Линклар

Россия ва Полша Катин қурбонларини ёд этмоқда


Катин қатлиоми Россия ва Полша муносабатларидаги оғриқли нуқталардан биридир.

Катин қатлиоми Россия ва Полша муносабатларидаги оғриқли нуқталардан биридир.

7 апрел куни Россия ва Полша 70 йил олдин минглаб поляк офицери СССР армияси томонидан қатлиом қилинган санани биринчи марта биргаликда хотирлади.

Россия Бош вазири Владимир Путин ва полшалик ҳамкасби Доналд Туск 1940 йилнинг апрел – май ойларида собиқ Совет иттифоқи раҳбари Иосиф Сталин буйруғига кўра 22 минг поляк ҳарбий зобити ва зиёлилари отиб ўлдирилганининг 70 йиллигини бирга хотирлаш учун Россиянинг ғарбида жойлашган Катинда учрашдилар. Бу икки давлат раҳбарларининг Катин қатлиомини хотирлаш маросимида илк бор биргаликдаги иштирокидир.

Путин ва Туск Смоленск яқинида содир этилган қатлиом жойида янги рус православ черкови пойдеворига биринчи тошни қўйдилар ва поляклар ёнига кўмилган Сталин қатағони қурбонлари хотирасини ёд этдилар.

- Бизни бу ерга умумий хотира ва мотам, тарихий бурч ва келажакка ишонч тўплади. Биз ўлимни шу ерда мардона қарши олганлар олдида бош эгамиз, деди Владимир Путин.

Россия Бош вазири ҳар қандай шароитда ҳам икки қўшни давлат бир-бирига яқинлашиши кераклигини айтди.

- Қанчалар оғир бўлмасин ҳамма нарсани ёдда тутган ҳолда ва фақат ўтмиш билан яшаш имконсиз эканини тушунган ҳолда биз бир-биримиз томон юришимиз лозим, деди Владимир Путин.

1939 йил 1 сентябрда фашистлар Германияси Полшага бостириб кирганидан кейин поляк ҳарбий зобитлари ватан ҳимоясига сафарбар қилинган. 17 сентябрда Полшага бостириб кирган СССР армияси уларни асир олган. Зобитлар бир нечта жойда ўлдирилган бўлишига қарамай, Катин қатлиом жойи деб тан олинган.

Краков шаҳридаги Миллий хотира институти тарихчиси Марек Лаота Катин қурбонларини хотирлаш маросимида Россия Бош вазирининг иштирок этиши, шунингдек, хотира маросимига Полша Бош вазирининг расман таклиф қилингани Россия ҳукуматининг Катин қатлиомига муносабати ўзгараётганидан далолат эканини айтди.

- Мен Россия Бош вазири Путин ҳақиқатан ҳам хотира маросимда қатнашишига ишонишни хоҳлайман. Чунки бу Россия тарихдан ўзига меърос қолган масъулиятдан қочишга ҳаракат қилмаётганини англатади, деди полшалик тарихчи.

Собиқ иттифоқи даврида Москва Катин қатлиоми фашистлар Германияси томонидан содир этилганини таъкидлаб келди.

1989 йил Полшада коммунистик режим тинч йўл орқали ҳокимиятдан четлатилганидан сўнг Катин қирғини Полша ва Совет иттифоқи ўртасида оғриқли масалага айланди.

1990 йилда СССР президенти Михаил Горбачев Катин қатлиоми учун Москва масъул эканини тан олди. 1992 йилда эса ўша пайтдаги Россия Федерацияси президенти Борис Ельцин оддий одамларнинг мазкур буйруқни Сталин берганига оид ҳужжатлар билан танишишига рухсат берди.

Аммо Россиядаги судлар кейинчалик Катин воқеасига оид ҳужжатларни сир сақлаш ҳақида қарорлар чиқарди.

Жорий йил 5 мартида Москвадаги “Мемориал” ташкилоти Россия президенти Дмитрий Медведевни “уруш жиноятлари ва инсониятга қарши содир этилган жиноятлар” бўйича қайта текширув ўтказишга чақирди.

Россиялик тарихчи Наталя Лебедева Озодликка Катин муаммосининг ҳал этилиши Россия ва Полша ўртасидаги совуқ муносабатларнинг илишига туртки бўладиган омиллардан бири эканини айтди.

- Бу нафақат ҳукуматлар балки, икки халқ ўртасидаги муносабатлар яхшиланиши йўлидаги тўсиқлардан бири бўлиб келаётган эди. Поляклар биз ҳақиқатни яшириб, уларнинг қайғусига шерик бўлмай келганимиздан қаттиқ изтиробда бўлиб келдилар. Полшанинг қайғуси бизга ҳам тегишли экани, биз ҳам улар қайғусига шерик эканимиз, биз ҳам ҳақиқатни билишни хоҳлашимизни билган заҳоти улар буни қутлайди, дейди россиялик тарихчи Наталя Лебедева.

7 апрел кунги Катин хотира маросимига Полша президенти Леҳ Качинский таклиф қилингани йўқ. Ўз навбатида бу Качинский Москвани танқид қилгани учун маросимга таклиф қилинмади¸ қабилида миш-мишлар тарқалишига сабаб бўлди.

Бироқ Полша президенти хотира маросимини 10 апрел куни Катин ўрмонида полшалик уруш фахрийлари, турли ташкилотлар ва ўз яқинлари билан бирга нишонлашни режалаганини айтди.
XS
SM
MD
LG