Линклар

logo-print

Тожик журналистлари БМТ Бош котиби билан учрашолмади

  • Гулнора Равшан

Бугун БМТ Бош котиби билан учрашолмаган журналистлар тожик расмийларининг 6 апрел куни Бан Ки Мун иштирокида матбуот анжумани ўтказилажаги ҳақидаги ваъдасини қўлтиқлаб уйларига қайтдилар.

Бугун БМТ Бош котиби билан учрашолмаган журналистлар тожик расмийларининг 6 апрел куни Бан Ки Мун иштирокида матбуот анжумани ўтказилажаги ҳақидаги ваъдасини қўлтиқлаб уйларига қайтдилар.

Марказий Осиё сафари доирасида 5 апрел куни соат 14.00 да Душанбега учиб келган Бан Ки Мун Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан унинг марказдаги саройларидан бирида учрашди.

Аввал яккама-якка суҳбат шаклида, кейин эса кенгайтирилган форматда олиб борилган музокаралар ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Маҳаллий ва хорижий журналистлар президент Имомали Раҳмоннинг сарой саҳнида Бан Ки Мунни бағрига қаттиқ босиб, биродарларча кўришиши, сўнгра музокара залига олиб кириб кетишини кўриш билан чекланишга мажбур бўлдилар.

Бир ярим соатга мўлжалланган музокара роса уч ярим соатга чўзилди. Узоқ суҳбатлардан сўнг ташқарига чиққан Имомали Раҳмон ва Бан Ки Мун саройдаги бошқа залга кўчишди. Аммо журналистлар яна ичкарига киритилмади.

Журналистларнинг Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Давлат Назриев билан ўзаро суҳбатларидан маълум бўлишича, бу залда Тожикистон томони меҳмонга тожик-ўзбек чегараларида пиёдаларга қарши кўмилган миналардан қурбон бўлган ёки мажруҳ бўлиб қолган ёш гўдаклар ва аёллар расмларидан иборат даҳшатли манзараларни акс эттирувчи кўргазмани намойиш қилганлар.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, бундан кўзланган мақсад БМТ Бош котибини ўзбек-тожик муносабатларига соя солаётган яна бир муҳим муаммо билан яқиндан таништиришдир.

Бугун БМТ расмийсининг Роғун ГЭСи қурилиши майдонига бориши ҳам режалаштирилган эди. Аммо Ташқи ишлар вазирлиги расмийларидан олинган маълумотларга кўра, Бан Ки Мун жанобларининг у ёққа сафари номаълум сабаблар билан қолдирилган.

БМТ Бош котиби Душанбега сафари давомида 5 апрел куни кечга яқин Тожикистон қуйи палатаси раиси Шукуржон Зуҳуров билан ҳам учрашди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари Бан Ки Муннинг Душанбега сафари 6 апрел куни ниҳоясига етишини, бугун қолдирилган матбуот анжумани эса эртага куннинг биринчи ярмида ўтказилишини маълум қилишди.
XS
SM
MD
LG