Линклар

logo-print

БМТ Бош котиби Тошкент сиëсатини қувватлади

  • Садриддин Ашур

Бош вазир Шавкат Мирзиëев ҳамроҳлигида Оролбўйига борган БМТ Бош котиби бу ерда кўрганларидан даҳшатга тушди.

Бош вазир Шавкат Мирзиëев ҳамроҳлигида Оролбўйига борган БМТ Бош котиби бу ерда кўрганларидан даҳшатга тушди.

Ўзбекистонга қилган икки кунлик сафарини якунлаган Бан Ки Мун мезбон ҳузурида қилган баëнотларида мамлакат ҳукумати сиëсатини олқишлади¸ айни пайтда Тошкентни ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажаришга чақирди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Муннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи Қорақалпоғистон республикасидан бошланди. 4 апрел куни БМТ Бош котиби деярли қуриб битган Орол денгизи бўйидаги шаҳар Мўйноқда бўлди. Кўрганларидан қаттиқ таъсирланган Бан Ки Мун Орол денгизини “дунёдаги энг ёмон экологик фожеалардан бири” деб атади.

БМТнинг расмий сайтида ёзилишича, Бан Ки Мун Оролда кўрганларидан даҳшатга тушган:

- Бу ҳақиқатан ҳам менда жуда хунук таассурот қолдирди. Мен лангаргоҳ, анқироғи қачонлардир лангаргоҳ бўлган жойда туриб ҳеч нарсани кўрмадим. Мен фақат қумга ботиб ётган кемалар қабристонини кўрдим. Бу жуда ҳам даҳшатли эди. Бу бизнинг ўз табиий бойликларимизни қандай йўқ қилаётганимизнинг ва табиатни эҳтиёт қилмаётганимизнинг очиқ-ойдин намунаси эди, деди Бан Ки Мун сувсиз қолган Оролга боқа туриб.

Бу ҳайратлар билан ўша куни Тошкентга келган Бан Ки Мун президент Ислом Каримов билан учрашди. 5 апрел куни журналистлар билан бўлган матбуот анжуманида Бан Ки Мун бу учрашув ҳақида гапирар экан, Орол муаммосига алоҳида тўхталиб ўтганини таъкидлади.

- Президент Каримов билан Оролни қутқариш халқаро фондининг 2009 йилда бўлиб ўтган саммити натижаларини муҳокама қилдик. Мен бу конференцияда қабул қилинган асосли қарорлар ҳақида ахборот олдим ва бу қарорларни тезроқ амалиётга киритишга даъват этдим, деди БМТ бош котиби.

Бан Ки Мун билан ўтказилган матбуот анжуманида қатнашган журналистлардан бирининг айтишича, БМТ Бош котиби Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласига тўхталмаган. Бан Ки Мун инсон ҳуқуқларини таъминлашда Ўзбекистон муҳим ишларни амалга ошираётганини таъкидлаган, жумладан мамлакатда ўлим жазосининг бекор қилинишини, Ўзбекистоннинг БМТ судига қўшилишини олқишлаган. Айни пайтда Бан Ки Мун Ўзбекистонни инсон ҳуқуқлари бўйича ўзига олган мажбуриятларни бажаришга даъват этган:

- Мен Ислом Каримовни ва Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари бўйича имзолаган барча халқаро конвенцияларни ва шартномаларни бажаришга даъват этаман, деди Бан Ки Мун.

БМТ Бош котиби ушбу гапларни айтиб турган бир пайтда, Тошкентдаги бир қанча инсон ҳуқуқи ҳимоячилари уй қамоғида сақланиб турди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алъянси фаоли Елена Урлаеванинг айтишича, айрим ҳуқуқ фаоллари 5 апрел куни БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси олдида пикет ўтказишни режалаштирган бўлган. Бироқ унда қатнашмоқчи бўлган ҳуқуқ фаоллари эрталабдан уйларидан чиқарилмади.

- Бугун душанба 5 апрел куни Елена билан бизникида учрашмоқчи эдик. Соат 8:30 ларда қўнғироқ қилдилар. Келаверинг¸ дедим. Ярим соатлардан кейин Елена яна қўнғироқ қилди. Махсус хизмат ходимлари Еленанинг уйига бориб олиб¸ уйидан чиқармаган. Кейин “Агар хоҳласангиз¸ сиз келинг” деб қўнғироқ қилди. Кейин “Майли борарман” деб тайëргарлик кўриб турган эдим¸ “Йўқ борадиган бўлдим” деб келди. Еленани иккита махсус хизмат ходимлари олиб келиб квартирамнинг эшигидан киргазди ва Еленага ҳам¸ менга ҳам “Уйдан чиқмай туринглар. Пастда сизларни кутиб ўтирамиз” деб чиқиб кетди. Чиқиб кетиши билан биз озгина хабар ëзиб тарқатмоқчи эдик. Кейин қарасак интернет уланмади. Уй телефонини узиб қўйишибди¸ дейди Саломат Бойматова.

5 апрел куни БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Тошкентдан Душанбега жўнаб кетди. Тожикистон сафаридан сўнг у минтақавий сафарини Қозоғистонда ниҳоясига еткизади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG