Линклар

Покистонда қонли душанба


Пешовардаги портлаш жойида ҳозирда АҚШ мутахассислари ишламоқда.

Пешовардаги портлаш жойида ҳозирда АҚШ мутахассислари ишламоқда.

5 март куни толибон жангариларининг Пешовардаги АҚШ консуллиги биносига қилган ҳужуми оқибатида камида 8 киши нобуд бўлди, ўнлаб шахс тан жароҳати олди. Шу куни мамлакат шимол- ғарбидаги портлаш оқибатида камида 45 фуқаро нобуд бўлди.

Қуролланган номаълум шахсларнинг Пешовардаги АҚШ консуллигига уюштирган ҳужуми ортидан тез тиббий ёрдам машиналари воқеа жойига ошиқдилар.

Дастлабки маълумотларга кўра, худкуш шахс ўзини консулликнинг асосий дарвозаси ёнида портлатиб юборган. Полициянинг билдиришича, ҳужум қилган шахслардан биронтаси ҳам консуллик ичкарисига кира олмаган.

Гувоҳларнинг билдиришича, отишма овозлари эшитилгач, АҚШ консуллиги ёнида кетма кет портлашлар содир этилган.
Ҳозирча тасдиқланмаган хабарларга кўра, консуллик жойлашган бинога шикаст етказилган. Бугунги ҳужумларда АҚШ фуқаролари ёки консулликнинг маҳаллий ходимлари тан жароҳати олгани ёки олмагани ҳозирча аниқ эмас.

Покистондаги Толибон ҳаракати консуллик биносига қилган ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди. Ўзини Азам Ториқ деб таништирган шахс бугунги ҳужумлар АҚШ ҳаво зарбаларига жавобан амалга оширилганини билдирди.

Покистоннинг Афғонистон чегарасига яқин ҳудудларда учувчисиз бошқариладиган учкиқлар ёрдамида берилаётган ҳаво зарбалари ортида айнан АҚШ тургани айтилади. Бу каби ҳаво зарбаларида толибларнинг бир нечта етакчиси йўқ қилинди. Бироқ кўп сонли тинч аҳоли вакиллари ҳам ушбу зарбалар қурбонига айланди. Расмий Вашингтон Покистон ҳудудида берилаётган ҳаво зарбаларини шу кунгача изоҳламаган.

Айни пайтда толиблар вакили бу каби ҳужумларнинг давом эттирилиши ҳусусида огоҳлантирди.

- Америкаликлар бизнинг душманимиз, улар қаерда бўлмасин биз уларни нишонга оламиз, дея қўшимча қилди Азам Ториқ.

Шу куннинг ўзида Покистоннинг Пастки Дир туманида дунёвийлик тарафдори бўлган Амави миллий партияси вакилларининг катта йиғини чоғида худкуш шахс ўзини портлатиб юборди. Ушбу ҳужум оқибатида камида 40 киши нобуд бўлди, 100дан ортиқ киши тан жароҳати олди.

Полициянинг билдиришича, худкуш шахс ўз баданига боғланган 10 кгга яқин портловчи моддасини ҳаракатга келтирган.

Бугунги портлашлар ортидан Исломободда парламент мажлиси чоғида чиқиш қилган мамлакат президенти Осиф Али Зардорий жангариларга қарши кураш оҳиригача олиб борилишини таъкидлади.

-Сўнгги пайтда экстремизм ва жангарилик миллий хавфсизлигимизга бўлган энг катта таҳдидлардан бири бўлиб келмоқда. Мен сизларни ишонтирмоқчиманки, жангариларга қарши курашни оҳирига қадар олиб борамиз. Ҳаётимизни хавф-хатарга қўйишга тайёрмиз, бироқ мамлакатимизни жанггарилар қўлига топшириб қўйишга тайёр эмасмиз, деди Покистон президенти.
XS
SM
MD
LG