Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:28

Муваққат ҳукумат олти ойлик режасини очиқлади


Муваққат ҳукумат раҳбари Роза Ўтунбаевага кўра, президент Бакиев ҳали ҳам ўз ваколатларини топширгани йўқ ва у мамлакат жанубида ўз хайрихоҳларини йиғмоқда.
Муваққат ҳукумат раҳбари Роза Ўтунбаевага кўра, президент Бакиев ҳали ҳам ўз ваколатларини топширгани йўқ ва у мамлакат жанубида ўз хайрихоҳларини йиғмоқда.

Маҳаллий вақт билан 11.00 да Қирғизистон парламенти биносида бошланган матбуот анжуманида мамлакат муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтунбаева махсус декрет билан парламент тарқатиб юборилганини эълон қилди.

Журналист олдида чиқиш қилган Роза Ўтунбаева Қирғизистонда ҳокимият муваққат халқ ҳукуматига ўтгани, ўзи раҳбарлик қилаётган муваққат ҳукумат 6 ой фаолият олиб бориши, шу вақт мобайнида мамлакатда парламент сайловлари ўтказилиши ҳамда мамлакат конституцияси янгиланишини айтиб ўтди.

Муваққат ҳуқумат раҳбари 7 апрел кунги тўқнашувларда ҳалок бўлганлар хотираси абадийлаштирилиши ва уларнинг оиласига компенсация берилиши ҳақида билдирди. 7 апрел қурбонлари хотирасига Қирғизистонда мотам куни эълон қилинишини айтган Ўтунбаева ҳозирча унинг қайси кунга белгиланиши номаълумлигини қайд этди.

Бишкек - қонли воқеалар эртаси
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:24 0:00
Бевосита линк



Ўтунбаевага кўра, халқ норозилигига сабаб бўлган коммунал хизматлар нархлари бўйича тарифлар бекор қилиниб, аввалги ҳолига қайтарилади. Муваққат ҳукумат раҳбари, шунингдек, Бишкекда талончиликнинг олдини олиш учун барча чоралар кўрилажагини ваъда қилди.

Ўтинбаева Максим Бакиев раҳбарлик қилган Инновация, инвестиция ва тараққиёт агентлиги ҳамда президент котибияти тарқатиб юборилганини ҳам қўшимча қилди.

Муваққат ҳукумат раҳбарининг айтишича, Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев истеъфога чиққани йўқ ва у мамлакат жанубида ўзига хайрихоҳ кишиларни йиғиш билан овора.

Қурмонбек Бакиев ҳозирда Ўшдаги қароргоҳида бўлиши мумкин. Айни пайтда Бакиевнинг Жалолободга кетгани ҳақида ҳам айтилмоқда. Кеча кечқурун Бишкекдан учиб кетгани айтилаётган Қурмонбек Бакиев ҳозирча Қирғизистонда содир бўлаётган воқеалар юзасидан ҳеч қандай баёнот билан чиққани йўқ. Маҳаллий ахборот агентликларининг мамлакат мудофаа вазирлиги вакилларига таянган ҳолда хабар қилишларича, Қурмонбек Бакиев Ўшга Давлат қўриқчилик хизмати ва куч ишлатар тизимлар раҳбарларининг қаттиқ илтимосига кўра учиб кетган. Айни дамда Қирғизистон президентининг Ўшдаги қароргоҳи олдида икки соқчидан бошқа одам кўринмайди.

6 апрел куни соат 23.30 лар чамаси Ўшда КТР ва ЭлТР давлат телеканаллари трансляцияси узиб қўйилди, бугун эрталаб соат 9 ларда эса мамлакат жанубий пойтахтида мазкур телеканаллар эфири яна тикланди.

Бугун эрталаб соат 9 ларда Ўш шаҳри марказий майдонида мухолифат митинги бошланди. Митинг иштирокчилари Қурмонбек Бакиев ва маҳаллий расмийлардан ҳокимиятни тинч йўл билан топширишни талаб қилдилар. Намойишчилар ўзининг халқ билан бирга эканини айтган губернатор Мамасодиқ Бакировнинг бундан буён ишлашини истамадилар ва ўз ораларидан Қушбақ Тезекбаевни муваққат губернатори қилиб сайладилар. Шаҳар мэри Мелис Мирзақматов эса ўз лавозимида қолди. Маҳаллий вақт билан соат 10.30 ларда намойишчилар вилоят давлат маъмурияти биносига кириб кетдилар.

Шунингдек, шу соатларда Қирғизистон жанубидаги яна бир йирик шаҳар - Жалолободда ҳам кўп минг кишилик митинг ўтаётгани хабар қилинмоқда. Вилоят губернатори Қўшбай Масиров йиғилганлар олдида сўзлаб, ўз ваколатини топширганини эълон қилди. Айни пайтда жалолободликлар митингга Қурмонбек Бакиев келиши кутмоқдалар.

Жанубий вилоятлардан яна бири Боткенда губернатор Айтибай Тағаев мухолифат вакиллари билан учрашганидан кейин, "эл осойишталиги ҳар қандай лавозимдан ортиқроқ" эканини айтиб, ўз ваколатини топширган. Боткен шаҳар марказий майдонига йиғилган одамлар социал-демократлар вакили Карамат Ўрўзовани халқ губернатори этиб сайладилар.

Қирғизистон жанубий вилоятларида умумий вазият тинч, саросима кайфияти сезилмайди.

Айни пайтда 8 апрел куни эрталаб Бишкекдаги қирғиз парламенти биносида Роза Ўтунбаева раҳбарлигидаги муваққат ҳукумат йиғилиши бўлиб ўтди. Хабарларга кўра, унда муваққат ҳукуматнинг 10 аъзоси - Ўмурбек Текебаев, Алмаз Атамбаев, Рўза Ўтунбаева, Дамира Ниёзалиева, Эмил Каптагаев, Азимбек Бекназаров ва Элвира Ибраимова иштирок этди. Муваққат ҳукумат мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш масаласини муҳокама қилди.

7 апрел куни тунда Қирғизистон бош вазири Дониёр Усенов ўз вазифасидан четлагани тўғрисида ариза ёзиб, мухолифатга топширган эди. Шундан сўнг мухолифат Рўза Ўтунбаева раҳбарлигида муваққат ҳукумат ташкил этган.Кеча қамоқдан озод қилинган генерал Исмоил Исақов мудофаа вазири, Бўлўт Шерниёзов ички ишлар вазири, Дамира Ниёзалиева соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланган.

Мухолифат лидерларидан бири, муваққат ҳукумат аъзоси Азимбек Бекназаров янги ҳукумат олдида турган бирнчи галдаги вазифалар масаласида ўз шахсий фикрни билдирди:

- Энг аввало, 20 йил мобайнида Қирғизистонни қуритган одамларнинг исм-шарифларини элга ошкор қилиш керак. Уларни жазолашимиз шарт. Ернинг тагидан бўлса ҳам уларнинг халқни талаб тўплаган бойлигини топишимиз ва халққа қайтаришимиз шарт. Шунда халқ бизга ишонади. Ундан кейин ҳокимиятга келган одам ўз фойдасига ўзгартира олмайдиган ва ўз фойдасига фойдалана олмайдиган Конституция яратишимиз лозим, деди Азимбек Бекназаров.

Генерал Исмоил Исақов эса янги ҳокимият энг аввало суд мустақиллигини таъминлаши зарур, деган фикрда.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларига кўра, Бишкекда ҳукумат махсус кучларининг норозиларга қарши ўқ отиши натижасида 75 одам ҳалок бўлган. Бишкек тиббий муассасаларига тўқнашувлар пайтида яраланган ва тан жароҳати олган 1000 чоғли одам олиб келинган.

Акипресс ахборот агентлиги Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Раимқул Аттақуровга таянган ҳолда тарқатган сўнгги маълумотларга кўра, элчи билан телефон орқали гаплашган Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев ўзининг истеъфога кетмаганини, тез орада у мамлакат халқига мурожаат билан чиқишини билдирган. Қурмонбек Бакиевнинг айни пайтда қаерда эканини аниқ билмаслигини маълум қилган Аттақуров унинг Қирғизистон жанубида эканини тахмин қилишини айтади.

Қирғизистондаги вазият ҳақида кун давомида маълумот бериб борамиз.

XS
SM
MD
LG