Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:19

Оқ уй Пешовардаги ҳужумни қоралади


Жангарилар қаттиқ қўриланадиган АҚШ консуллиги биносига бостириб киришга муваффақ бўлолмади.
Жангарилар қаттиқ қўриланадиган АҚШ консуллиги биносига бостириб киришга муваффақ бўлолмади.

Покистоннинг Пешовар шаҳридаги АҚШ консуллигига Толибон ҳаракати томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида камида етти киши ҳалок бўлиб, яна бир неча одам жароҳатланди.

Пешовардаги АҚШ консуллигига автомат ва гранатомётлар билан қуролланган жангарилар ҳамда худкуш бомбачилар ҳужум уюштиргач, у ерга хавфсизлик кучлари ва тез ёрдам машиналари етиб борди.

Ҳужум оқибатида, камида етти киши, жумладан, ҳужумчилардан иккитаси ҳалок бўлгани айтилмоқда.

Пешовардаги АҚШ консуллиги ҳалок бўлганларнинг камида икки нафари консуллик биносини қўриқлаган Покистон хавфсизлик кучлари ходимлари эканини тасдиқлади. АҚШ фуқаролари орасида қурбонлар йўқ.

Хабарларга кўра, худкуш бомбачилардан бири ўзини консуллик дарвозаси олдида портлатиб юборган. Бироқ Покистон полициясига кўра, жангариларнинг бирортаси қаттиқ қўриқланадиган АҚШ консуллиги биноси ичига киришга муваффақ бўлолмаган.

Воқеа гувоҳларининг айтишича, консуллик олдида рўй берган бир нечта қаттиқ портлашлардан кейин автомат ва гранатомётлардан ўт очилган.

Мазкур ҳужум учун масъулиятни Толибон ҳаракати ўз зиммасига олди.

АҚШ Давлат Департаменти матбуот котиби Филип Кроули Вашингтонда қилган чиқишида Қўшма Штатлар мазкур ҳужумни кескин қоралашини баён қилди.

- Бугунги ҳужумлар қабиҳ экстремистларнинг Покистон демократиясига путур етказиш ҳамда одамлар орасида қўрқув ва зиддиятлар уруғини экишни мақсад қилган зўравонлик фитнасининг бир қисмидир. Бу ҳужум АҚШ ва Покистонга таҳдид солаётган зўравон экстремистларни йўқ қилишимиз қанчалар муҳимлигини яна бир бор намойиш қилди, деди АҚШ расмийси.

Ўзини Покистондаги Толибон ҳаракати матбуот вакили деб таништирган Аъзам Ториқ душанба кунги ҳужумлар Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудларидаги жанггариларга қарши қилинган “ҳаво ҳужумлари учун қасос”, дея баён қилди.

Қўшма Штатлар учувчисиз учқичлардан амалга оширилиб, кўплаб Толибон жангарилари, жумладан, ҳаракатнинг бир неча нафар нуфузли етакчиларини йўқ қилган ҳужумлар учун масъул, деб кўрилади. Бу ҳужумлар оқибатида кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳам ҳалок бўлган. Расмий Вашингтон Покистон ҳудудида учувчисиз учқичларнинг ишлатилиши юзасидан изоҳ бермай келади.

Толибон матбуот вакили яна ҳужумлар уюштирилишидан огоҳлантирди.

“Америкаликлар бизнинг душманларимиздир”, деган Ториқ, “америкаликлар бўлган ҳар бир жойни нишонга оламиз”, дея таҳдид қилди.

Ториқ душанба куннинг биринчи ярмида Шимоли-Ғарбий вилоятда дунёвийлик тарафдори бўлган Амави миллий партияси вакилларининг катта йиғини чоғида худкуш амалга оширган портлаш ҳақида гапирмади. Бу ҳодисада 40 чоғли одам ҳалок бўлиб, 70 дан зиёд киши жароҳатланди.

Партия тарафдорлари Шимоли-Ғарбий вилоятининг номи этник пуштунлар шарафига Хайбар Пахтванхваҳга ўзгартирилишига оид қарорни нишонлагани Тимар Гироҳ шаҳарчасида тўпланганди.

Маҳаллий полицияга кўра, намойишчилар ичига кириб борган худкушнинг танасида 10 килограммгача портловчи модда бўлган.

Амавий миллий партияси маҳаллий ҳокимиятни назорат қилади ва ҳукуматнинг бу вилоятда Толибонга қарши кураш уринишларини қўллаб-қувватлайди. Шимоли-Ғарбий вилоят ўтган йили Покистон қўшинлари жангариларга қарши катта операцияни амалга оширган Сват водийси яқинида жойлашган.

Хабарларга кўра, душанба кунги портлашда Амавий миллий партияси етакчиси Султон Зеб ҳам ҳалок бўлган. Партия матбуот вакили бу ҳужумни уюштирганлар “на мусулмон, на пуштун ва на инсонлардир”, деди.

Амавий миллий партиясининг вилоят бўлими раҳбари Хошим Бабар Озодлик радиоси Покистон хизматига берган интервюсида мазкур ҳужумлар ҳукумат амалга ошираётган ҳарбий амалиётлар жангариларни бурчакка қисиб қўйгани ва айни пайтда улар янгича тактикани қўллай бошлаганидан далолат беришини таъкидлади.

- Менимча, ҳозирда Ўракзай қабилалар минтақасида йирик амалиётлар олиб борилмоқда ва бугун Пешоварда рўй берган воқеалар бу операцияларга қарши ҳаракат маҳсулидир. Лекин жангарилар Пешоварда уюштирган ҳужумлар уларнинг янги тактикани қўллай бошлаганини кўрсатмоқда. Бу террорчиларнинг нафақат бомбалар, балки ён-атрофдаги уйлар томларидан туриб хавфсизлик кучлари билан бевосита жангга киришганига оид биринчи воқеадир, деди покистонлик сиёсатчи.

Покистон Бош вазири Юсуф Ризо Ғилоний ҳужумчиларни “ҳукуматнинг террорчиларга қарши операцияларига путур етказиш мақсадида одамлар орасида ваҳима туғдиришга уринаётган ғаламислар”, дея атади.
XS
SM
MD
LG