Линклар

logo-print

Ўзбекистонда қирғиз исëни ҳақида сукут сақланмоқда

  • Садриддин Ашур

Ўзбек-қирғиз чегарасадаги Дўстлик постидан бошқа аксар ўтиш пунктлари шу кунларда тақа-тақ ëпиқлигича қолмоқда.

Ўзбек-қирғиз чегарасадаги Дўстлик постидан бошқа аксар ўтиш пунктлари шу кунларда тақа-тақ ëпиқлигича қолмоқда.

Қирғизистонда содир бўлаётган халқ исëни ҳақида Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари лом-мим демаëтир. Айни пайтда¸ Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегара ҳудудларидаги қўшинлари кучайтирилган режимга ўтказилган.

Қўшни Қирғизистонда халқ ғалаёнлари бўлиб турган, ҳокимиятлар мухолифат вакиллари томонидан ишғол қилиниб турган бир пайтда, Ўзбекистон марказий ва маҳаллий телевидениеларининг ахборот дастурлари иккинчи кун бўляптики¸ бу ҳақда сукут сақламоқда. Ўзбекистонлик аёл бу воқеалардан умуман хабари йўқлигини айтади.

Озодлик: Қирғизистондаги воқеаларни эшитдингизми?

- Қирғизистонда?

Озодлик: Ҳа.

- Қанақа воқеа? Ҳалиги таможнядагиларми?

Озодлик: Йўқ¸ кеча бир қанча вилоятларда йиғилишлар бўлиб¸ ҳокимиятлар норози халқ томонидан ишғол қилинган. Ҳозир Бишкекда ҳокимият учун тўполон бўлаяпти.

- Буни эшитмабман ака.

Озодлик: Ўзбекистон телевидениеси бермадими?

- Йўқ¸ кўрмабман ҳам. Телевизорда бизда олиб бермаяпти ҳам шекилли¸ дейди ўзбекистонлик аëл.

Яна бир суҳбатдошимиз, андижонлик Садирохун Сўпиевнинг айтишича, халқ норозилиги ёки намойишлари каби хабарлар Ўзбекистон телевидениесида умуман кўрсатилмайди. Ўзбекистон ҳукумати бундай хабарлардан аҳолининг огоҳ бўлишидан ва “чиллаки чиллакини кўриб чумак уриши”дан хавфсирайди.

- Йўқ¸ уни кўрсатмайди. Одамлар айнийди деб кўрсатмайди. Энди ҳалиги чиллаки чиллаки нимасидан нима бўлибди деган гап борку. Бизникилар ҳам шунақа қилиб қолмасин деб кўрсатмайди. Бизникилар Тожикистоннинг Роғун ГЭСини кўрсатишади. Концерт¸ кейин бешта ҳарфни қўйиб¸ “Олди а¸ орқаси м¸ топинг нима?” дейди. Топишади¸ бир нарсалар деб ўтиришади. Ўзбекистон телевидение ва радиосини кўрдингиз¸ жонингиз чиқиб кетадида. Учта қиз юради¸ битта ўғил бола ашула айтади. Қўяверасиз энди. Бир одам “Миллатни йўқотаман десанг¸ уни ашула¸ музикага ўргатгин” деб айтган экан. Бутун ашулачи бўлиб кетди. Чамамда¸ бизда Ўрта Осиë халқига етадиган ашулачи чиқди. Мен энди бизнинг раҳбарларга раҳмим келаяпти. Бизнинг раҳбарлар ҳам ухлай олмайди. Уларни кўриб жуда бўғилишади¸ дейди Садирохун Сўпиев.

Ўзбекистонликлар Қирғизистонда содир бўлаётган воқеалар ҳақида Россия телеканаллари ва хорижий радиостанциялардан ахборот олишаётганини айтишади.

Айни пайтда¸ хабарларга кўра, 6 апрел кечқурундан бошлаб Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларидаги чегара қўшинлари кучайтирилган режимга ўтказилган. Хўжаобод туманидаги “Дўстлик” чегара постига туташ Қирғизистон чегара постига бориб қайтган ўшлик мухбиримиз Шерзод Юсуфнинг айтишича, чегаралар тамоман ёпиб қўйилгани йўқ, бироқ чегарадан ўтувчилар қаттиқ текширилгандан сўнг ўтказилмоқда.

- Ўзбекистон¸ Қозоғистонлар билан кучайтирилган назорат режимига ўтдик деяпти.

Озодлик: Чегаралар ëпилганми йўқми?

- Чегаралар очиқ. Фақат усиленний режимда экан¸ дейди ўшлик мухбиримиз.

Фарғона вилоятининг Риштон туманидан Қирғизистоннинг Боткент вилоятига ўтадиган чегара ўтказув пункти ҳозирча нормал ишлаб турибди, дейди риштонлик Комилжон ака.

- Бизнинг Риштон билан чегарамиз очиқ. Қирғизистон постига 200 сўм тўлайсиз. Бизникига тўламайсиз. Ўтиб Сўхга қараб кетамиз. Аммо Қирғизистон чегараси очиқ. Шу бугун ўзим Риштонга чиқдим. Қирғиз нималари ҳаммаси юришибди¸ дейди Комилжон ака.

Андижон вилоятининг Хонобод тумани хокимиятининг ўз исмини билдиришни истамаган ходимига кўра, 2009 йилда бу ердаги чегарага бўлган қуролли ҳужумлардан сўнг Қирғизистонга ўтадиган чегара пункти тамоман ёпиб ташланган.

Озодлик: Хонобод Қирғизистонга чегарадош туманку. Қирғизистонда бугун тўполонлар бўлаяптида. Чегара очиқми ëпиқми шуни сўрамоқчи эдим.

- Ака бизда ўткизмай қўйган. Дўстлик пости борку¸ ўша ерда биттта ўтадиган йўл қилиб қўйган. Умуман бошқа йўл йўқ. Чуқур қазиб тўсиб олган. Агар биттасининг қўлига 10 минг бериб нариëққа ўтаман десангиз¸ у ëқда Қирғизистон¸ бу ëқда Ўзбекистон солдати сразу отаманга тушади¸ дейди Андижон вилоятининг Хонобод тумани хокимиятининг ўз исмини билдиришни истамаган ходими.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасидан ўзбек-қирғиз чегарасидаги бугунги вазият ҳақида маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG