Линклар

Ўтунбаева муваққат ҳукумат раҳбари этиб тайинланди

  • Озодлик

Пойтахт Бишкекдаги қатор ҳукумат бинолари¸ хусусан Бош прокуратура биноси ўт ичида қолди.

Пойтахт Бишкекдаги қатор ҳукумат бинолари¸ хусусан Бош прокуратура биноси ўт ичида қолди.

Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиевнинг Бишкекни тарк этгани хабар қилинаëтган бир кезда мамлакат бўйлаб ҳокимиятни ўз қўлига олганини айтаëтган мухолифат етакчилари Роза Ўтунбаевани муваққат Бош вазир этиб тайинлади.


Қирғизистондаги мухолифат партияларидан таркиб топган Халқ қурултойи Марказий ижроия кенгашининг фавқулодда йиғинида мамлакатда ҳокимиятнинг халқ қўлига ўтгани эълон қилинди.

Президент Бакиевнинг қочиб кетганини хабар қилган Регнум ахборот агентлиги у ўтирган учқичнинг Қозоғистон ҳудудига қўнганини билдирди. Аммо Бишкекдаги Манас аэропорти хизматчисининг Озодлик мухбирига айтишича¸ Бакиев ва унинг оила аъзолари ўтирган учқич кечки соат 9 ларда Ўш томон учиб кетган. Ҳозирча Бакиевнинг айнан қайда экани маълум эмас.

Айни соатларда Бош вазир ва Бакиев ҳукумати бошқа вазирларининг ўз жонини сақлаб қолиш илинжида экани¸ кўпларининг эса норози намойишчилар қўлида гаровда экани айтилмоқда. Айни пайтда мухолифатнинг қамоқдаги фаоллари озод этилмоқда.

Хусусан¸ мамлакат собиқ Мудофа вазири¸ яқинда 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Исмоил Исақовни озодликка чиқариш ҳаракати бормоқда. Исақовнинг яқин соатлар ичида тегишли ордер билан озодликка чиқарилиши кутилмоқда.

Халқ қурултойи Марказий ижроия кенгашининг фавқулодда йиғинида шунингдек¸мамлакат¸ хусусан пойтахт Бишкекда тартиб ўрнатиш учун махсус халқ дружиналари ташкил этиш ва Турал Мадилбековни пойтахт коменданти этиб тайинлаш ҳақида ҳам қарор қабул қилинди. Шуниндек¸ Қирғизистондаги барча куч ишлатар ва мудофаа тизимлари раҳбарларига Бишкек комендантига бўйсуниш ҳақида буйруқ берилди.

Бишкекдаги норозилар Қирғизистон парламенти¸ Миллий хавфсизлик қўмитаси¸ Мудофаа вазирлиги ва Бош прокуратураси биносини ишғол қилгач¸ бир қатор расмий бинолари¸ хусусан Бош прокуратура биносига ўт қўйилган. Бишкекликларнинг билдиришларича¸ шаҳар марказида дўконларни талаш бошланган¸ хусусан Максим ва Марат Бакиевларга тегишли мулкка ўт қўйилган.

Бундан бир неча соат аввал Қирғизистон Ички ишлар вазири Мўлдўмуса Қўнғантиев Талас шаҳрида милиция халқ томонига ўтганини эълон қилган¸ бироқ кўп ўтмай намойишчилар томонидан қўлга олинган эди.. Айни пайтда Қўнғантиевнинг Таласдаги норози оломон томонидан калтакланиб¸ оғир аҳволда касалхонага ëтқизилгани айтилмоқда. Ҳозирча Ички ишлар вазирининг калтак зарбидан жон берганига оид хабарлар ўз тасдиғини топмади.

7 апрел куни эрталаб Бишкекда ҳукумат уйини эгалламоқчи бўлган мухолифат тарафдорлари ва ҳуқуқ - тартибот тузилмалари орасида тўқнашув содир бўлди. Ҳуқуқ -тартибот тузилмалари махсус кучлари норозиларга қарши ўқ отганидан сўнг бошланиб кетган тўқнашувлар оқибатида камида 100 одамнинг ўлгани айтилмоқда.

- Бишкекдаги тўқнашувлар чоғида камида 100 киши нобуд бўлди, деди Қирғизистон мухолифати етакчиси Омурбек Текебаев давлат телевидениеси орқали тўғридан тўғри намойиш қилинган мурожаатда.

Текебаев, шунингдек пойтахтдаги вазият учун масъулиятни ўз зиммасига олишини маълум қилди.

- Мамлакат бўйлаб ҳокимият халқ қўлига ўтди,дея қўшимча қилди мухолифат етакчиси.




Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG