Линклар

АҚШ янги ядровий доктринасини эълон қилди


Янги ядровий стратегияни эълон қилган Клинтон, унинг аввалги сиёсатдан кескин фарқ қилишини алоҳида урғулади

Янги ядровий стратегияни эълон қилган Клинтон, унинг аввалги сиёсатдан кескин фарқ қилишини алоҳида урғулади

АҚШ президенти Барак Обама “дунёни ядровий қуроллардан ҳалос қилиш” борасида берган ваъдаларидан бир йил ўтиб, Қўшма Штатларнинг ядровий мудофаа тизимига оид янги доктринасини эълон қилди.

Сешанба куни Оқ уй маъмурияти ядровий қуроллар аҳамияти ва миқдорини камайтиришга қаратилган АҚШнинг янги ядровий доктринасини эълон қилди.

“Ядровий вазиятга оид таҳлил” деб аталувчи ҳужжатда АҚШ ҳукумати ядровий қуролга эга бўлмаган давлатларга қарши атом бомбасини ишлатмаслиги баён қилинган.

Бу АҚШ миллий хавфсизлигини таъминлашда ядровий қуролларни ишлаб чиқариш ва такомиллаштириш ҳамда уларни турли минтақаларда ўрнатиш стратегиясига бир неча ўн йилликлардан бери таяниб келган сиёсатда жиддий ўзгариш, деб кўрилмоқда.

“Ядровий вазиятга оид таҳлил” келаси ўн йилликда АҚШнинг ядровий арсенали қанча бўлиши ва унга доир дастурлар, масалан, ядровий сувости кемасини ясаш каби лойиҳаларга қанча пул сарфланиши лозимлигига оид қарорларни қабул қилишда асосий ҳужжат сифатида ишлатилади ва шунинг учун у муҳим аҳамиятга эгадир.

АҚШ Давлат Департаментида ўтказилган брифингда давлат котиби Ҳиллари Клинтон янги стратегия ўтмишдаги сиёсатдан воз кечиш йўлидаги кескин бурилиш бўлажагини урғулади.

- Бугун эълон қилинаётган “Ядровий вазиятга оид таҳлил” ядровий салоҳиятимиз ва ядровий масалалардаги ёндашувимизда рўй беражак ўзгаришларнинг муҳим босқичи бўлади. Биз ядровий қуроллар тарқалиши ва ядровий террорчиликнинг олдини олиш мақсадида ўзимиз учун устувор бўлган масалаларни қайта кўриб чиқмоқдамиз ҳамда ядровий арсеналимиз аҳамияти ва миқдорини камайтирмоқдамиз. Айни пайтда, мамлакатимиз, иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимизни ҳимоя қила оладиган хавфсиз, ишончли ва самарали воситаларни сақлаб қолмоқдамиз, деди Клинтон.

Янги доктрина собиқ президент Жорж Буш “террорга қарши уруш” эълон қилган даврдаги Қўшма Штатларга биологик ёхуд кимёвий қурол билан ҳужум қилган ҳар қандай давлатга қарши барча воситаларни қўллаш сиёсатидан кескин фарқ қилади.

Лекин, Клинтон хонимнинг таъкидлашича, янги стратегияга мувофиқ, Қўшма Штатлар фақат Ядровий қуролларни тарқатмаслик келишувига қўшилган давлатларга қарши ядровий қурол қўлламасликкагина ваъда беради, холос.

- Биз Ядровий қуролларни тарқатмаслик келишувига содиқ қолажагимизни намойиш қилиш мақсадида, илк бор Қўшма Штатларнинг ядровий қуроли бўлмаган ва Ядровий қуролларни тарқатмаслик келишувига амал қилувчи давлатларга қарши ядровий қурол билан таҳдид қилмаслигини аниқ баён қилмоқдамиз, деди Клинтон.

АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс Америка Эрон ва Шимолий Корея ядровий ҳужум уюштирадиган тақдирда, уларга нисбатан тегишли чоралар кўриш ҳуқуқини сақлаб қолади, дея таъкидлади. Шимолий Корея ядровий қуролни ишлаб чиққанини иддао қилади, Эрон эса яширин тарзда атом бомбасини ясашга уринаётганликда гумон қилинади.

Бу каби давлатларга келганда, Гейтсга кўра, барча воситалар ишга солиниши масаласи кўриб чиқилади.

- Биз Ядровий қуролларни тарқатмаслик келишувига амал қилмайдиган Эрон ва Шимолий Корея каби давлатларга нисбатан янги сиёсатни қўлламаймиз. Бу категориядаги давлатлар ҳамда ядровий қуролни қўлга киритишга уринаётган кучлар ҳақида гап борганда барча воситаларни ишга солиш масаласи кун тартибида қолади, деди Пентагон раҳбари.

Бундайларга, Гейтснинг қўшимча қилиб айтишича, Ал-Қоида гуруҳи ҳам киради.

Бундан қарийб бир йил аввал Обама Прагада қилган чиқишида жаҳонни ядровий қуроллардан ҳалос қилиш ҳақидаги қарашларини билдирган ва “Совуқ уруш давридаги каби фикрлашдан воз кечиш"га чақирган эди.

Янги доктрина Қўшма Штатлар, унинг иттифоқчилари ва халқаро ҳамжамиятга нисбатан ядровий таҳдидларни камайтиришга қаратилган бўлиб, унда бешта асосий йўналиш кўзда тутилган: ядровий қуроллар тарқалиши ва ядровий террорчиликнинг олдини олиш; АҚШ миллий хавфсизлик стратегиясида АҚШ ядровий арсенали аҳамиятини камайтириш; ядровий салоҳият даражасини пасайтирган ҳолда стратегик воситалар ва барқарорликни сақлаб қолиш; минтақада таҳдидларни камайтириш воситаларини кучайтириш, АҚШ иттифоқчилари ва ҳамкорларини ҳимоя қилиш мажбуриятини сақлаб қолиш; хавфсиз, ишончли ва самарали ядровий арсенални сақлаб қолиш.

Оқ уй маъмурияти, шунингдек, пайшанба куни Обама ва Медведев имзолаши кутилаётган ядровий қуролларни камайтиришга оид янги келишув доирасидан ташқари ҳам Россия билан биргаликда ядровий қуроллар тарқалишини назорат қилиш вазифасини ўз олдига қўйган.

Янги ядровий доктринанинг эълон қилиниши Обама мамъмурияти учун ядровий масалаларга оид анча қизғин жараёнларнинг бошланиши бўлди.

8 апрел куни Обама Медведев билан янги битимни имзолгани Прагага келади.

Келаси ҳафта эса президент Обама Вашингтонда ўтказиладиган ва 40 дан ортиқ давлат етакчилари иштирок этиши кутилаётган ядровий хавфсизлик масалаларига бағишланган саммитга мезбонлик қилади.
XS
SM
MD
LG