Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:08

Эркин микрофон - Хайрулланинг суди қачон?


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Хайрулла Ҳамидов мухлисларидан тушаëтган бу саволга жавоб берган журналистнинг онаси Муқаддас ая¸ ўғлининг ҳолидан бехабарлигини айтади.

Хайруллани унутманглар....

2 апрел куни Озодликка қўнғироқ қилган илк суҳбатдошимиз Тожикистоннинг Панжакент шаҳрида яшовчи Жаҳонгир исмли йигит Хайрулла Ҳамидовнинг диний дастурлари мухлиси бўлгани айтиб, унинг тақдири билан қизиқди.

- Хайрулла Ҳамидовнинг олиниши тўғрисида эшиттиришларингизда бир нима бўлган эди. Кейин у тўғрисида эшиттириш қилмай қўйдингизлар. Хайрулла Ҳамидов тўғрисида яна иложи бўлса маълумот беринглар деб сўрамоқчи эдим¸ дейди Жаҳонгир.

Озодликка Хайрулла Ҳамидовнинг тақдири борасида бу каби кўплаб қўнғироқлар бўлаётгани учун, Хайрулланинг онаси Муқаддас опа билан телефон орқали боғландик.

Озодлик: Муқаддас опа¸ Хайрулла бўйича бирор янгилик борми?

Муқаддас опа: Ҳали янгилик йўқ. Суд деяпти¸ лекин ҳали бўлгани йўқ. 5 апрелда бошланади деди. Энди билмадим қачон бўлади.

Озодлик: 5 апрелда бошланади деган гапи борми?

Муқаддас опа: Ҳа¸ шунақа дейишди¸ лекин ҳали аниқ куни йўқ.

Озодлик: Демак¸ кейинги ҳафта лекин куни номаълум.

Муқаддас опа: Ҳа.

Озодлик: Хайрулланинг ўзи билан бирро одам учрашдими?

Муқаддас опа: Йўқ¸ йўқ. Свидание ҳам берилгани йўқ¸ учрашув ҳам йўқ. Ҳеч нарса йўқ. Суддан кейин дейилаяпти. Бошқа нима йўқ ҳали.

Озодлик: Адвокат нима деяпти?

- Адвокат ҳам суддан кейин учрашасизлар деяпти. Суд бўлсин деяпти. У ҳам ҳеч нарса қила олмаяпти¸ дейди Муқаддас опа.


Гулноранинг президент бўлиш эҳтимоли уйқуни учириб юборди...


Икки кундирки, “Эркин микрофон”га қўнғироқ қилган кўпчилик тингловчилар президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовани "Ўзбекистон маликаси" дея атаган ўзбекистонлик академик Рустам Абдуллаевга нисбатан эътироз билдирмоқдалар.

Айни пайтда Россияда меҳнат қилаётган наманганлик Алишер Ҳайитов академик Рустам Абдуллаев бу гапи учун Ўзбекистон халқидан кечирим сўрасин дейди.

Алишер Ҳайитов: "Қурултой" дастури бўйича хамир учидан патир¸ деб Рустам ака яхши гап гапирмаган эдилар. Шу бўйича икки оғиз гапиргим бор эди.

Озодлик: Марҳамат.

- Бу Рустам ака¸ нима десам бўлади¸ академикман дедилар¸ Гулнора Каримовани "Ўзбекистон маликаси" деб атаймиз дебдилар. Шу ерда ўта қаттиқ адашиб юбордилар. Неужели Каримовнинг қизи "Ўзбекистон маликаси"га айланиб қолса¸ деб икки кундан бери Россияда туриб уйқу бўлмаяпти. Ўзимнинг фикрим¸ мен умуман қаршиман Гулнора Каримованинг Ўзбекистон маликаси бўлишига. Нимага Гулнора Каримова Ўзбекистон маликаси бўлиши мумкин? Ўзбекистонда ундан бошқа маликалар йўқми? Нима учун хоҳламайман? У киши умуман пешона тери қилиб пул топаëтгани йўқ. Битта одам битта фирма очиб¸ ишбилармонлик қилиб пул топса¸ қамалади¸ Гулнора Каримовага ëки Ислом Каримовга жин ҳам урмайди. Қонун ҳаммага баробарку. Нима учун уларга қонун умуман таъсир қилмайди? Мени шуниси ажаблантираяпти.

Нимага чет элдан тентак футболистни олиб келиб Гулнора Каримова шунча миллион пул берадию¸ ўзимизнинг ўзбек аëлларига нимага бир сўм пул бермайди? “Гулнора Каримова Ўзбекистон маликаси бўлади. Унга тил теккизманглар. Одамлар қочиб кетиб¸ дунëнинг ҳар чеккасига бориб олиб¸ ҳар хил гапларни гапираверади” дейди. Рустам ака бу ақлини йиғиштириб олса бўлмайдими. Нима кераги бор Рустам акага бу гапларни айтишнинг?

Рустам ака агар охиратини ўйласа¸ Рустам ака халқни ўйласа¸ Рустам ака Ўзбекистонда яшашни ўйласа¸ мен ўйлайманки¸ Прагага телефон қилиб¸ Озодлик радиосига телефон қилиб ўзбек халқидан узр сўрасин. Узр сўрашини сўрайман. Мана бир йилу икки ойдан бери ҳалигача уйга кета олганим йўқ. Бораман Худо хоҳласа. Борганимдан кейин бу гапларни Ўзбекистондан туриб сизларга айта олмайман. Ўзбекистонда қайсидир бир передачаларингда айтдики¸ ўзбек халқининг бошининг устида қилич айланаяпти. Ҳақиқатан қилич айланаяпти. Нимага шунча газларни сотади? Ҳамма нарсаларни¸ олтин¸ тиллаларни сотади. Ўзбек халқининг гази билан светини қилиб бера олмайди. Ҳозирга келиб пулини ҳам бера олмай қолди. Гулнора Каримова¸ Ислом Каримов пулни қаердан топаяпти¸ дейди Алишер Ҳайитов.


Арининг ини бузилди

Кейинги кунларда Ўзбекистонда Тожикистоннинг “Талко” алюминий заводининг атроф-муҳитга етказаётган зарарига қарши тарғибот кампанияси ва пикетлар давом этмоқда.

Расмийлар бу каби намойишларнинг барчасини стихияли тарзда бўлаётганини таъкидлашмоқда.

Тошкентлик кекса журналист Абдуманнон Холжўраев эса Тожикистонга қарши пикетлар Ўзбекистон ҳукуматининг махсус буйруғи асосида амалга оширилаëтганини айтади.

- Мана Сурхондарëда Тожикистон алюмин заводига қарши митинглар уюштирилаяпти экан. Ўзбекистон матбуоти маддоҳларининг таъбири билан айтганда¸ Ўзбекистон халқи Тожикистон заводидан тузатиб бўлмас балога гирифтор бўлаëтган экан. Хўп шунақа экан авваламбор Ўзбекистонда митинглар тақиқланган. Демак¸ бу митингни ҳукуматнинг ўзи уюштираяпти.

Икинчидан¸ шу пайтгача Ўзбекистон матбуоти¸ телевидениеси¸ радиоси жим келди. Энди эса гапираяпти. Нимага? Сабаби шуки¸ Роғун ГЭСи масаласи кўтарилди. Бу ерда Ўзбекистон ҳукуматининг иддаолари инобатга олинмади. Шу сабабдан ҳукумат энди бу ëқда арининг инига чўп тиқиб¸ қўзғаб¸ Тожикистонга мана бу машмашани кўрсатмоқчи¸ дейди Абдуманнон Холжўраев.


Халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилинмоқда

Озодликка сим қоқаëтган ўзбекистонликларнинг кўпини Австралиядан Ўзбекистонга қайтиб борган андижонлик қочқин Дилором Абдуқодированинг тақдири ташвишга солаяпти.

Айни пайтда Андижонга қайтгач ҳибсга олинган Дилором Абдуқодирова Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси¸ яъни “Конституциявий тузумга тажовуз қилиш" да айбланаяпти.

Андижон - Адолат ва тикланиш ташкилоти фаолларидан бири Абдусалом Каримов “Эркин микрофон”га қўнғироқ қилиб, ташкилот Дилором Абдуқодирова тақдири борасида хавотир билдириб, кўплаб халқаро ташкилотларга мурожаат қилганлигини айтади.

Абдусалом Каримов: Австралиядан қайтган Дилором Абдуқодирова ҳақида биз 50 та ташкилотга мурожаатнома берган эдик. Шунинг ичида Германия канцлери¸ Германия Ташқи ишлар вазири¸ Германия парламенти¸ Германиядаги амалдаги етакчи бешта партия раҳбарларига¸ БМТ махсус маърузачисига¸ Финляндия давлати президенти¸ Ташқи ишлар вазири¸ Бош вазири ва шу каби Европанинг бир неча давлатлар раҳбарларига очиқ хат билан мурожаат этилди. Хатда “Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилоти Дилором Абдуқодированинг тақдиридан хавотирда эканлигини билдириб¸ ЕИ давлатларини Ўзбекистон мунтазам равишда бузиб келинаëтган инсон ҳақ-ҳуқуқлари масаласига эътибор қолмаслик чақирилган.

Озодлик: Бирор бир натижа бердими? Кимдандир жавоб келдими?

- Мана бу икки куннинг ичида биз ҳаракат қилиб мана шу жойларга ëздик. Энди бефарқ бўлмаса керак¸ деган умиддамиз. Жавобларни кутаяпмиз¸ дейди Абдусалом Каримов.


"Тирикчилик қарздан қарзгача бўлиб қолди.."


Навбатдаги суҳбатдошимиз Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманида яшовчи Хидирбой ака бўлди. Хидирбой ака ўғли билан анча йиллардан буён Қозоғистонда мардикорлик қилаётганини айтади. Айни пайтда ота-бола Олмаотада ишлаяпти экан.

Хидирбой ака: Яшаш оғир. Мана етти-саккиз йилдан бери юрибмиз Қозоғистонда. Ўзимизда мен Қорақалпоқда Чимбой туманида тураман. Ишлайдиган корхоналар йўқ. Ҳамма ҳар тарафга кетаяпти. Кимиси Қозоғистон¸ кимиси Россия.

Озодлик: Чимбойдан нечта одам Қозоғистон ëки Россияда юрибди?

Хидирбой ака: (кулиб) Нима десам бўлади. 60 фоиз бўлса керак.

Озодлик: 60 фоиз эркаклар. Ëки аëллар ҳам борми?

Хидирбой ака: Аëллар кам. Эркаклар кўпроқ.

Озодлик: Демак¸ рўзғор ишларининг ҳаммаси аëлларга қолибдида.

Хидирбой ака: Худди шундай.

Озодлик: Сиз қанчада уйга бориб турасиз?

Хидирбой ака: Уйга энди хоҳлаган пайтда. Йилига бир марта бўладими ëки икки мартами.

Озодлик: Охирги марта қачон бордингиз?

Хидирбой ака: Охирги марта ўтган йил кузда борган бўлсам керак.

Озодлик: Демак¸ ярим йилча бўлиб қолибди.

Хидирбой ака: Ҳа. Шу болам иккаловимиз юрибмизда.

Озодлик: Болангиз ҳам ëнингизда.

Хидирбой ака: Ҳа.

Озодлик: Неча ëшда у?

Хидирбой ака: 23 га киради. Ҳалиги военкоматда пул тўлаш керак. Унга ҳам пул йўқ. Тирикчиликдан ортиб етмаяпти.

Озодлик: Ўғлингизнинг исми нима?

Хидирбой ака: Амир.

Озодлик: У неча йилдан бери сизнинг ëнингизда?

Хидирбой ака: У олти йилдан бери ëнимда. 9-синфни битирганидан бери ëнимда.

Озодлик: Амирни ҳеч қаерда ўқитмадингиз.

Хидирбой ака: Энди аҳволим оғир бўлса¸ қанақа қилиб ўқитаман? Ҳамма ерга борсангиз¸ пул. Пул билан ечиладиган бўлгандан кейин иложи йўқ.

Озодлик: Амирнинг ўзи нима дейди? Ўқигиси келмаяптими?

Хидирбой ака: Ҳаммасини уже қўйиб қўйди. Фақат яшаш тўғрисида ўйлаяпти. Фақат оила қуриш¸ яшаш¸ уйланиш.

Озодлик: Ҳали уйлантирмадингизми?

Хидирбой ака: Йўқ.

Озодлик: Тўйга бир-икки сўм йиғдингизми?

Хидирбой ака: Ҳозирча процентда юрибмиз.

Озодлик: Бу нима дегани?

Хидирбой ака: У ëқда бизнесменлардан проценти билан пул олганмизда. Энди шуни тўлаяпмиз.

Озодлик: Нимага олган эдингиз пулни?

Хидирбой ака: Яшаш тўғрисида.

Озодлик: Хидирбой ака¸ саккиз йилдан бери Қозоғистонда ишлаб юрган бўлсангиз¸ ҳали ҳам қарздан қутулмаган бўлсангиз¸ энди ...

Хидирбой ака: Энди баъзида бу ëқда алданиб қоламиз¸ баъзида бермай қолади¸ баъзида кам топамиз¸ олиб борганимиз етмай қолади.

Озодлик: Амирни қачон уйлантириш режангиз бор?

Хидирбой ака: Худо хоҳласа бу йил кузда уйлантирсам керак.

Озодлик: Қарзлардан қутулмасангиз ҳам тўй қилаверасизми?

- Бу қарздан қутулсак¸ яна бошқа қарз қиламизда. Бошқа иложи йўқ¸ дейди Хидирбой ака.

***************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG