Линклар

Карзай баёнотлари Оқ уйнинг ғашига тегмоқда


Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг баёнотлари Вашингтон билан Кобул ўртасидаги муносабатларни тобора таранглаштираяпти.

АҚШ Давлат Департаменти Карзайнинг Афғонистон парламенти вакилларига Ғарб давлатлари унга нисбатан ҳукуматни ислоҳ қилиш борасида босимни давом эттирадиган тақдирда Толибон жангариларига қўшилиш билан таҳдид қилганига оид хабарларга ўз муносабатини билдирди.

- Мен бу масалага эҳтиёткорлик билан ёндашган бўлардим. У, яъни Карзай Толибон ҳақида нима деганини изоҳлай олмайман. У Афғонистоннинг сайланган раҳбаридир, биз у ва унинг ҳукумати билан яқиндан ишламоқдамиз. Қолаверса, ўтган ҳафта айтганимдек, асосий масала президент Карзай билан Қўшма Штатлар ўртасидаги муносабатларда эмас. Масаланинг моҳияти президент Карзай, унинг ҳукумати ва халқи ўртасидаги муносабатлардадир. Пировардида у ўз халқига етакчилик қобилияти ва салоҳиятини кўрсата олиши лозим, деди АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Филлип Кроули.

Айни пайтда, Карзай ҳорижликларни ўтган йилги сайловлар пайтида натижаларни сохталаштириш мақсадида сайлов комиссияси расмийларига пора берганлик ва қўрқитганликда айблаб айтган фикрларидан қайтишдан бош тортмоқда.

BBC телеканалига берган интервюсида Карзай сайлов ҳақида айтган гапларининг “ҳаммаси ҳақиқат” эканини таъкидлаб, бунинг орқасида Қўшма Штатлар турганини баён қилди.

Ўтган жума куни Карзай вужудга келдган тангликни бироз юмшатиш учун АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтонга қўнғироқ қилди.
Бироқ, Оқ уй матбуот котиби Роберт Гиббсга кўра, “ўшандан бери вазият яхшиланмаган кўринади.”

Гиббс, шунингдек, Карзайнинг сўзлари борасида “Америка халқи номидан” хафсаласи пир бўлганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG