Линклар

Бағдодда элчихоналар нишонга олинди


Бағдод марказида содир этилган учта кучли портлаш оқибатида камида 21 киши нобуд бўлди, юзлаб фуқаро тан жароҳати олди.

Ассошиэйтид пресс агентлигининг хавфсизлик идораси матбуот вакили генерал Қоссим ал-Муссавийга таяниб хабар қилишича, бугунги портлашларда пойтахтдаги дипломатик миссиялар нишонга олинган. Расмийлар портлаш қурбонлари сонининг янада ортиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Хабарларга кўра, портлашлар Мисрнинг Бағдоддаги элчихонаси ҳамда Германия элчиси хонадони ёнида содир этилган. Яна бир портлаш эса Эрон элчихонаси жойлашган бино олдида содир этилган.

Айни пайтда Эроннинг Бағдоддаги элчиси Ҳасан Козимий Қомий портлашдан элчихонага озгина шикаст етказилгани, бироқ ходимлардан ҳеч ким жароҳатланмаганини билдирди.

Бағдоддаги портлашлар учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ.
XS
SM
MD
LG