Линклар

Қирғизистонда вазият чигаллашмоқда


Қирғизистонда бир гуруҳ норозилар Талас вилоят ҳокимияти биносини эгаллаб олди.

Бу маълумотни тасдиқлаган Қирғизистон Бош вазири Дониёр Усенов вилоят ҳокимини норозилар гаровга олганини рад қилди.

Бош вазир тартиб ўрнатиш учун Таласга 100 нафар милиция ходимидан иборат қўшимча куч жўнатилишини айтди.

Талас шаҳридаги норозилик акцияси иштирокчиларидан бири Жанат Каработоев Озодликка намойишчилар ўз раҳбарини сайлаганини айтди.

- Биз ўз раҳбаримизни яъни, муқобил ҳокимни сайладик. Эртага халқ қурултойини ўтказамиз. Асосий мақсадимиз оилавий бошқарувга чек қўйишдан иборат. Биз ҳеч нарсадан қўрқмаймиз. Ҳеч ким қўрқмайди. Одамларнинг кайфияти жуда яхши. Ҳозир бу ерга 3 000 одам йиғилган, деди Каработоев.

Айни пайтда 6 апрел куни Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида Бош вазир Дониёр Усенов фуқароларни ноқонуний йиғилишда иштирок этмасликка чақирди.

- Сизларни эртага режаланган рухсат этилмаган йиғинларда қатнашишдан бош тортишга чақираман. Чунки бу йиғинлар қонунга хилофдир, деди Қирғизистон Бош вазири Дониёр Усенов.
XS
SM
MD
LG