Линклар

logo-print

Бағдоддаги элчихоналар худкушлар ҳужумига учради


Якшанба куни Бағдодда рўй берган портлашлардан чиққан тутун шаҳарнинг ҳар еридан кўриниб турди

Якшанба куни Бағдодда рўй берган портлашлардан чиққан тутун шаҳарнинг ҳар еридан кўриниб турди

Ироқ рсмийлари якшанба куни Бағдоддаги элчихоналар олдида худкуш шахслар учта машинани портлатиб юборгани оқибатида камида 42 киши ҳалок бўлгани ва 200дан ортиқ одам жароҳатланганини маълум қилди. Худкуш ҳужумлари Ироқдаги парламент сайловларидан кейин вужудга келган сиёсий бўҳрон авж олаётган пайтга тўғри келди.

Ироқ расмийларининг маълум қилишича, якшанба кунги портлашлар бир неча дақиқа ичида бирин-кетин рўй берган.

Портлашларда камида 42 киши ҳалок бўлди ва 200 дан ортиқ одам жароҳатланди.

Хабарларга кўра, портлашлар оқибатида, ён-атрофдаги бинолар ойналарини чил-парчин бўлган ва чиққан тутун пойтахтнинг ҳар еридан кўриниб турди.

Бағдод хавфсизлик кучлари матбуот вакили генерал майор Қосим ал-Муссавий худкуш бомбачилар дипломатик ваколатхоналарини нишонга олганини баён қилди.

Портлашларнинг иккитаси Бағдоднинг Мансур туманида рўй берди, у ерда бир нечта дипломатик миссиялар, жумладан, Миср ва Германия элчихоналари жойлашган.

Учинчи машина Бағдоднинг қаттиқ қўриқланадиган Яшил зонасида жойлашган Эрон элчихонаси олдида портлади.

Озодлик радиосининг Ироқ хизмати мухбири Саад Комил учинчи портлаш рўй берган жойдан буларни хабар қилди:

- Бағдод вақти билан соат 11:30 ларда учта портлаш шаҳарни тиртратиб юборди. Иккита портлаш Мансур туманида рўй берди. Учинчи портлаш энг кучли бўлиб, Эрон элчихонаси ва Кўчмас мулк банки ёнида рўй берди. Банкнинг биносига қаттиқ зарар етказилди. Ўнлаб банк ходимлари ҳалок бўлди ва жароҳатланди; ўнлаб машиналарга зиён етди, дея хабар қилди Озод Ироқ радиоси мухбири.

Миср, Германия ва Эрон расмийлари ўз мамлакатлари элчихоналари ходимларидан ҳеч кимга зарар етмаганини маълум қилдилар.

Ироқдаги Эрон элчиси Ҳасан Козимий Қомий портлаш элчихона дарвозаси олдида содир бўлгани ва бинога бироз зарар етганини маълум қилди.

Якшанба кунги портлашлар, ўтган жума куни Бағдод яқинидаги Албусайфий қишлоғилда қуролланган шахслар 24 кишини ўлдириб кетгани ортидан содир этилди.

Ироқ хавфсизлик кучлари матбуот хизматига кўра, бу ҳужумни содир этганлар АҚШ ҳарбийлари кийимни кийиб олиб, ўзларининг ҳақиқатан ҳам Америка аскарлари, деб кўрсатиш учун бир-иккитаси инглизча ҳам гапирган.

Ҳозирда Албусалфий қишлоғидаги воқеаларга алоқадорликда гумон қилиниб 25 киши қўлга олингани айтилмоқда.

Ўлдирилганлар Ироқдаги Ал-Қоидага қарши курашган сунний гуруҳ аъзолари бўлган.

Ироқ расмийлари мазкур ҳужум орқасида Ал-Қоида турганини баён қилди.

Якшанба кунги портлашлар Ироқдаги парламент сайловларидан кейин вужудга келган сиёсий бўҳроннинг авж олаётгани пайтига тўғри келди.

7 март кунги сайловлар натижасига кўра, мамлакатдаги бирорта сиёсий блок парламентдаги кўпчилик ўринларни эгаллай олмади.

Хавфсизлик кучлари сиёсий кучларнинг коалиция тузиш уринишлари чўзилиб кетадиган бўлса, бу жанггарилар учун Ироқни беқарорлаштириш имконини беришидан огоҳлантириб келмоқда.
XS
SM
MD
LG