Линклар

logo-print

Келдию кетди

  • Сарвар Усмон

Кечагина эл орасида шоду хандон юрган Қурмонбек Бакиевнинг ҳозир кайфияти қандай бўлса экан?

Кечагина эл орасида шоду хандон юрган Қурмонбек Бакиевнинг ҳозир кайфияти қандай бўлса экан?

"Келдию кетди". Орасида чақалоқнинг ёноғидай юмшоқ "ю" юкламаси бўлишига қарамай, икки феълдан иборат бу ибора ичида кўзга кўринмас қаттиқ пружина бор.

"Келдию кетди"да фавқулодда шиддат бор.

Тугаллик бор.

Қайтмаслик бор.

Маҳкумлик мавжуд "келдию кетди"да.

Кечадан бери бери айланади тилимда "келдию кетди".

7 апрел шиддати солди тилимга бу иборани.

У машойиxнинг "Ҳаёт сайёднинг ўқидан қочиб бораётган оҳунинг соясида бир зум тин олишдир" деган ўхшатишини ёдга солди.

Ҳукмдорнинг умри эса яна-да қисқалигини кўрдим кеча.

7 апрел кундуз соат соат 3 ларда "Ўш вилоят губернатори 8 йилга қамалган генерал Исақов тарафдорларидан икки кишини қабул қилишга ваъда берди", деган хабар чиқди.

"Қабул қилмасам ҳам ихтиёриму? лекин кичикфеъллик қилиб қабул қилиб қўяяпман-да", деган иддаою фироқни уқади хабарни тўлиқ ўқиган одам.

Губернатор жаноблари иддаою фироқ қилаётган дақиқаларда орадан бир неча соатгина ўтиб, генерал Исақовнинг қамоқдан чиқишини, орадан бир сутка ҳам ўтмай ўзи ҳам ишдан кетишини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак.

6 апрел кечқуруну 7 апрел тушгача Бош вазир Дoниëр Усенов намойишчиларни "деструктив унсурлар", деб аташдан чарчамади.

Тушдан кейин Қирғизистонда Бош вазир борми-йўқлигиям билинмай қолди.

Бир неча соат мамлакат Усеновсиз қолди.

Дараги 7 апрел заволга етай деган соатларда чиқди.

"Дониëр майдондаги оломон орасидан соғ-омон олиб чиқиб кетсаларинг бўлди, жонимни сақлаб қолсаларинг бўлди, кечдим бош вазирликдан, деди" деган хабар чиқди.

Жонини сақлаб қолишни сўраётган дақиқаларда бор-йўғи ярим кун муқаддам оғзидан боди кириб, шоди чиққанини эсладимикан эндиликда собиқ бош вазир?

Ўшнинг губернаторию бош вазир, ҳукмдорлик нон-сувлари битгунича, ҳар ҳолда, бир нарсалар дегандай бўлишди.

Лекин президентдан садо чиқмади.

Мана шу сатрлар ёзилаётган дақиқалардаям у кишининг қаердалиги аниқ-тиниқ эмас.

Балки, у киши файласуфликка берилиб ўтирибдимикан?

Балки Бакиев жаноблари машойихнинг "Ҳаёт сайёднинг ўқидан қочиб бораётган оҳунинг соясида бир зум тин олишдир" деган гапини ўзича таҳрир қилаётгандир.

Масалан, мана бундай: "Ҳукмдорнинг ҳаёти сайёднинг ўқидан қочиб бораётган оҳунинг соясида тин олаётган одамнинг олган нафасидир. Ўша нафасни чиқаришга улгурадими-йўқми – бунга ҳукмдор кафолат беролмайди. Ҳатто у Конституция кафили бўлса ҳам", деяётгандир.

Балки, Бакиев атиги 5 йил олдин, кечагидай тўполон билан ҳокимиятга келганини эслаб ўтиргандир.

Кечагина, кечагидай тўполон билан.

Хуллас, келдию кетди.

Тугаллик бор.

Қайтмаслик бор.

Маҳкумлик мавжуд бу шафқатсиз "келдию кетди"да.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG