Линклар

Бишкекдаги пикетдан Бан Ки Мун хабар топди


БМТ Бош котиби қирғиз парламентида нутқ сўзлайди.

БМТ Бош котиби қирғиз парламентида нутқ сўзлайди.

БМТ Бош котиби 3 апрел куни эртлаб Бишкекка келди. Мана шу ташриф муносабати билан Қирғизистонда босимга учраган оммавий ахборот воситалари ходимлари БМТнинг Бишкек ваколатхонаси олдида пикет ўтказмоқдалар.

Пикетчилар орасида “Озодлик” радиоси қирғиз хизмати, “Стан ТВ” телекомпанияси, “Форум” газетаси ходимлари бор. Шунингдек, Қирғизистонда сўз эркинлиги бўғилмоқда, деб ҳисоблаётган фуқаролар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва сиёсатчилар ҳам бу пикетда иштирок этишмоқда.


Йиғилганлар ҳукумат тузилмалари босими остида “Озодлик” радиоси қирғиз хизматининг маҳаллий радиоларда трансляция қилиниши тўхтатиб қўйилганини, сунъий йўлдош орқали эфирга узатилувчи “К+” телеканалининг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори бўлган “СтанТВ” компанияси фаолиятига тўсқинлик қилинаётганини, мухолифатнинг “Форум” газетаси асоссиз айблов билан таъқиқлаб қўйилгани ҳақида гапирмоқдалар.

Пикетда иштирок этаётган Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун ҳам тадбирда мамлакатда ҳақиқатан ҳам журналистлар ҳуқуқлари бузилаётганини билдирган.

Хабарларга қараганда, Бишкекда журналистлар ва уларга ҳайриҳоҳлар пикет ўтказаётгани тўғрисидаги маълумот БМТ Бош котиби Бан Ки Мунга етказилган. Пикетчилар олдига чиққан БМТнинг Бишкекдаги ваколатхонаси расмийларидан бири 3 апрел куни кечқурун Бан Ки Мун ваколатлаган шахс пикетчилар вакиллари билан учрашишини билдирган. Пикетчилар бу учрашувга “Оқ шумқор” партияси раиси Темир Сариев, “Стан ТВ” шеф редактори Кирил Степанюк, “Озодлик” қирғиз хизмати Бишкек бюроси раҳбари Кубат Ўтўрбаев, ҳуқуқ ҳимоячилари Азиза Абдурасулова ва Тўқтайим Уметалиеваларни вакил қилиб сайладилар.


БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Бишкекка Марказий Осиё сафари доирасида келди. У бу ерда Қирғизистон президенти ва бошқа расмийлар билан учрашади.

Бан Ки Муннинг Қирғизистон парламентида нутқ сўзлаши ҳам режалаштирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG