Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:53

Жиззахда судланувчиларнинг яқинлари намойиш ўтказди


Жиззахда экстремизмда айбланаётган судланувчиларнинг яқинлари ўз қариндошларининг оқланиши ва озод қилинишини талаб қилиб, вилоят прокуратураси биноси олдида норозилик акцияси ўтказдилар.

Дам олиш куни 30 га яқин болали аёллар томонидан ўтказилган бу стихияли намойиш Жиззахда экстремизмда айбланиб судланаётган 25 киши устидан маҳкама тугаб, суд ҳукм чиқариш учун кириб кетганидан кейин бошланган.

Экспертлар ишчи гуруҳи маълумотларига кўра, акция бошланганидан 20 дақиқа ўтар-ўтмас намойишчилар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан ўраб олинган. Зудлик билан тарқалиш ҳақидаги таҳдидлар аёлларга таъсир қилмаган – улар ўринларидан қимирламаганлар.

Бироз ўтгач, намойишчиларнинг уч вакилини Жиззах вилоят прокурорининг муовини қабул қилган.

“Норозилар прокуратура вакилидан ўз яқинларини оқлаш ва озод қилиш, жуда бўлмаганда, уларга бериладиган жазо муддатини қисқартириб, амнистия қўллашни талаб қилдилар. Прокурор муовинидан арзирли ваъда ололмаган норозилар прокуратура биноси қаршисида намойишни давом эттирдилар”, дейилади Экспертлар ишчи гуруҳи маълумотида.

Эслатиб ўтамиз, "Жиҳодчилар" гуруҳига алоқадорликда айбланаётган жиззахлик 25 диндор иши бўйича маҳкама жорий йилнинг 5 феврал куни бошланганди.

Ҳуқуқ фаоллари маълумотига кўра, жиззахлик диндорларга нисбатан Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси - Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш, 244/1 - Жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ва тарқатиш, 244/2 - Таъқиқланган диний ташкилотларга раҳбарлик қилиш ва уларда иштирок этиш моддалари бўйича айбловлар илгари сурилаяпти.

Аввалроқ Эскпертлар ишчи гуруҳи вакиллари маҳкамага тортилган жиззахлик 25 диндордан 12 нафари тергов давомида ўзига нисбатан қийноқ қўлланилганини билдирганини маълум қилгандилар.

- 5 март куни 25 нафар судланувчидан 12 нафари ўзларига нисбатан тергов жараëнида қийноқлар қўллангани ҳақида судда туриб кўрсатма беришди. Яна бу 12 киши “Бизнинг ҳозирги бераëтган кўрсатмаларимиз ҳақиқат. Тергов пайтида берган кўрсатмаларимизнинг ҳаммаси бизларни мажбурлаб¸ тазйиқ остида¸ жуда даҳшатли қийноқлар қўлланилган ҳолда олинган кўрсатмалар”, деб таъкидлаб ўтишди. Адвокатларнинг илтимосномасидан кейин судя Дилшод Оролов уларнинг тўрттаси бўйича кўрсатмаларини текшириб кўриш бўйича суд даврида ажрим қабул қилиб¸ судмедэкспертизаси тайинлаган. Судмедэкспертизасини Жиззах вилоят суд медэкспертлари тарафидан амалга оширишни сўраган. Лекин ҳозирчалик ўзимизнинг манбаларимиздан суд мед-экспертизанинг натижаси нима билан тугаганлиги ҳақида маълумот ололмаяпмиз, деганди Суҳроб Исмоилов.

Маълумотларга кўра, маҳкама тингловлари якунида давлат қораловчиси судга экстремистик гуруҳ раҳбари қаралаётган Акмал Улуғмуродов ва Қаюм Субҳоновни 14 йилга, қолган судланувчиларни эса 6 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш илтимоси билан мурожаат қилган. Айнан шу сўров судланувчиларнинг яқинларини норозилик намойишини ўтказишга ундаган.

Кечга яқин норози аёллар олдига вилоят прокурори муовини ва Жиноий ишлар бўйича Жиззах вилоят судининг раиси чиққан. 40 дақиқалар чамаси давом этган учрашувда норозилар ўз талабларини такрорлаганлар. Расмийлар норозиларга уларнинг барча талаблари кўриб чиқилишини ваъда қилганлар.

Экспертлар ишчи гуруҳи маълумотига кўра, 25 диндор ишини кўриб чиқаётган судя “ўз расмий ваколатлари доирасида судланувчилар учун белгиланажак жазо муддатини имкон қадар қисқартириш”га ваъда берган. Суд ва прокуратура вакиллари ваъдаларига жавобан намойишчи аёллар ўз талаблари бажарилмаган тақдирда яна норозилик намойишига чиқишларини айтиб огоҳлантирганлар. Шундан сўнг норози аёллар уйларига тарқалганлар.
XS
SM
MD
LG