Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:38

Хайрулла Ҳамидов иши суддан яна терговга қайтди


"Холислик сари" диний дастурлари муаллифини холис маҳкама кутаëтганига унинг мухлислари ишонмайроқ турибдилар.
"Холислик сари" диний дастурлари муаллифини холис маҳкама кутаëтганига унинг мухлислари ишонмайроқ турибдилар.

Тошкентдан олинган хабарларга кўра¸ Ўзбекистонлик таниқли журналист Хайрулло Ҳамидов ва бошқалар устидан очилган жиноят иши Тошкент вилоят жиноят ишлари суди томонидан қайта терговга жўнатилди.

Хайрулла Ҳамидов ва бошқа 39 айбланувчи устидан суд жараёни 5 апрел, душанба куни эрталаб соат 10 да Тошкент вилоят жиноят ишлари судида бошланиши кутилаётган эди, дейди Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раиси Суръат Икромов.

Жараён бошланиши бошқа кунга кўчирилгани тўғрисида Суръат Икромовга номи тилга олинган суд котиби маълум қилган.

- Суд котиби билан мен гаплашдим. Бугун қолдирилди бу суд. Жиноят иши тергов органига доследование учун орқага юборилган. Яъни бошқаттан қараб чиқиш учун дейишди. Суднинг қачон бўлиши ҳозирча номаълум қолаяпти¸ дейди Суръат Икромов.

Суръат Икромовнинг айтишича, Хайрулло Ҳамидовдан ташқари яна 39 киши – Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида яшовчи фуқаролар - ўз устларидан судлов бошланишини кутмоқда.

Улар Жиноят кодексининг 244-моддаси, 1-бандида назарда тутилган жиноят - жамоат тартибига хавф солувчи материалларни тайёрлаш ёки тарқатишда айбланмоқда.

Жиноят ишини кўриб чиқиш бошланмаёқ унинг қайта терговга жўнатилишини Суръат Икромов мана бундай тушунтирди.

- Сабаби¸ менимча¸ жиноят ишида қандайдир камчиликлар бўлса керак. Мисол учун¸ қандайдир исбот-далиллар йўқми¸ қандайдир қоғозлар¸ етишмовчиликлар бўлган бўлиши мумкин. Ўша пайтда бу делопроизводстводан олинмаган. Яъни булар қабул қилиб олган¸ аммо делопроизводствога қўймаган. Демак делопроизводствога қўймасдан орқага юборган. Энди бўлади бунақа ҳоллар¸ дейди Суръат Икромов.

Футбол шарҳловчиси¸ сўнгра эса Наврўз радиоси орқали эфирга узатилиб¸ сўнгра дискларда сотила бошланган диний дастурлари билан ўзбекистонликлар¸ айниқса ëшлар орасида танилган Хайрулла Ҳамидов шу йил 21 январ куни ҳибсга олинган эди.

Аввалига Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳибсхонасида сақланиб¸ кейинчалик Тоштурмага ўтказилган Хайрулла Ҳамидовга дастлаб Ўзбекистон Жиноят кодексининг 216- моддаси бўйича “ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш ёки уларнинг фаолиятини тиклаш, шунингдек, бундай бирлашмалар ёки ташкилотлар фаолиятида фаол қатнашиш” айби қўйилди.

Аммо февралда бу айб олиб ташланиб¸ эндиликда Хайрулла Ҳамидовга 244-моддаси 1-қисми: Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайëрлаш ва тарқатиш айби қўйилмоқда. Ўзбекистон жазо қонуни бу айбда айбдор деб топилган шахсга энг кам иш ҳақининг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ëки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ëхуд 6 ойгача қамоқ ëки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилишни кўзда тутади.

Суднинг Хайрулла Ҳамидов ва бошқалар ишини қайта терговга юбориши ниманинг аломати бўлиши мумкин?

Суръат Икромов бу саволга жавобан мана бундай деди:

- Масалан¸ орқага қайтарилдими бу тергов органига катта зарба бўлади. Нимагаки¸ чала қилинган иш деб ҳисобласа бўлади буни. Шунақа воқеалар ҳам бўлган. Тергов органининг ўзида буларнинг ишини¸ буларни чиқариб юбориши ҳам мумкин. Бунақа ҳоллар ҳам бўлган. Ëки бир қисмини чиқариб юбориб¸ қолганларига нисбатан нима қиладими. Бунақа ҳоллар ҳам бўлган. Ҳозир бир нарса дейиш қийин. Энди буни вақт кўрсатади. Лекин суд ҳам¸ тергов ҳам тупиковой аҳволга кириб қолганга ўхшаяпти¸ дейди Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG