Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:51

БМТ Бош котиби Тошкентда


Хабарларга кўра, бугун БМТ бош котиби Бан Ки Муннинг Марказий Осиё минтақасидаги экологик вазият юзасидан қисқа баёнот билан чиқиши кутилмоқда.
Хабарларга кўра, бугун БМТ бош котиби Бан Ки Муннинг Марказий Осиё минтақасидаги экологик вазият юзасидан қисқа баёнот билан чиқиши кутилмоқда.

4 апрел куни Қорақалпоғистонда бўлган БМТ бош котиби Бан Ки Мун куннинг иккинчи ярмида Тошкентга учиб кетди. Ўзбекистон пойтахтига етиб келган юқори мартабали меҳмон мамлакат президенти Ислом Каримов билан учрашди.

БМТ бош котиби Бан Ки Мун шарафига уюштирилган қабул маросимида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов БМТ Ўзбекистонда глобал хавфсизлик барқарорликни қўллаб турувчи дунёдаги ягона универсал халқаро ташкилот сифатида қаралиши қайд этди.

- Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, ер юзидаги миллионлаган одамлар қашшоқлик ва турли хасталиклар, наркобизнес ва наркотрафикка қарши кураш, сайёрамиздаги ҳалокатли иқлим ўзгариши каби замонавий хавф-хатарларга ечим топишда, кўплаб минтақаларда поёнига етмаётган зиддиятларни бартараф қилишда, давом этаётган молиявий-иқтисодий бўҳронни тез орада ҳал қилиш ва жаҳон иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлашда йўллар қидириш бўйича БМТга катта умидлар билан қарайдилар, дея иқтибос келтиради Жаҳон ахборот агентлиги Ислом Каримов нутқидан.

Қабул маросимида Ўзбекистон президенти, шунингдек, БМТ бош котибига юзланаркан, Бан Ки Муннинг бу мақомда Марказий Осиё ва Ўзбекистонга ташрифи унинг минтақада юзага келаётган вазият билан яқинроқ танишиш ва барчани бирдек ташвишга солаётган долзарб муаммолар бўйича фикр алмашиш учун ажойиб имконият яратишини айтди.

Ўзбекистон президенти нутқининг асосий қисми минтақадаги экологик муаммолар ва Афғонистондаги вазиятга бағишлангани эътиборга олинса, Ислом Каримов долзарб муаммолар деганда айнан нимани назарда тутгани маълум бўлади. Ўз нутқида Каримов минтақада демократия ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича бирор гап айтгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, апрел ойи охирида 18 экспертдан иборат БМТ қўмитаси Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволнинг аянчли эканини қайд этароқ расмий Тошкентга қатор тавсиялар берган эди.

Аснода Бан Ки Муннинг мамлакатга ташрифи арафасида Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси БМТ бош котибига очиқ хат билан мурожаат қилдилар. Мурожаат муаллифлари бош котибга мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол ҳақида қисқача маълумот бериб, уни ўзбек расмийлари гапларига ишонмасликка чақирганлар.

“Президент Каримов ва унинг амалдорлари Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларга риоя қилмай, ҳокимиятдан бойлик орттириш ва ўз роҳат-фароғати йўлида фойдаланмоқдалар”, дейилади ҳуқуқ ҳимоячилари алянси мурожаатномасида.

Алянс вакиллари Ўзбекистондаги ишсизлик, қамоқхоналардаги аҳвол, қийноқ амалиётининг давом этаётгани, мустақил мусулмонларнинг таъқиб қилинаётгани, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан ўтказилаётган босимлар, мухолифатнинг йўқлиги, Андижондаги қатлиом учун ўзбек расмийларидан ҳеч ким жавобгарликка тортилмагани каби муаммоларга эътибор қаратарканлар, БМТ Бош котибидан ўз ваколатларини ишга солган ҳолда мамлакат раҳбариятини жавобгарликка тортишни сўрайди.

“Юқорида баён этилганларни эътиборга олган ҳолда, Алянс ҳуқуқ ҳимоячилари Сиздан БМТ Низоми ва БМТ Халқаро Жиноий Суди моддаларига асосланган ҳамда БМТ Хавфсизлик кенгаши салоҳияти ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда инсонийликка қарши жиноят қилган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, бош прокурор Рашид Қодиров, бош вазир Шавкат Мирзиеёв, омбудсвумен Сайёра Рашидова куч ишлатар маҳкамалар вазирларини жиноий жавобгарликка тортилишида кўмаклашишингизни сўрайди. Уларни халқаро трибунал билан суд қилиш лозим!”, дейилади Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянсининг БМТ Бош котибига қилган мурожаатида.

Кузатувчиларга кўра, ўзбек расмийлари турли воситаларини ишга солган ҳолда маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларини бугун Тошкентда бўлиб турган БМТ бош котиби билан учраштирмасликка ҳаракат қилишлари ҳақиқатга яқинроқ.

Айни пайтда Бан Ки Муннинг Ўзбекистондаги инсон ҳақлари билан боғлиқ аҳвол хусусида бирор баёнот билан чиқиши мумкинлиги ҳақида ҳам маълумот йўқ. Ахборот агентликлари БМТ бош котибининг Марказий Осиё давлатларидаги экологик вазият юзасидан қисқа баёнот билан чиқиши кутилаётгани ҳақидагина хабар қилмоқдалар.

5 апрел куни Тошкент вақти билан соат 13.00 да Тожикистонга учиб кетиш олдидан Бан Ки Муннинг журналистлар билан учрашуви режалаштирилган.

31 март куни Марказий Осиё бўйлаб сафарини Туркманистондан бошлаган БМТ бош котиби ўтган уч кун ичида Қирғизистонда ҳам бўлишга улгурди.

Бугун Ўзбекистондан жўнаб кетадиган Бан Ки Муннинг, шунингдек, Тожикистон ва Қозоғистонга ҳам сафар қилиши кутилаяпти.
XS
SM
MD
LG