Линклар

Худкуш аёл шахси аниқланди


Расул Магомедов қизининг бир неча соат ичида қандай қилиб Махачқаладан Москвага бориб қолганига ақли етмаслигини айтмоқда.

Расул Магомедов қизининг бир неча соат ичида қандай қилиб Махачқаладан Москвага бориб қолганига ақли етмаслигини айтмоқда.

"Новая газетанинг" ёзишича, доғистонлик Расул Магомедов Москванинг “Лубянка” метросида портлаш уюштирган террорчи-аёл унинг қизи эканлигини тан олди.

Миллий аксилтеррор қўмитаси Федерал оператив штаби Москва метросида портлашларни содир этган худкуш аёллар шахси аниқланганини расман эълон қилди. Худкуш аёллар шахси генетик ва суд-тиббий экспертиза натижасида аниқланди.

“Новая газета” шарҳловчиси Ирина Гордиенко Марьямниннг отаси Расул Магомедов билан расмий маълумотлар тарқалмасдан олдин суҳбатлашган.

- Кечаси менга Доғистондан танишларим телефон қилиб, бир шахс портлаш уюштирган аёллар ичида ўз қизини танигани ва москвалик журналистлар билан гаплашмоқчи эканини маълум қилди. Кечаси соат 3 ларда гаплашдик. Бир кун олдин унга ММС орқали унга жўнатилган сурат орқали вафот этган қизини таниганини билдирди. Суратлар 31 март куни интернет орқали тарқатилган эди.

Озодлик: У айнан Москва оммавий ахборот воситалари билан учрашмоқчи эканлигини қандай тушунтирди?

- У шунчаки ким билан гаплашишни, нима қилишни билмай қолган эди. Қандай қилиб унинг қизи Москва метросига бориб қолганини ҳам билмайди. Охирги маротаба унинг хотини қизини 28 март куни Махачкала бозорида кўрган. У дугонасиникига кетаётганини билдирган ва шу дақиқадан уни бошқа ҳеч ким кўрмаган.

Озодлик: Демак¸ худкуш аёлларнинг Москвага автобусда келгани тахмини ўз-ўзидан йўққа чиқаяпти?

- Бундан чиқди, шундай, дейди “Новая газета” мухбири Ирина Гордиенко.

Москва метросидаги портлашларни амалга оширганлар шахси аниқланганидан сўнг Озодлик "Лубянка" метро бекатида ўзини портлатиб¸ 24 одам ҳаëтига зомин бўлган Марям Шарипованинг отаси Расул Магомедов билан ҳам суҳбатлашди.

Озодлик: Қандай қилиб қизингиз 29 март куни Москвага бориб қолди?

- Бу саволингизга жавоб бера олмайман. Билмайман... Қизим оддий бир одам эди, бошқалардан сал кўпроқ билган бўлиши, тушунган бўлиши мумкин эди, чунки мактаб директорининг ахборот технологиялари бўйича муовини бўлган. Ажойиб уй бекаси, одамларни, болаларни яхши кўрарди, одамлар ҳам уни яхши кўришган. Умуман олганда... ғамхўргина эди.

“Биров уни психологик таъсир остида бу портлашларга мажбур этган деган фикрга мен асло қўшилмайман. У ўзи психолог дипломига эга”, деб таъкидлади Москвада портлашларни уюштирганликда айбланаётган Марям Шарипованинг отаси Расул Магомедов.

28 март куни ота-онаси билан Доғистондаги Махачкала шаҳрида учрашган Марям Шарипованинг қандай қилиб эртаси куни эрталаб Москвага етиб боргани терговчилар томонидан аниқланмоқда.

Марям Шарипова 1982 йил Доғистоннинг Балахани қишлоғида ўқитувчилар оиласида туғилган. У 2005 йил Доғистон педагогика университетини қизил диплом билан битирган. Марям математика ва психология мутахассисликлари бўйича икки олий маълумотга эга эди. 2006 йилдан бошлаб ўз қишлоғида информатика фанидан дарс бериб келган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра¸ у маҳаллий жанггарилардан бири Магомедали Вагабовга яширинча турмушга чиққан.

Шунингдек, куч ишлатар тизимлар “Маданият боғи” да иккинчи портлашни уюштирган Жаннат Абдураҳмонованинг Доғистондаги уйида тинтув ўтказдилар.

Россия пойтахтининг “Лубянка” ва “Маданият боғи” метро бекатларида икки худкуш аёл томонидан портлашлар содир этилган. Хуруж оқибатида 40 одам нобуд бўлди, 90дан ортиқ шахс тан жароҳати олди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG