Линклар

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун 4 апрел куни Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳрига ташриф буюрди. Бош котибнинг бу ташрифи унинг Марказий Осиё бўйлаб сафари доирасида амалга оширилмоқда.

Маҳаллий сайтларнинг хабар қилишларича, БМТ Бош котибининг Ўзбекистон бўйлаб сафари унинг Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни ўрганишдан бошланади.

Айни пайтда Ассошиэйтид пресс агентлигининг хабар қилишича, БМТ Бош котиби Орол денгизини қуриб боришини сайёрамизнинг энг катта фожиаларидан бири, деб атаган. Бан Ки Мун Марказий Осиё давлатлари етакчиларини Орол денгизи муаммосини биргаликда ҳал этишга чақирган.

Шунингдек, БМТ Бош котиби Орол денгизи муаммосини Марказий Осиё давлатларининг лидерлари билан ҳамжиҳатликда муҳокама қилишга ва биргаликда ечим топишга ваъда берган.

4 апрел кун қечқурун Бан Ки Муннинг Тошкентга учиб кетиши кутилмоқда.

Душанба куни БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашуви режалаган. Шу куннинг ўзида бош котиб Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети талабалари олдида маъруза билан чиқиши кутилмоқда.

Шунингдек, ташриф кун тартибига БМТ ва ШҲТ ўртасида қўшма декларация имзоланиши ҳам киритилган бўлиб, ҳужжат икки халқаро ташкилот бош котиблари Бан Ки Мун ва Муратбек Иманалиев томонидан имзоланади. Мазкур ҳужжатда террорчиликка қарши курашда ўзаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилгани хабар қилинмоқда.

Душанба куни Тошкент вақти билан соат 13.00 да Тожикистонга учиб кетиш олдидан Бан Ки Муннинг журналистлар билан учрашуви ҳам режалаштирилган.

Айни пайтда БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг Ўзбекистонга сафари ҳақида мамлакат расмий оммавий ахборот воситалари сукут сақламоқда.

31 март куни Марказий Осиё бўйлаб сафарини Туркманистондан бошлаган БМТ бош котиби ўтган уч кун ичида Қирғизистонда ҳам бўлишга улгурди.

Бугун Ўзбекистонга келган Бан Ки Муннинг, шунингдек, Тожикистон ва Қозоғистонга ҳам сафар қилиши кутилаяпти.
XS
SM
MD
LG