Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:29

VIP Суҳбат: Роза Ўтунбаева


Роза Ўтунбаева халқаро майдонда Марказий Осиëдан чиққан кўзга кўринган дипломатлардан бири ҳисобланади.
Роза Ўтунбаева халқаро майдонда Марказий Осиëдан чиққан кўзга кўринган дипломатлардан бири ҳисобланади.

Қирғизистон собиқ Ташқи ишлар вазири¸ БМТ Бош котибининг грузин-абхаз можароси бўйича махсус вакили ўринбосари Роза Ўтунбаева БМТ Бош котибининг Марказий Осиëга қилаëтган илк сафари юзасидан туғилган саволларга жавоб беради.

Озодлик: Ҳурматли Роза Исақовна¸ БМТ Бош котибининг Марказий Осиë сафаридан¸ таниқли сиëсат арбоби¸ йирик дипломат¸ айни пайтда қирғиз мухолифати етакчиларидан бири сифатида Сиз нималарни кутмоқдасиз?


Роза Ўтунбaева: Бан Ки Мун биринчи бор БМТ Бош котиби сифатида Марказий Осиë¸ жумладан бизнинг Қирғиз республикасига келмоқда. Унинг Бишкекка бугун келиши ва эртага парламент депутатлари билан учрашиши белгиланган. БМТ Бош котибининг айнан миллий парламентга эътибор қаратиши¸ бизнинг давлатларимизда қонунчилик ҳокимияти оëққа туришининг нечоғли муҳим эканлигиган берилган далолатдир.

Бугун Марказий Осиë республикаларида¸ айнан миллий парламентлар¸ қонунчилик ҳокимияти жар ëқасига келиб қолди. Эътибор беринг-а¸ бутун минтақанинг энг демократик давлати деб қараб келинган Қирғизистон парламентида мухолифат бор-йўғи фракция шаклидагина қолди. Бу ҳам бутун минтақа учун фавқулоддда ҳолат¸ зотан қўшниларимиз парламентида мухолифатнинг уруғи ҳам қолмади.

Аммо Қирғизистон ҳукумати ҳам¸ бу борада қўшниларидан ўрнак олмоқда ва қонунчилик ҳокимияти илдизини қирқишга қаттиқ уринмоқда. Бугун Бакиевга тарафдор партия бутун қирғиз парламенти¸ унинг барча комитетларини чирмовуқдек ўзига чирмаб олган. Бан Ки Мундан қирғиз парламентидаги 23 хотин-қиз депутат билан дунë аҳлига манзур бўладиган суратга тушиш баробарида¸ нафақат Қирғизистон¸ балки бутун минтақадаги сиëсий тизимларнинг якка шахслар ва улар ортидаги гуруҳлар монополиясига айланиб бораëтганига диққат қаратишини кутмоқдамиз.


Озодлик: Роза Исақовна¸ БМТ Бош котиби Марказий Осиëга минтақа ҳукуматлари ўртасида жиддий зиддиятлар¸ айниқса минтақадаги сув-энергетик заҳираларидан фойдаланиш устида кескин қарама-қаршилик кетаëтган бир пайтда келмоқда. Сафар кун тартибига кўра¸ Бан Ки Мун минтақа раҳбарлари билан айни шу зиддиятлар юзасидан ҳам фикр алмашади. Бу сўзлашувлардан бирор натижа кутишга асос борми ëки бу жиддий муаммолар дипломатларча юмшоқ бир тарзда тилга олинади холосми?

Роза Ўтунбaева: Mенимча¸ БМТ нинг бу қадар юқори даражали мулозимидан Марказий Осиëдаги сув-энергетика муаммолари каби ўта оғир ва мураккаб муаммо юзасидан қандайдир кескин баëнот бериш¸ ëхуд можарога тортилган ҳукуматлардан қай биринингдир тарафини олишни кутиш ўринсиздир. Бу масалада Қирғизистон мухолифати позицияси аниқ – биз минтақада йирик гидроиншоотлар қурилишининг нақадар мақсадга мувофиқлиги юзасидан халқаро экспертиза ўтказилиши тарафдоримиз. Минтақадаги тинч-тотувлик ва муросаю мадорада яшаш тақдири сув ва энергетика каби мураккаб муаммолар ечимига қарам экан¸ халқаро экспертиза ўтказилиши шарт.Аммо Бан Ки Муннинг бир неча кунлик минтақавий сафар давомида бу хусусда қандайдир ечим таклиф қилиши ëки вазиятга баҳо бериб¸ қайсидир томонга хайрихоҳлик билдиришини кутиш нотўғри бўлади.


Озодлик: Роза Исақовна¸ мана халқаро экспертиза ўтказилиш керак¸ деяпсиз. Бундай экспертиза яқинда бошланади ва халқаро экспертлар қандайдир хулосага ҳам келар. Лекин Роғун ва Қамбарота гидроиншоотлари масаласида икки қарама-қарши қутбда қолаëтган Ўзбекистон¸ Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматларини бу хулосани қабул қилиш ва муросага келтиришнинг амалий томони қандай бўлади? БМТ да бу каби жиддий масалаларда минтақа ҳукуматларига таъсир¸ босим ўтказиш ричаглари борми?

Роза Ўтунбaева: Mенимча¸ ҳозирги вазиятда БМТ ўз имконидаги барча усул-воситаларни ишга солиб¸ бу масалада томонлар позициясини юмшатишга уринади. Афғонистонга туташ бизнинг минтақамизда ўзаро англашинув ва муроса қарор топиши БМТ учун ўта муҳимдир. Бизнинг томонларда тинчликнинг қил устида тургани¸ террорчи¸ ақидапараст кучларнинг минтақани беқарорлаштириш режасида экани бу каби масалалар ечимига ëндашувда муҳим рол ўйнамай қолмайди. Бундай вазиятда айнан БМТ Марказий Осиë давлатларининг барига маъқул бўладиган бир ечим таклиф қилиш учун маъсул ва ўйлайманки¸ Бош котиб сафар давомида айнан шу ишни қилишга уринади.

Озодлик: Роза Исақовна¸ минтақавий муаммоларга муросавий ечим қидириш баробарида демократик жараëнларни қўллаш¸ инсон ҳуқуқларига ҳурмат кўрсатилишини таъминлаш ҳам БМТ вазифаларидан ҳисобланади. Марказий Осиë каби¸ Сиз суҳбатимиз бошида айтганингиздек¸ якка ҳукмдорлар қўлида қолаëтган минтақадаги инсон ҳақлари ва демократия муаммолари Эрон¸ Афғонистон¸ Исроил-Фаластин можароларидан ортмаëтган БМТ Бош котиби учун қанчалик муҳим?

Роза Ўтунбaева: Қирғизистон мисолида оладиган бўлсак¸ Бан Ки Мун бугун ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги очиқ можаро сақланиб қолаëтган бир мамлакатга келмоқда. Ҳокимият конституцияни оëқ-ости қилди¸ мустақил оммавий ахборот воситаларини бўғиб қўйди¸ фуқаролар ҳақларини очиқчасига топтади¸ том маънода олганда¸ ўзига истаган эркини бериб қўйди. Бан Ки Мун ўзининг қандай давлат¸қандай минтақага келганидан яхши огоҳ бўлиши керак ва биз бунга ҳаракат қиламиз. Шу боис мен БМТ Бош котибининг минтақага сафари фақат шарқона мулозаматдан иборат бўлади¸ деган фикрдан йироқман. Бунинг ўрнига у¸ балки очиқча¸ балки ишоратлар билан бўлса-да¸ Бакиевга ҳам¸ минтақанинг бошқа ҳокимият эгаларига ҳам халқ иродасига қарши иш тутадиган ҳукуматлар тақдирининг бутун дунëда бир хил эканини эслатиб қўяди¸ деган умиддаман.

Марказий Осиëга келар экан Бан Ки Мун¸ ўзининг тараққиëт чорраҳасида турган бир минтақада эканини ҳис этиши ва уни демократия йўлига солмоқчи бўлаëтганларнинг халқаро ҳамжамият¸ хусусан БМТ нинг ҳар томонлама кўмагига лойиқлигини англаши лозим.

Озодлик: Минтақа ҳукмдорлари халқаро ташкилотлардан демократия ва инсон ҳақлари хусусида танқид эшитишни ўлгудек ëмон кўради ва бу муаммоларни ўзига хос¸ ўзига мос тараққиëт йўли билан жўнгина оқлашга уринади. БМТ Бош котиби минтақа сафари давомида ана шу нохуш мавзуни жиддий муҳокама қилишига ишонасизми?

Роза Ўтунбaева: Халқаро ташкилот раҳбарларининг бари бу муаммоларни тилга олиши шарт. Ҳукуматларимизнинг барчаси инсон ҳақларига оид халқаро келишувлар¸ БМТ нинг аксар конвенцияларига ихтиëрий равишда қўл қўйган. Агар бу ҳужжатларни дунë конституцияси деб қабул қилсак¸ Марказий Осиë ҳукуматлари ҳам бу кўламдаги ҳужжат талабларига жавоб беришлари шарт. Агар БМТ раҳбари ҳам бу масалада иккиëқламалик қиладиган бўлса¸ бизнинг халқларимизни ўрта асрлар ëхуд советлар коммунизмида қолдира қолишсин – зотан у маҳалларда халқ учун ҳаëт бугунгидан кўра анча енгилроқ эди.
XS
SM
MD
LG