Линклар

Қирғизистонда иккинчи инқилоб бошланаяптими?


Талас вилоят ҳокимлиги биносини мухолифатнинг 1,5 минг тарафдори эгаллади.

Талас вилоят ҳокимлиги биносини мухолифатнинг 1,5 минг тарафдори эгаллади.

Қирғизистоннинг Талас вилоятида ўтаётган мухолифат қурултойи иштирокчилари вилоят ҳокимияти биносини эгаллаб олдилар. Норинда эса оқсоқоллар вилоят губернатори билан ҳокимиятни халққа топшириш борасида музокара ўтказмоқдалар.

Айни пайтда Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Таласдаги мухбири вилоятда ўтаётган мухолифат халқ қурултойида камида 3000 киши иштирок этаётганини, улардан 1,5 минг нафари ҳокимият биносини эгаллаганини билдирган.

Вилоят ҳокимиятини қўриқлаётган 150 дан ортиқроқ милиция ходимлари мухолифатчиларга қаршилик кўрсатишга ожиз бўлган. Вилоят губернатори ўз иш ўрнидан топилмаган.

Таласдаги норозилик намойишида 4-5 минг одам иштирок этгани айтилмоқда.



Энг сўнгги хабарга кўра, таласликлар халқ губернаторини сайлаганлар. Кўпчилик овоз билан бу лавозимга Шерали Абдилдаев лойиқ топилган. Унинг ўринбосари этиб эса “Ота Макон” партиясининг Таласдаги мувофиқлаштирувчиси Қўйсун Қурманалиева сайланган.

Бишкек вақти билан 15.05 дақиқа ўтганда олинган маълумотга кўра, Талас милицияси билан музокара ўтказишга бораётган мухолифат тарафдорларига нисбатан милиция кўздан ёш оқизувчи воситалар қўллаган. Намойишчилар қочишга мажбур бўлган.

15.20 дақиқа ўтганда олинган маълумотда айтилишича, норозилар яна вилоят Ички ишлар бошқармаси олдига тўпланмоқда. мухолфиат тарафдорларининг бир қисми эса вилоят ҳокимлигини назорат қилмоқда.

Таласликлар халқ губернаторини сайламоқдалар

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Таласдаги мухбирлари берган маълумотга кўра, шу соатларда норозилар сони 4-5 минг кишига етган.

Талас воқеалари юзасидан қирғиз ҳукумати ҳозирча расмий баёнот тарқатгани йўқ. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги эса Талас вилоят ҳокимлиги норозилар томонидан эгалланмагани, фақат бир тўда шахслар у ерга бостириб кириб, тартибсизлик ўрнатишгани ва қайтиб чиқиб кетишганини билдирмоқда.

Бишкек вақти билан 16.13 да олинган маълумотга кўра, таласликлар шаҳар бош майдонига президент Бакиев суратларини йиғиб, ўт қўйиб юборганлар.

Талас воқеалари юзасидан қирғиз ҳукумати фақат кечга яқин баёнот берди. Бош вазир Дониёр Усеновнинг айтишича, Таласдаги вазият назорат остига олинган ва мазкур воқеа ташкилотчилари жазоланадилар. Бироқ мустақил манбалар эса Дониёр Усенов берган маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтмоқдалар.

Сўнгги маълумотларга кўра, Талас аэропортига бортида махсус милиция отряди борлиги тахмин қилинаётган учоқлар келиб қўнган. Бош вазир Дониёр Усенов ҳам Таласга 100 кишидан иборат милиция отряди жўнатилганини эълон қилган. Таласликлар эса ёнувчи мосламалар тайёрлаб, уларга қарши чиқишга тайёрланмоқда.

Бундан сал аввалроқ, соат 16 да мухолифатдаги "Ота макон" партияси Бишкекдаги Россия ва АҚШ элчихоналарига мурожаат йўллади. Мурожаатда бу икки давлат қирғиз ҳукуматининг таласликларга қарши куч ишлатишига йўл қўмаслиги кераклиги ҳақида айтилади.

Айни пайтда Норин вилоятида мухолифат тарафдорлари бўлган оқсоқоллар вилоят губернатори Алмаз Ақматалиев билан ҳокимиятни тўқнашувларсиз халққа топшириш борасида музокаралар олиб борганлар. Учрашувнинг бошқа тафсилотлари ҳозирча номаълум.

18.41 да олинган маълумотга кўра, Норин вилоят ҳокимияти олдига ҳам норозилар тўплана бошлаган ва ҳокимиятни халққа топшириш талабини қўя бошлаган.

Норин вилоятида халқ қурултойи 7 апрел куни ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, халқ қурултойлари 7 апрел куни Бишкек, Ўш, Жалолобод, Боткен вилоятларида ҳам бўлиб ўтади.

Таласда норозилар президент Бакиев суратларига ўт қўйдилар.


Қирғизистон мухолифатининг 6 минг делегат иштирок этган қурултойи 17 март куни Бишкекда ўтказилган эди. Мазкур қурултойда президент Бакиевга ўнга яқин талаб қўйилган. Улардан бири президентнинг ўғли Максим Бакиевни Қирғизистон Инновация, инвестиция ва тараққиёт агентлиги раҳбари лавозимидан бўшатиш эди. Шунингдек, 17 мартдаги қурултойда мухолифатга босимларни тўхтатиш, сўз эркинлигини таъминлаш талаб қилинган эди.

17 мартда ўтган халқ қурултойи бу талабларни бажариш учун ҳукуматга 24 мартгача мухлат берган эди. Мухолифат шу муддат ичида талаблар бажарилмаса, расмийларни вилоятларда халқ қурултойларини ўтказиш ва амалдаги ҳукуматга қарши курашга ўтиш ҳақида огоҳлантирган.

24 март куни эса президент Қурмонбек Бакиев ўз сиёсатига қўллов топиш мақсадида 750 делегат иштирок этган Бирдамлик қурултойини ўтказган эди. Бироқ бу қурултой делегатларидан кўпчилиги Бакиев сиёсатига қарши фикр билдирган. Жумладан, президент квотаси билан қурултой делегатлигига сайланган 5 киши Бакиев сиёсати билан келиша олмасликларини билдириб, анжуманда иштирок этишдан бош тортган эди. Бу 5 киши Қирғизистоннинг энг таниқли давлат ва жамоат арбоблари эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG