Линклар

Эркин микрофон - "Москва метросида ўлганлар ичида ўзбек ҳам бор"

  • Садриддин Ашур

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Бу хабарни еткизган меҳнат муҳожирларидан бири 29 март куни Москва метросида содир этилган портлаш қурбонлари орасида Бухоро вилояти Ғиждувон туманининг 10-бригадасидан келган юртдоши ҳам борлигини айтади.

“Иқтисод мардикорнинг пули ҳисобига ўсаяпти”

Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидан қўнғироқ қилган Омонжон Ўзбекистонда сўнгги йилларда халқ турмуш тарзининг бир оз яхшиланганини айтар экан, бу яхшиланиш давлат ҳисобига эмас, балки хорижда ишлаб юрган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари юбораётган пуллар ҳисобидан бўлаётганини таъкидлайди.

- Айниқса бир ой олдин мунозара¸ баҳс кетаëтган эди. Ўзбекистонда иқтисод биров айтаяпти кўтарилди¸ биров айтаяпти кўтарилгани йўқ. Мен ўз фикримни билдирмоқчиман. Ўзбекистонда иқтисод ўсди¸ бор. Бу ниманинг ҳисобига ўсди? Бу Россиядаги мардикорларнинг ҳисобига ўсди. Қозоғистонда¸ Россияда жуда кўп одам юрибди. Улардан жуда катта пул келаяпти. Аҳолининг харид қуввати ошаяпти. Ўшанинг ҳисобига 2000 йилдан бери анча-мунча иқтисод бор. Лекин бу ўсиш ҳеч қанақа давлат томонидан эмас. 2000 йилдан олдин ҳеч қанақа нима йўқ эди¸ дейди бешариқлик Омонжон.


“Меҳнатдан қорайган ўзбек деҳқонига бир боқинг, малика!”

Озодлик радиосининг Қурултой эшиттиришида академик Рустам Абдуллаевнинг билдирган фикрларига тингловчилар муносабат билдиришда давом этмоқда. Москвадан қўнғироқ қилган андижонлик Шавкатнинг айтишича, академик мақтаган ва малика деб атаган президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова қишлоқларда оғир ҳаёт кечираётган деҳқонларнинг ҳолидан бир хабар олиб қўйса ёмон бўлмасди.

- Мен ўзим Андижондан бўламан. Исмим Шавкат. Деярли оилам билан шу ердаман. Аëлимни олиб келганман¸ опамни¸ акаларимни шу ерга чақириб олганман. Ўзим анчадан бери шу ердаман¸чақириб олдим. Сабаби Россияга келмасдан олдин¸ биз у ерда қишлоқда яшаймиз¸пахтага чиқиб юрардик. Ундан кейин ерларни фермерларга бериб юборди. Бериб юборгандан кейин ҳам бир ойлик олишнинг иложиси йўқ. Қишлоқда эрталабдан кечгача фақат кетмон чопамиз. Ëз пайтида буғдой беради¸ деб буғдой умидидагина ер чопардик. Лекин ойлик¸ ҳеч ҳам пул берилганини билмадик. Фақатгина жиндай ëғ беради¸ буғдой беради¸ бўлди шу билан. Одамлар тирикчилик қилиб¸ у ер бу ерга нарса экиб¸ ариқларнинг чеккаларига картошка борми¸ бошқа борми эплаб юриб экиб тирикчилик қилиб юрди.

Кейин мана Россияга келдимми¸ Худога шукур Россияда 12-13 минг рубл оламан. Бир ойга менинг оиламга¸ учтамиз яшайдиган оиламга ҳаммамизга 1000 рублдан ойлик бемалол етади емоқ-ичмоғимизга¸ тирикчилигимизга. Қолган 11 минг рублни соф қилиб уйимизга жўнатамиз. Бу дегани 300 доллар уйга жўнатса бўлади. У ердачи? Ойлиги яхши ишда ишлайдиганларники ҳам тирикчилигидан ошиб кийим-кечагига зўрға етса етади бўлмаса етмайди. Худога шукур¸ россияликлар ўрис бўлса ҳам бизни тушунишаяпти. Лекин ўзбек бўлиб туриб бизнинг президентимиз бизни умуман тушунмаяпти. Қишлоқларда нима бўлаяпти¸ одамлар қанақа ҳаëт кечираяпти бунга қарамайди. Биздан ҳам чеккадаги қишлоқларда яшайдиганлар бор. Уларнинг ҳаëтини кўрсангиз¸ шунақа қорайиб кетган¸ африкаликлар ҳам унақа қора эмас. Шуни бир тушуниб билмаяпти. Ўрислар бизни бу ерда тушуниб ҳар ҳолда иш бераяпти. Керак бўлса бизга қўлидан келганча ëрдам қилаяпти. Мусулмон бўлмаса ҳам биз мусулмонларни тушунаяпти. Лекин ўзимизнинг президент¸ унинг қизи бизни фақатгина ўмараяпти¸ ўмараяпти.

Бизнинг қишлоқ томонларга ҳеч ким келмайди ҳам¸ қарамайди ҳам. Кеча анави одам малика деб айтганига виждоним чидамай кетди. Шу маликами? Малика бўлиб оддий халқнинг бирортаси билан суҳбат қурибдими? Подшоҳ¸ малика деганлар оддий халқ билан суҳбат қуриб¸ халқнинг дардини эшитадиган инсонлар бўлади. Улар эшитгани ҳам йўқ¸ боргани ҳам йўқ. Шунинг учун кеча "Қурултой"да малика деганига норози бўлдимда. Раҳмат мана чет элда бўлса ҳам биз ҳақимизда хабардор бўлиб турган инсонлар бор экан. Четдагилар хабардор¸ аммо бизнинг президент¸ маликамиз хабардор эмас. Авваламбор халқини билсин¸халқини ўйласин. Менинг гапим шу¸ дейди андижонлик Шавкат.


“Ҳамма ёқ ашула”

Ўзбекистонлик навбатдаги суҳбатдошимиз маҳаллий телеканаллардан кўнгли тўлмаётгани ҳақида гапирди.

- Телевидение тўғрисида тунов куни гап бўлган эдику. Телевидениеларни кўриб ўтириб одам зерикиб кетасан.

Озодлик: Қайси телевидениеларни?

- Ўзбекистоннинг ҳамма телевидениесини.

Озодлик: Нима учун зерикасиз?

- Энди ҳаммаси нима деса бўлади¸ ура-ура. Шундай.

Озодлик: Айтиб берингда энди. Биз кўрмаймиз Ўзбекистон телевидениесини.

- Қуруқ мақташ бўлиб турибдида. Камчиликларни кўрсатмайди.

Озодлик: Нималарни кўрсатади?

- Масалан¸ фақат концерт ..........

Суҳбат шу ерга етганда алоқа узилиб қолди.


“Москвадаги портлашда ўзбек ҳам ҳалок бўлган”

Москвадан қўнғироқ қилган суҳбатдошимизнинг айтишича, Москва метросидаги портлашларда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидан бўлган меҳнат муҳожири ҳам ҳалок бўлган:

- Бухоро вилояти¸ Ғиждувон тумани 10-бригадада¸ қишлоғини мен билмадим¸ колхоз Зарафшон.

Озодлик: У ўша портлашларда ўлганми?

- Ана шу портлашда битта шу ҳам бўлган экан деб айтдилар. Шу одам нимаси борган экан. Борган гробига гуллар қўйиб¸ нималар қўйиб юборган экан. Москванинг ўзидан узатган. Ўшанга ëзилган экан. Шундай-шундай жойда нима бўлган¸ шундай нарса бўлган деб ëзилган экан. Ғиждувондан келиб бир бола шунақа деди. Бизнинг Ғиждувондан ҳам битта бола бўлган экан. Уйидагилари шунақа деб айтди деди¸ дейди Москвадан қўнғироқ қилган бу суҳбатдошимиз.

Ҳурматли муштарий¸ агар сизда Москвадаги портлашларда ҳалок бўлган бу ўзбекистонлик ҳақида тўлиқроқ маълумот бўлса, Озодликнинг +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамларига SMS йўлланг, қўнғироқ қилинг ëхуд сайтимизда шарҳ қолдиринг.


“Асад бобога салом”

Навбатдаги суҳбатдошимиз ҳам Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидан. Унинг айтишича, 80 ёшли Асад бобо Ҳасанов Озодлик радиосини бирорта дастурини ўтказмасдан тинглаб боради. Агар бирор куни тинглолмай қолса¸ асаби бузилади.

- Яхши эшиттиришлар эшиттиринглар. Бизлар фақат шуни кутамиз. Яна бир нарса айтсам майлими?

Озодлик: Айтинг.

- 80 ëшга кирган Асад бобо деганимиз бор. Эртадан кечгача Озодликни эшитиб ўтирадилар. Виждонан қийналадида шу киши. Озодликни доимо эшитади у киши. Кутиб ўтирадилар. Бирор соат эшита олмасалар¸ жинни бўлиб ўтирадилар. Раҳмат сизларга. Озодликдан шу кишига бир салом айтиб қўйсангиз. Шофирконлик Асад бобо Ҳасанов. Ëзиб олдингизми?

Озодлик: Ҳа¸ ëзиб олдим.

- Майли саломат бўлинг. Ишларингизга омад¸ дейди шофирконлик тингловчимиз.

Биз ҳам кекса мухлисимиз Асад бобога саломлар йўллаймиз ва доимо соғ-саломат юришларини Яратгандан сўраб қоламиз.

***********************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG