Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:24

Москвадан Душанбега яна тобутлар келди


Онаси вафот этган жиянининг тобутини қабул қилиш учун Душанбега аэропортига чиққан Файзигул Тағоевани юпатишга сўз топиш оғир бўлди...
Онаси вафот этган жиянининг тобутини қабул қилиш учун Душанбега аэропортига чиққан Файзигул Тағоевани юпатишга сўз топиш оғир бўлди...

29 март куни Москва метро бекатларида юз берган портлаш оқибатида ўлганларнинг уч нафари Тожикистон фуқароси бўлиб чиқди. 1 апрел куни Тожикистон ҳаво йўллари ширкатига қарашли учқич улардан икки нафари жасадини ватанига олиб келди.

Тожикистоннинг Турсунзода туманидан Москвага ўқиш учун кетган икки ўртоқ - 25 ёшлик Исломжон Эшназаров ва 24 ёшлик Нодирбек Қаршиев ҳамда Вахш туманидан меҳнат муҳожирлигига кетган 23 ёшли Умиджон Абдураҳмоновлар 29 март тонггида Москва метросида амалга оширилган портлаш қурбони бўлдилар.

1 апрел куни ҳалок бўлганлардан икки нафари - турсунзодалик Исломжон Эшназаров ва унинг юртдоши Умиджон Абдураҳмонов тобути ватанига олиб келинди.

Расмийлар аввалига “ТожикЭйр” ширкатининг тобутлар жойланган учқичи бомдодда Душанбе аэропортига қўнишини маълум қилган эди.

Аммо ҳалок бўлганлардан бирига тааллуқли ҳужжатларни расмийлаштириш юзасидан туғилган муаммо боис парвоз кечки соат 6 га қолдирилди.

Ниҳоят¸ ëш йигитлар жасади ортилган самолёт кун адоғида Душанбе аэропортига қўнди.

Бироқ аэропорт расмийлари ва ўша ҳудудга масъул хавфсизлик ходимлари журналистларни аэропорт ичкарисига киритишмади.
Шундай бўлса-да ҳалок бўлганларнинг яқинлари билан суҳбатлашиш имконига эга бўлдик.

Турсунзодалик Илҳомжон Эшназаров 29 кунги ҳужумга нишон бўлган жияни Исломжон Эшназаровнинг 2003 йил Москвага ўқишга кетганини айтади.

Ўқишни яқинда битирган турсунзодалик йигитнинг, ота-онасига молиявий ёрдам бериш мақсадида Москвада ишга жойлашганига икки кун бўлган экан.

- Энди ўқишни тугатиб, “бекор юрмайин,оз бўлса ҳам ота-онамга ёрдамим тегсин” деб яқинда ишга кирган эди. Икки ойдан кейин диплом олиб, Тожикистонга қайтиши керак эди, насиб қилмади, келолмади. Шу фалокатга учради. Қисмати шундай экан, дейди Москвадаги портлашларда ҳалок бўлганлардан бирининг амакиси Илҳомжон.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, энди 25 баҳорни қаршилаган Исломжоннинг орзулари сероб бўлган. У Тожикистонга қайтгач, мутахассислиги бўйича ишга жойлашиб, севган қизига уйланишга тараддуд кўраëтган бўлган.

- Нима деяоламиз, қисмати шундай экан, Худонинг иши, тақдир тақозоси билан бу орзулари ушалмай қолди, дейди Илҳомжон ака.

Бошқа бир суҳбатдошимиз Файзигул Тағоева 24 ёшли жияни Умиджон Абдураҳмоновнинг метродаги портлашдан ҳалок бўлгани ҳақида Россия телеканаллари орқали хабар топганини айтади.

-Умиджон Москвага борганига уч ой бўлган эди. Оддий ишчи бўлиб ишларди. У ишлаб келиб, янги уй олиш, уйланиш ниятида эди. Онасининг вафот этганига тўрт йил бўлган. Отаси ҳеч қаерда ишламайди. Оилани Умиджон билан акаси Муҳаммад ( акаси ҳам Москвада меҳнат муҳожирлигида экан - таҳр.) таъминлаб турган эди, дейди жиянининг тобутини қабул қилиб олишга келган бу аёл.

Файзигул опа бу шум хабар ортидан Умиджоннинг уйда қолган сингиллари, ёш укалари катта қайғуга ботгани¸ бегуноҳ одамлар ҳаëтига зомин бўлган террорчилардан нафратланишидан гапирди.

“Бу воқеа нафақат қурбон бўлганлар яқинлари, балки биз аксарият тожикистонликларни ҳам қайғуга ботирди”, дея куюнишмоқда кўпчилигининг ўғиллари Россияда меҳнат муҳожирлигида юрган аксар оналар.

Айни пайтда Россиядан меҳнат муҳожирлигидан қайтаётган тожикистонликлар Москвадаги ҳужумлар ортидан рус миллатчиларининг мусулмонларга нафрати янада ошганидан ташвиш билдиришмоқда.

- Таъсири бор, бўлаяпти ҳам. Мусулмонларга таъсири борда барибир. Энди шулар қилаяпти деб ўйлашади-да, бизга русларнинг ишончи йўқолаяпти. Хусусан¸ Москвада ишлаётганларга террористлар¸ деб айтишаяпти, дейди Минскдан қайтган меҳнат муҳожири сўғдлик Саидвали Тожиев.

Суҳбатдошимиз Москвадаги портлашлардан сўнг мусулмонларга нисбатан бундай муносабат анчага чўзилиши мумкинлигини тахмин қилар экан, “Лекин иложимиз йўқ. Бола-чақани боқиш учун шундай вазиятда ҳам ишлашга мажбурмиз”, дея қўшимча қилади.

29 мартдаги портлашларда ҳалок бўлган Тожикистон фуқаролари оилаларига Россия ҳукуматидан 1 миллион рублдан товон пули берилади. Тожикистон ҳукуматининг ҳам жабрдийда бу оилаларга молиявий ëрдам ажратиши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG