Линклар

Москвада ўтказилган “Мисс Россия” кўрик танловида иккинчи ўринни эгаллаган Ирина Шарипова асли бухоролик. Унинг отаси ўзбек, онаси рус. Айни пайтда Ирина жаҳон бўйича ўтказиладиган "Дунё гўзали" танловига ҳозирлик кўрмоқда

Татаристоннинг Апостово қишлоғидан бўлган 18 яшар Ирина Шарипова Қозон кимёвий технология институтининг 1-курс толибаси. У келажакда моделъер бўлади. Шу йилнинг январ ойида Татаристондаги гўзаллар кўрик танловида, ҳатто, қатнашишни ҳам режалаштирмаган Ирина қўққисдан кўрик танловнинг жюри аъзолари нигоҳига тушиб қолади. Уни кашф этган “Мисс Татаристон” модел агентлиги раҳбари Изолда Сахарова шундай деди:

- Худдики, эртаклардаги Золушка тақдири Ирина ҳаётида рўй берганидек. Тасодифан иштирок этиб, ўзининг чиройи ва бошқа фазилатлари билан Татаристон маликаси бўлди. Москвада бўлган кўрик танловда иккинчи ўринни олгани, бу умуман кутилмаган бахт эди, биз учун, дейди Изолда Сахарова.

6 март куни Россия гўзаллари орасида Ирина Шарипова “вице мисс гўзал” унвонини олишга муваффақ бўлди.Уни Россиядаги журналистлар “меросли малика” дея аташди.

Чунки унинг ойиси Елена Шарипова 1989 йилда “Бухоро маликаси” унвонини эгаллаб, Ўзбекистон гўзаллари орасида иккинчи ўринни эгаллаган экан. “Мисс Татаристон” ҳамда “Мисс Россия” кўрик танловинининг вице мисс унвони соҳибаси Ирина Шарипова билан суҳбатлашамиз.

-Менимча, бу тақдир бўлса керак, ойимдан сўнг мен ҳам шундай унвонни қўлга киритганим. Балким менинг қизимга ҳам насиб этар. Ҳар қалай, ойим менинг ғалабамдан ўта хурсандлигини айтади, дейди Ирина.

Асли бухоролик бўлган Иринанинг дадаси ўзбек, ойиси рус миллатига мансуб бўлиб, у 7 ёшида бувиси билан Татаристоннинг Апостово қишлоғига кўчиб келган экан.

- “Мендан миллатинг нима?” деб сўрашганларида, метис бўлишимга қарамасдан “мен ўзбекман” дея жавоб бераман, дейди қорамағиздан келган, қошу кўзлари тим қора Ирина Шарипова.

Иринанинг танловдаги бевосита раҳбари Изолда Сахарова гўзалларни танлашда 15 йилдан буён ишлаб келаяпти. Унинг фикрича, айнан турли қонларнинг аралашувидан шунақанги гўзал, ақл идрокли фарзандлар туғилармиш.

- Интернационал илдизларига эга қиз бугун “Татаристон маликаси” ва “Россиянинг вице мисс маликаси” унвонига эга эканлиги¸ албатта яхши, дейди Изолда Сахарова.

Ирина балки ўша ерда туғилганлиги учун бўлса керак қадим Бухорони яхши кўришини таъкидлайди.

- У ерда менинг қадрдонларим қолишган. Ота-онам, укам ва қариндошларим. Албатта, мен яна Бухорога боришни хоҳлайман. Доимий яшагани эмас. Яқинларимни кўргани, Бухоронинг Минораи Калонини яна бир кўриш учун, дейди Ирина Шарипова.

Ирина Шарипова Россия гўзаллари орасида вице мисс унвонини эгаллаганидан сўнг унга модел агентликларининг эшиклари очилди. Эндиликда у дунёнинг истаган олийгоҳида таълим олиши мумкин. Аммо у Татаристонда олдин ўқишини тугатишини айтади.

Айни пайтда шарқона гўзалликнинг асосий чизгилари чизилган Ирина Шарипова халқаро мусобақа - “Дунё гўзали ” кўрик танловига тайёрланаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG