Линклар

Норов Покистонда музокара ўтказмоқда

  • Ҳасанжон

Норов Покистоннинг аксар муҳим раҳбарлари билан учрашувлар ўтказмоқда.

Норов Покистоннинг аксар муҳим раҳбарлари билан учрашувлар ўтказмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг Покистон сафари давом этмоқда.1 апрел куни Владимир Норов Покистон президенти Осиф Али Зардорий ва мамлакат армияси генераллари билан учрашиб¸ ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Покистон президенти Осиф Али Зардорий 1 апрел куни мамлакатга расмий ташриф билан келган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норовни қабул қилди.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Абдул Боситнинг Озодликка айтишича, Зардорий ва Норов ўртасидаги мулоқот чоғида икки томонлама алоқалар ва минтақа хавфсизлигига оид масалалар муҳокама қилинган.

- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Афғонистон муаммосини ҳал қилиш учун ўз мамлакати ишлаб чиққан “6+3” номли таклифини ҳам муҳокама қилди. Норов Покистон президентига Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг шу йил июн ойида Тошкентда бўладиган учрашувида қатнашиш ҳақидаги Ўзбекистон ҳукуматининг таклифини топширди. Айни пайтда Норов Покистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига тўлиқ аъзо бўлишини Ўзбекистон қўллаб-қувватлашини яна бир марта қайтарди, деди Покистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Исломободдаги Ўзбекистон элчихонаси вакили Озодликка Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Покистонга сафарининг биринчи кунида Ташқи ишлар вазири Маҳдум Шоҳ Маҳмуд Қурейши билан музокара олиб боргани 31 март куни Покистон армияси Бирлашган штаблари қўмитаси бошлиғи генерал Тариқ Мажид билан учрашганини айтди.

- Ташқи ишлар вазирлигида учрашув бўлди, Бирлашган штабда учрашув бўлди, бундан ташқари Ташқи ишлар вазирлиги Норовнинг шарафига зиёфат берди. Ҳозиргача бўлган воқеалар шу, деди элчихона вакили.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Абдул Боситнинг айтишича, Владимир Норов билан мулоқот чоғида Маҳмуд Қурейши Покистон Ўзбекистон билан алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлашни хоҳлашини айтган.

Икки давлат ўртасидаги сиëсий ниятларнинг яхши эканини урғулаган Қурейши¸ айни пайтда иқтисодий ҳамкорликнинг сиёсий алоқалардан анча ортда қолганини айтди. Хусусан, Қурейши ҳозирда Ўзбекистон-Покистон ўртасидаги савдо ҳажмининг 40 миллион долларни ташкил этиши ва бу икки томонни қониқтирмаслигини урғулади.

Шу боис Абдул Боситга кўра, Исломобод расмийлари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг Покистонга сафари икки давлат алоқалари жадаллик билан ривожланишига катта туртки беришига умид қилмоқда.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийсига кўра, Маҳмуд Қурейши ва Владимир Норов ўртасида бўлиб ўтган сўзлашувда Афғонистондаги вазият ҳам муҳокама қилинган.

- Икки давлат Афғонистонда ярашиш жараёни бораётган бўлса, унга аралашмаслик кераклиги ва Покистон-Ўзбекистон каби қўшни давлатлар бу жараёнга ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида келишиб олдилар, деди Покистон расмийси.

Боситга кўра, Норов билан учрашувда Покистон Ташқи ишлар вазири Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик қарор топиши Покистон-Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий алоқалар ривожига кенг йўл очишини урғулаган.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Норов ва Қурейши ўртасидаги учрашувда пахтачилик ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш масаласи алоҳида эътибор қаратилганини айтди.

- Шунингдек, Покистон Ўзбекистонга дипломатия ва ҳарбий соҳада трейнинг дастурларини ҳам таклиф қилди. Чунки бу соҳада Покистонда жуда яхши ташкилотлар мавжуд. Ташқи ишлар вазирлари учрашувида икки халқ вакиллари ўртасида алоқаларни ривожлантириш кераклиги таъкидланди. Чунки ҳозирда бу алоқалар жуда суст. Уни мустаҳкамлаш учун турли кўргазмалар ташкил этиш ва бошқа таклифлар ишлаб чиқилиши кераклиги айтилди, деди Покистон расмийси.

Абдул Босит Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг Покистонга сафари давомида икки томонлама келишувлар имзоланиши кутилмаётганини айтди.

Қурейши ва Норов ўртасидаги мулоқот чоғида Покистон-Ўзбекистон Иқтисодий қўшма комиссиясининг навбатдаги йиғилишини жорий йил Исломобод шаҳрида ўтказишга келишиб олинди. Бу Комиссиянинг охирги йиғилиши 2009 йил Тошкентда бўлган эди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг Покистонга сафари 2 апрел куни тугайди.
XS
SM
MD
LG