Линклар

Пекин Теҳронга тескари ўгирилиб олиши мумкин


Таҳлилчилар Пекин ва Теҳрон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик кейинги пайтларда анча сусайганини қайд этадилар.

Таҳлилчилар Пекин ва Теҳрон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик кейинги пайтларда анча сусайганини қайд этадилар.

Хитойнинг Эронга қарши санкциялар тарафдорлари сафига қўшилиши эҳтимолдан xоли эмас. Сўнгги пайтларда Хитой расмийлари томонидан амалга оширилаётган ҳаракатлар ана шундай тахминлар учун асос беради.

Эроннинг ядровий дастури бўйича махсус музокарачиси Саид Жалилий 1 апрел куни Хитой пойтахтига сафар қилди.

Саид Жалилийнинг Пекинга ташрифи арафасида ядровий дастуридан воз кечмаётгани учун Эронга қарши БМТнинг янги санкцияларини жорий этиш тарафдори бўлган Ғарб давлатларига Хитой қўшилиши мумкинлиги тўғрисида ишоралар пайдо бўлган эди.

Пекинга етиб бориши биланоқ Эрон вакили Теҳрон-Пекин муносабатларини Эрон муҳим деб билиши тўғрисида гапирди. Сафаридан кўзланган мақсадларга у тўхталмади.

Айни пайтда Ню Йоркдан олинган хабарларга қараганда, Пекин санкциялар жорий этилишига қаршилигини тўхтатмоқчи.

АҚШнинг БМТдаги вакили Сюзан Райснинг CNN каналига айтишича, Хитой БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари ва Германия билан Эронга қарши санкцияларни муҳокама қилиш учун музокараларни бошлашга тайёрлигини билдирган.

Шу муносабат билан АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Хитойнинг сўзлашувларга тайёрлиги санкцияларни тайёрлаш суръатини оширади, деган фикрни билдирди.

Ғарб давлатлари Эроннинг ядровий дастуридан асл мақсад ядровий қурол яратишдир, деган фикрда. Бироқ Теҳрон бу гапларни инкор этиб келмоқда.

Эронга қарши шу кунда ҳам БМТ жорий этган санкциялар мавжуд. Бироқ Россия ва Хитой, айниқса Пекин санкцияларнинг кучайтирилишига қарши чиқиб келаётган эди.

Бироқ, афтидан, Теҳроннинг қайсарлигидан чарчаган Москва санкциялар масаласини муҳокама қилмоқчи. Гап Пекинда қолган эди. Агар Сюзан Райснинг айтганлари рост бўлса, демак, Хитой ҳам кўпчиликка қўшиладиган бўлиб турибди.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Қин Жанг кеча Пекинда ўтказилган брифингда сўзлар экан, Хитой раҳбарияти мазкур масала юзасидан "мутаносиб ечим" излаётганини айтди. Лекин у "мутаносиб ечим" санкциялар эканлигини айтгани йўқ.

- Хитой Эроннинг ядровий дастуридан ўта ташвишда. Биз бу масалада олға силжиш мақсадида барча дипломатик ва мутаносиб ечимларни топиш учун барча манфаатдор томонлар билан мулоқотларни давом эттирмоқдамиз, деди Қин Жинг.

Гонконглик социолог олим, профессор Жозеф Ченг санкцияларга қўшилиш-қўшилмаслик масаласида Хитой дуч келиб турган муаммони қуйидагича тушунтиради:

- Бир томондан, Хитой дунё миқёсидаги йирик, масъулиятни ҳис қиладиган давлат сифатида кўринмоқчи. Бироқ, айни пайтда, Хитойнинг Эронда нефт билан боғлиқ ўз манфаатлари бор. Эрон нефти Хитой нефт импортининг 10 фоизини ташкил қилади.

Пекиннинг Теҳронга қарши санкциялар тарафдорлари сафига қўшилиши мумкинлигига ишора қилувчи яна бир жиҳат Хитойнинг Эрондан нефт экспортини сезиларли равишда камайтираётгани ҳамдир.

Ўтган йили Эрон Хитойнинг бу соҳадаги энг йирик ҳамкорларидан бири эди. Бироқ жорий йилнинг дастлабки икки ойида 2009 йилнинг шу давридагига нисбатан Эрондан Хитойга нефт импорти тахминан 37 фоизга камайиб кетди.
XS
SM
MD
LG