Линклар

Нукусликлар Бош котиб ташрифидан умидвор


Қорақалпоғистонликлар БМТ Бош котибининг минтақа сафаридан сўнг Оролбўйидаги вазият оз бўлса-да, ижобий томонга ўзгаришига умид қилмоқдалар.

Қорақалпоғистонликлар БМТ Бош котибининг минтақа сафаридан сўнг Оролбўйидаги вазият оз бўлса-да, ижобий томонга ўзгаришига умид қилмоқдалар.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун 4 апрел куни Ўзбекистонга сафарини Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридан бошлади. Қорақалпоғистонликлар Бан Ки Мун сафаридан нималарни кутмоқдалар?

Маҳаллий экологларнинг айтишларича, Қорақалпоғистонда БМТ бош котиби Бан Ки Мун ташрифига тайёргарлик катта бўлган.

- Тайёргарлик бўлаяпти. Ҳамма ерлар тозаланиб, суғорилиб, ерлар ағдарилиб ётибди, деди “Орол ва Амударёни ҳимоя қилиш уюшмаси” раҳбари Юсуф Камолов.

Мартабали меҳмон келишига тайёргарлик катта бўлса-да, қорақалпоғистонлик айрим суҳбатдошларимизга кўра, аҳолининг аксарияти ўлкага ким келаётганидан бехабар:

- Умуман олганда, одамлар ким келаётганини билишмайди. Улар билишади кимнингдир вакили келаётганини, аммо айнан кимлигини билишмайди, дейди қорақалпоғистонлик суҳбатдошларимиздан бири.

Аммо Қорақалпоғистонда ҳамма ҳам БМТ Бош котиби ташрифидан хабарсиз, деб бўлмайди. Мўйноқлик суҳбатдошимиз Бан Ки Мун ташрифи минтақадаги эгологик вазиятнинг ўнгланишига туртки бўлишига умид қилаётганини айтади.

- Одамлар Мўйноқдаги экологик вазият ўзгаришига умид қилишмоқда. Қандайдир қўшимча маблағлар айнан шу туманга ажратилади, дея умид қилишаяпти. Орол денгизи бўйича ҳам ўзгаришлар кутилмоқда. Албатта, бу ҳақиқатдан узоғу, энди одамлар шундай деб гапираяпти-да. Балким аёллар ва болаларни муҳофаза қилувчи қандайдир ижтимоий лойиҳалар келар биз томонларга, дейди мўйноқлик аёл.

Нукусдаги “Орол ва Амударёни ҳимоя қилиш уюшмаси” раҳбари Юсуф Камоловнинг айтишича, бундай юқори лавозимли одамнинг биринчи бор Қорақалпоғистонга ташриф буюриши. Шу сабабли ҳам бу ташрифдан нафақат маҳаллий аҳоли, балки экологларнинг ҳам умиди катта.

- Энди қийин-да. Бу масаламиз сиёсий масала бўлиб кетди. Бир мамлакат ўзича еча олмайди. Буни БМТнинг барча мамлакатлари биргалашиб ечмаса бўлмайди. Ҳозир: “Агарда Оролни сақлаб қололмасак, дунё юзини ҳам сақлаб қололмаймиз” деган ўй бор, дейди Юсуф Камолов.

Айни пайтда суҳбатдошимиз яна Оролбўйи минтақасидаги аҳволга эътибор қаратади.

- Оролбўйида яхшимас. Чанг кўтарилаяпти. Кеча мана Чилидами - қаердадир вулқон уйғонибди. Ҳамма айтаяпти “вулқон уйғониб, иқлим ўзгараяпти” деб. Бизнинг Орол тубидан неча миллион тонна чанг кўтарилаяпти осмонга. Буни ҳеч ким ҳисобга олмайди. Балким дунё юзидаги иқлим ўзгараётганлиги Оролдан бўлаётгандир. Ахир неча вулқоннинг кучига тенг унинг чанги. Ҳеч ким буни айтмайди. Шуни мен кўтардим БМТнинг Женевадаги учрашувида. “Буни ўрганиб кўринг, ақча беринг”, дедим. Билмадим, қандай бўлади энди, дейди Нукусдаги “Орол ва Амударёни ҳимоя қилиш уюшмаси” раҳбари Юсуф Камолов.

“Орол ва Амударёни ҳимоя қилиш уюшмаси” раҳбари Камолов Бан Ки Муннинг Нукусга ташрифи чоғида Бош котиб билан шахсан учраша олмаган. Буни у маҳаллий раҳбарлар ўзини ёқтирмаслиги билан изоҳлайди. Шу боисдан, Юсуф Камоловга кўра, у БМТ Бош котибига Орол бўйи муаммоларини айтиб бера олмаган. Шундай бўлса-да, суҳбатдошимиз маҳаллий мутасаддилар Бош котибга мавжуд вазият ҳақида объектив маълумот беришига, пировардида Оролбўйидаги аҳволни ўнглаш бўйича халқаро миқёсда ижобий ишлар амалга оширилишига умид қилаётганини айтади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG