Линклар

БМТ Бош котиби Душанбега боради


Марказий Осиё сафари доирасида бугун куннинг иккинчи ярмида Тожикистонга келиши кутилаётган Бан Ки Мун бу мамлакат президенти Имомали Раҳмон билан учрашуви чоғида минтақа сув заҳиралари тақсимоти ва энергетик лойиҳалар, хусусан, Роғун ГЭС қурилиши масаласини муҳокама қилиши айтилмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги масъули Давлат Назриев Тошкентдан сўнг Душанбега келиши кутилаётган БМТ Бош котиби Тожикистоннинг минтақа сув заҳираларини тақсимлаш ва энергетик лойиҳаларига доир таклифларини албатта қувватлашига ишонишини маълум қилди.

- Тожикистон давлат раҳбари билан учрашуви чоғида БМТ расмийси минтақа сув заҳиралари тақсимоти масаласига алоҳида эътибор қаратади ва Тожикистоннинг бу борадаги таклифларини қувватлайди, деган умиддамиз. Зеро, Тожикистоннинг бу борада, хусусан, энергетика лойиҳалари масаласида ўз позициясидан мутлақо чекинмоқчи эмас. Биз бу лойиҳалар ижросида нафақат ўз манфаатларимизни, балки минтақа давлатларининг ҳам манфаатларини назарга олганмиз, деди Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Озодлик радиосининг тожик хизмати мухбири билан суҳбатда.

Айни пайтда, Давлат Назриевга кўра, Ўзбекистон томони Роғун ГЭСи қурилишига ҳамон қаршилик кўрсатиб, бу иншоот лойиҳаси халқаро экспертизадан ўтказилишини талаб қилиб келаяпти.

- Шуни ҳам айтиш лозимки, Тожикистон ҳукумати қўшниларнинг бу таклифига рози ва бу борада Жаҳон банки билан зарур ҳужжатлар имзоланди, деди Ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Мустақил таҳлилчилар ҳам Тожиикистон ва Ўзбекистон муносабатларига соя солиб турган Роғун ГЭСи лойиҳаси ва минтақа сув заҳиралари тақсимоти масалалари атрофидаги қўшнилар келишмовчиликлар БМТ Бош котибининг минтақага сафари чоғида ҳал этилишига умид билдирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG