Линклар

“Муаммолар дипломатия йўли билан ҳал қилиниши лозим”

  • Гулнора Равшан

Тожикистонлик сиёсатчилар фикрича, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги зиддиятлар илдизини икки мамлакат раҳбарлари Имомали Раҳмон ва Ислом Каримов муносабатларидан излаш лозим.

Тожикистонлик сиёсатчилар фикрича, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги зиддиятлар илдизини икки мамлакат раҳбарлари Имомали Раҳмон ва Ислом Каримов муносабатларидан излаш лозим.

Тожикистондаги сиёсий партиялар вакиллари шу кунларда Ўзбекистонда ўтказилаётган пикетларнинг асосий ташаббускори расмий Тошкент эканини таъкидламоқдалар.

Сўнгги пайтларда Тожикистон ва Ўзбекистон алоқалари, икки қўшни мамлакат муносабатларининг тобора кескинлашаётгани тожик жамиятидаги асосий мавзуга айланиб бораяпти. Бу борада нафақат расмий доираларда, балки оддийлар суҳбатида ҳам гапирилмоқда.

Аксарият тожикистонликлар икки қўшни муносабатларининг тобора ёмонлашиб бораётганига Ислом Каримов юритаётган нотўғри сиёсат сабаб бўлаётганини айтаяптилар.

Тожикистондаги сиёсий партия вакилларининг кўпчилиги бу фикрни қувватлашади.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси раисининг ўринбосари Сайидамир Ҳусайний март ойи охирларида Ўзбекистонда бошланган аксилтожик намойишлари моҳиятан Роғун ГЭСи қурилиши атрофидаги баҳсларга бориб тақалади, деган фикрда.

- Ислом Каримов аввал бошдан Тожикистоннинг энергетик мустақилликка эришишига қарши бўлиб келган. Гарчи бу борада аввал очиқ айтилмаган эса-да, бугунги намойишлар ортидан ўзбек президентининг кўнглидагилари ошкор бўлди. Каримов бошлиқ қўшни мамлакат расмийлари бизга нисбатан ўта носоғлом сиёсатни амалга оширмоқда. Яъни биз учун хорижга чиқадиган ягона темир йўлни тўсиб, вагонларимизни тўхтатиб қолишлари, йўловчи поездларни пикет қилиб, бегуноҳ одамларга таҳдид қилишлар ва ҳакозолар шулар жумласидандир. Менимча, бу хил муносабат бир кун келиб бу томоннинг сабр косаси тўлиб тошишига сабаб бўлиши мумкин, дер экан Ислом уйғониш партияси расмийси Тожикистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарлари бу борада чуқурроқ мулоҳаза юритиб, иш кўришлари лозимлигини қайд этади.

Тожикистон Демократик партияси раиси Масъуд Собир ҳам бу фикрларни қувватлар экан, икки ўртадаги келишмовчиликларни бир-бирига шарт қўйиш ёки таҳдид қилиш билан ҳал қилиб бўлмаслигини таъкидлайди.

- Ўзбекистон экологлари атрофида тўпланган ўзбекистонликларнинг иддаоларида асос бордир. Аммо Ўзбекистоннинг чегараолди туманларда мавжуд корхоналари тарқатаётган заҳарли чиқиндилар мамлакатимиз шимолий ҳудудларини ўта оғир экологик ҳолатга олиб келганини у томон ҳам тан олсин. Лекин биз бу борада оғиз очмаяпмиз-ку. Орадаги муаммоларни дипломатия йўли билан ҳал қилишимиз лозим, бир-биримизга мушт кўрсатиш билан эмас, дейди Демократлар лидери Масъуд Собир.

Тожикистон Социал-демократик партияси раиси ўринбосари Амният Абдуназаров фикрича, ўзбек-тожик муносабатларининг тобора кескинлашаётганига Ислом Каримов ва Имомали Раҳмон ўртасида ҳамон сақланиб қолаётган кина-адоват сабаб бўлмоқда.

- Роғун ГЭСи ёки экология масаласи, Талко заводи каби масалалар бу шунчаки баҳона. Бу кескинлашувнинг илдизи яна Имомали Раҳмон ва Ислом Каримовнинг шахсий амбицияларига зўр бериши ва кўпдан буён икки давлат раҳбарлари орасида давом этиб келаётган ўзаро хусуматга бориб тақалади. Тожик ва ўзбек халқи, яъни оддий халқ тинчлик, дўстлик тарафдори. Баъзида сиёсатчилар халқнинг соддалигидан ўз манфаати йўлида фойдаланади. Ўзбекистон айрим туманларида давом этаётган пикетларнинг асл моҳиятини ўша тадбирда қатнашаётганларнинг кўпчилиги балки билмас. Лекин, менимча, бу яхши оқибатларга олиб бормайди, дея мулоҳаза билдиради Социал-демократлар расмийси Абдуназаров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG