларга кўра, мажлис якунлари бўйича қабул қилинган ҳужжатларда бу масала умуман қайд қилингани йўқ.

“Ўзбекнефтегаз” ширкати Иванов ташаббусини изоҳламаган бўлса, “Газпром” ширкатининг матбуот хизмати раҳбари Сергей Куприянов Озодлик билан суҳбатда:

- Узоқ муддатли шартномалар бўйича ишлаш "Газпром" ва бошқа кўплаб газ ишлаб чиқарувчи ширкатлар учун одатий амалиётдир ва биз бу амалиётни барча ҳамкорларимиз билан қўллаш ниятидамиз, деди ширкат расмийси.

Ўзбекистон томони бу ғояга мойиллик кўрсатмаётганига нима, дейсиз, деган саволимизни жаноб Куприянов жавобсиз қолдирди.

Ҳозирда Ўзбекистон ўз газини ҳар йили янгиланиб турадиган шартнома асосида Россиянинг “Газпром” ширкатига сотади. Бунда “Ўзбекнефтегаз” 2009 йилдан бошлаб газни Европа нархларига яқинлаштирилган баҳода сота бошлади ва таҳлилчиларга кўра, бир йиллик контрактлар Ўзбекистон учун савдолашиш имконларини қолдиради.

Профессор Филлип Ҳэнсон Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг Россия ва Евроосиё масалалари бўйича таҳлилчиси.

- Менимча, биринчидан, халқаро миқёсдаги газ бозорида жиддий ўзгаришлар рўй бераётгаинни қайд этиш лозим. Ва Россия Марказий Осиё давлатлари билан, хусусан энергетика соҳасидаги муносабатларини қайтадан кўриб чиқишга мажбур. Россия аллақачон бу ўзгаришларга мослашиш йўлларини қидира бошлади, чунки Марказий Осиё давлатларининг Шарқ томон, хусусан, Хитойга сота бошлагани гувоҳи бўляпмиз. Бундан ташқари, минтақа давлатлари ўз гази учун Европа нархларига яқин бўлган баҳо талаб қила бошлади.

Шунинг учун, менимча, Россиянинг Марказий Осиё давлатлари билан бу соҳадаги алоқаларида ҳам жиддий ўзгаришлар рўй бермоқда. Россиянинг ягона транзит давлат ўлароқ аҳамияти ҳам камайиб бормоқда.

Қисқа муддатли шартномалар билан узоқ муддатли шартномалар ўртасидаги фарқ ҳақида гапирадиган бўлсак, бу жуда нозик масала, айниқса, нархлар борасида Европа билан муроса қилишга мажбур бўлган Россия учун нозик масаладир. Албатта¸ аниқ нарх формуласига асосланган узоқ муддатли шартномани қўлга киритиш Россия манфаатидадир. Чунки бундай формулалар газ нархининг жаҳон бозоридаги нархларга қараб ўзгартириш имконини беради. Бундай формула Россия учун яқин ўтмишда яхши қўл келди. Ҳозир эса Европада Россия газига муқобил, жумладан суюлтирилган газни ишлатишни йўлга қўйишни бошламоқдалар. Бундан ташқари, яқинда АҚШда сланец моддасидан газ ишлаб чиқариш кашф қилингани ҳам келажакда Европа учун боша газ манбалари имконини беради. Бу вазиятда Россия ўзининг газ етказиб берувчи давлат мақомини сақлаб қолишнинг йўлларини қидиришга мажбур албатта. Газ ишлаб чиқарувчи давлатлар, жумладан Ўзбекистон билан узоқ муддатли шартномани имзолаш унга бу мавқени сақлаб қолишга ёрдам бериши мумкин. Лекин Ўзбекистон бунга рози бўладими, йўқми бошқа масала, чунки Ўзбекистон учун қисқа муддатли шартномалар амалиётини сақлаб қолиш ҳар йили нархлар устида савдолашиш имконини қолдиради, дейди Chatham House профессори Филлип Ҳэнсон.

Сергей Ивановнинг ҳукуматлараро комиссия 12-мажлисида икки давлат газ олди-сотдисини ҳеч қандай воситачиларсиз тўғридан тўғри амалга ошириши лозимлигини баён қилди.

“Ўзбекнефтегаз” ширкати матбуот вакили Елена Ким Россияга газ сотишда ким воситачилик қилади, деган саволимизга¸ “Биз йил бошида имзоланадиган шартномалар бўйича ишлаймиз. Унинг шартлари эса тижорат сири бўлиб, уни ошкор қилмасликка ҳаққимиз бор”, дея жавоб берди.

“Газпром” расмийси Сергей Куприянов эса, бу ҳақда изоҳ бера олмаслигини таъкидлади.

Лекин Ўзбекистон газ экспортини президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган “Зеромакс” ширкати назорат қилиши айтилади.

Бундан ташқари, “Зеромакс”га яқин манбанинг Озодлик радиосига айтишича, кейинги пайтларда бу назоратни Бош вазир Шавкат Мирзиёев тортиб олишга уринмоқда.

“Зеромакс” бош ижрочи директори Миродил Жалоловнинг ҳибсга олингани ҳақида хабар қилган эдик. Биз билан овози ёзиб олинмаслиги шарти билан гаплашган манбанинг айтишича, Жалолов ҳибсга олинмаган, лекин Мирзиёевнинг топшириғига кўра, унга босим ўтказиш мақсадида куч ишлатар идоараларидан бирига чақиртирилиб бир неча соат давомида сўроқ қилинган.

“Зеромакс”нинг Гулнора Каримовага тегишли экани айтилади, Бош вазир президентнинг қизига қарши бундай фитна қила олишига ишониш қийин, деган эътирозимизга суҳбатдошимиз “Опа ҳозир Мадридда. У ерда вазиятни назорат қила олмаяпти. Бундан ташқари, президент ҳам Мирзиёевга ўзларини олигарх, деб билувчиларнинг танобини тортиб қўйиш ҳақида топшириқ берган”, дея жавоб берди. Лекин, деди суҳбатдошимиз, газ экспорти назорати ҳозирча “Зеромакс”да қолмоқда.

Шунингдек, “Зеромакс”га яқин яқин бўлган бу манбага кўра, ҳозирда Шавкат Мирзиёев билан Гулнора Каримова ўртасидан “қора мушук” ўтган. “Бунга бу икки нуфузли шахснинг президент вориси бўлишга даъво қилаётгани сабаб бўлиши мумкин”, дея қўшимча қилди суҳбатдошимиз.

Хўш, Сергей Ивановнинг Ўзбекистоннинг асосий экспорти маҳсулоти бўлмиш газ олди-сотдисида “воситачилардан” қутилишга оид баёнотлари, Ўзбекистон ичкарисидаги ҳокимият учун кураш билан боғлиқ бўлиши мумкинми?

Chatham House таҳлилчиси Филлип Ҳэнсон гапиради.

- Ҳа, бўлиши мумкин, лекин бу ҳаммаси тахминлар, холос. Россия келгусида бу воситачиларни ким назорат қилиши мавҳум бўлгани боис, улардан воз кечиш ниятини билдираётган бўлиши мумкин. Россия Ўзбекистон ички сиёсатида бўлаётган бу жараёнларга аралашишни истамаслигини тахмин қилиш мумкин ва айни пайтда, чунки келгусида бу воситачилар кимни қўллаб-қувватлаши, кимнинг назоратида бўлиши мавҳумлиги нуқтаи назаридан Россия учун келажакда Ўзбекистондан газ сотиб олиш имконларига путур етказиши мумкин. Шунинг учун, менимча¸ Москва бу ички низоларга аралашишдан тийилади, дейди Лондондаги Xалқаро муносабатлар қироллик институтининг Россия ва Евроосиё масалалари бўйича таҳлилчиси Филлип Ҳэнсон.

Россия Бош вазири ўринбосари Сергей Иванов Тошкентдаги йиғинда Россиянинг "Лукойл" ширкати Ўзбекистондаги газ конларини ўзлаштириш лойиҳаларига 450 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизишини эълон қилди.

Филлип Ҳэнсоннинг фикрича, давлат мулозимининг хусусий ширкат номидан бундай баёнотни қилиши, бу ниятларнинг амалга ошиши истиқболларига шубҳа солади.
XS
SM
MD
LG