Линклар

logo-print

Тошкентда махсус хизматлар раҳбарлари йиғилди


ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари саммитидан фарқли равишда мазкур ташкилот Минтақавий аксилтеррор тузилмаси кенгаши мажлислари доим ёпиқ эшиклар ортида ўтади.

ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари саммитидан фарқли равишда мазкур ташкилот Минтақавий аксилтеррор тузилмаси кенгаши мажлислари доим ёпиқ эшиклар ортида ўтади.

Жорий ой бошида Ўзбекистон пойтахтида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) Кенгашининг XVI йиғилиши бўлиб ўтди.

Мазкур мажлисда Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Тожикистон, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон махсус хизматларининг раҳбарлари иштирок этгани хабар қилинмоқда.

Кенгашга раислик қилувчи Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси бошлиғи ўринбосари Жанат Жарасов мажлисни Москвада ва Қизлярда содир этилган террорчилик ҳаракатлари муносабати билан Россия вакиллигига ҳамдардлик билдиришдан бошлади.

Сўнгра Жарасов 2010 йил 1 январда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори этиб тайинланган Женисбек Жуманбековни иштирокчиларга таништирди.

Жарасовга кўра, Минтақавий аксилтеррор тузилмаси кенгашининг асосий мақсади террорчилик, экстремизм ва айирмачиликка қарши ҳаракатларини мувофиқлаштириш масаласи юзасидан ШҲТга аъзо давлатларнинг ваколатли органлари ўртасида тезкор маълумот алмашувни йўлга қўйиш учун мунтазам йиғилишларни ташкил этиш, йирик халқаро террорчилик ташкилотлардан бирининг ноқонуний фаолиятига қарши мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузишдан иборатдир.

Мажлисда ШҲТ давлатларининг Қозоғистонда бўлиб ўтадиган “Тинчлик миссияси - 2010” аксилтеррор машқлари ўтказилиши ҳам эълон қилинди.

Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг энг маҳфий тузилмаларидан ҳисобланади. Ташкилотнинг навбатдаги XVI йиғилишида кўрилган масалалар борасида батафсилроқ маълумот олиш мақсадида Озодлик радиоси “ИнфоШОС.Ру” сайти бош муҳаррири Татяна Синицина билан боғланди:

Озодлик: Татяна Георгиевна, Тошкентда бўлиб ўтаётган Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгашининг йиғилишида қайси масалалар кўриб чиқилмоқда?

Синицина: Кенгашда асосан уч масала - ёвузликнинг уч устуни бўлмиш айирмачилик, экстремизм ва терроризм масалалари муҳокама этилмоқда. Кенгаш йиғилиши Москва метросида содир этилган террористик ҳаракатлар билан тасодифан бир вақтга тўғри келди. Аслида бу режалаштирилган учрашув бўлиб, бундай учрашувлар сўнгги йилларда мунтазам ўтказилиб турибди. Унда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистонда бўладиган саммити хавфсизлигини таъминлаш ва Тошкентга БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг сафари давомидаги хавфсизлик масалалари кўрилди. Билишимча, БМТ ва Шанхай Ҳамкорлиги ташкилотлари ўртасида Декларация имзоланади. Ундаги асосий эътибор терроризмга қарши курашга бағишланади. Улар келажакка мўлжалланган қадамларни муҳокама этмоқдалар, аммо бу тузилма маҳфий бўлганлиги сабабли барча масалалар оммага ошкор этилмайди, албатта.

Озодлик: Биздаги маълумотларга кўра, йиғилишда Россия ФХХ директор ўринбосари
Сергей Смирнов ҳам иштирок этди...

Синицина: Ҳа, албатта. Смирновнинг бу йиғилишда иштирок этиши Москвадаги нохуш ҳодисалар билан ҳам боғлиқ. Йиғилишда Смирнов Россия ФХХси номидан Москва ва Қизлярда содир этилган қўпорувчилик ҳаракатларига алоқадор шахсларни аниқлашда кўмак беришга тайёр эканликлари учун миннатдорчилик билдирди. Йиғилишда ШҲТ Бош котиби Муратбек Иманалиев ҳам иштирок этди.

Озодлик: Сизнингча, Марказий Осиё маҳфий хизматлари Россияда содир этилаётган террорчилик ҳаракатларини олдини олишда қандай кўмак кўрсатишлари мумкин?

Синицина: Бу масалада биз сиз билан истаганча мулоҳаза, тахминларни келтиришимиз мумкин. Лекин унутмаслигимиз керакки, жаҳонда ҳамма нарса бир-бири билан боғлиқ, глобаллашув ҳосиласи. Ўз-ўзидан аёнки, террористлар халқаро тузилма экан, уларга қарши фақат ҳамкорликда қаршилик кўрсатиш мумкин. Лев Толстойни айтган экан: “Агар дунёда ёмонлар бирлашса, яхшилар ҳам бирлашмоғи зарур!” Лекин ёмон одамлар тезроқ бирлашиш қобилиятига эга. Масалан, АҚШнинг ҳарбий кучлари муайян кучларга қарши уруш олиб бораяпти-ку.

Озодлик: Бу ташкилот йиғилишлари ҳамма вақт ҳам “ёпиқ эшиклар” ортида ўтказиладими?

Синицина: Бу тузилма ўзи ўта маҳфий, айтганимдек. Мен ўзим МАТТнинг собиқ раҳбари билан бир маротабагина учрашиш имкониятига эга бўлганман, катта қийинчиликлар билан... Уларни ҳам тушунса бўлади: бажараётган ишлари ўта мураккаб ва муҳим, минтақа эса ўта хавфли ҳисобланади. Мисол учун, Афғонистонни олайлик. Марказий Осиё нисбатан тинч бўлишига қарамасдан, у ердаги одамларнинг асаби жуда таранг. Шунинг учун бундай учрашувлар айниқса кескинликни олдини олиш билан ҳам шуғулланади.

Озодлик: Йиғилиш қатнашчилари Россияда Улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабанинг 65 йиллик юбилейини нишонлаш тантаналарида хавфсизликни таъминлашда ёрдам беришларини ҳам муҳокама этилаётган экан...

Синицина: Ҳа, Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг фаолияти биринчи ўринда превентив хусусиятга эга ва ҳеч ким бундай буюк байрам кайфиятининг нохуш ҳодисалар билан хиралашишини истамайди.

Озодлик: Сергей Смирнов Новости ахборот агентлигига берган маълумотида “йирик халқаро террорчилик ташкилотлардан бирининг ноқонуний фаолиятига қарши мувофиқлаштирувчи гуруҳ тузиш” туғрисида гапирган. Гап қайси ташкилот ҳақида кетяпти? Нима учун айнан шу террорчилик ташкилотига урғу берилган?

Синицина: Бу ташкилот “Ҳизбут-Таҳрири Исломия” ташкилотидир. Нима учун айнан шу ташкилот, деб сўрасангиз, демак, улар бу ташкилот фаолияти тўғрисида қандайдир оператив маълумот олган бўлишлари мумкин. Демак, бугунга келиб “Ҳизбут-Таҳрир” энг хавфлиси деб саналган, уларнинг фаоллиги ошган. Бундай ташкилотлар одатда четдан маблағ олиб туришади ва уларга сарфланаётган пулларни оқлаш учун вақти-вақти билан ўзларини “намойиш” қиладилар. Энди биз яна фақат фараз қилишимиз мумкин, холос.

Озодлик: Ҳозирда Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлиги ташкилотига вақтинча раислик қиляпти. Ўзбекистоннинг раҳбарлик фаолияти қандай кечаяпти, сизнингча?

Синицина: Ўзбекистон бу йўналишда жуда фаоллик билан ишлаяпти. Улар қатъий режа асосида иш олиб бормоқдалар. Ҳозирда улар олдин бажарилмасдан қолган барча ишларни якунламоқдалар. Лекин кўзга ташланарли бирор бир иш бажарганликларини кузатганим йўқ. Ҳозирда Ўзбекистоннинг Неъматов ўрнига тайинланган янги элчиси билан интервю олишга тайергарлик кўраяпман. Бу кишидан Ўзбекистон томонидан бажарилган ишлар борасида билиб олмоқчиман. Жорий йилнинг июн ўрталарида Шанхай Ҳамкорлиги саммити бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Озодлик: Татяна Георгиевна, Минтақавий Аксилтеррор тузилмаси терроризмга қарши амалда бирор натижага эриша олади, деб ўйлайсизми?

- Биласизми, амалда терроризмга қарши курашиш ўта мушкул, деярли мумкин эмас. Терроризмнинг яшовчанлиги доимий четдан ғоя ва пул билан таъминланиб турилишидадир. Аксилтеррорчилик ташкилоти ҳеч қанақанги ҳарбий тузулмаларга, қўшинга эга эмас. Бу биринчи навбатда ғоявий курашни олиб борувчи, агентура маълумотларини тупловчи марказ. У бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади, терроризмга қарши кураш ғояларини яратади. Агарда биз бу ташкилотнинг нима иш билан шуғулланишини тўла билганимизда, унинг кераги ҳам бўлмасди, дейди “ИнфоШОС.Ру” сайти бош муҳаррири Татяна Синицина.

2008 йилдан бошлаб штаб-квартираси Тошкентда жойлашган Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгаши Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг доимий фаолият юритаётган идораси саналади. 2002 йил 7 июн куни таъсис этилган МАТТ Кенгаши ташкилотга аъзо давлатларнинг тегишли идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириб боришини таъминлаб келмоқда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо.

Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгашининг навбатдаги 17 йиғилишини жорий йилнинг сентябр ойида Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида ўтказиш режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG