Линклар

7 апрел куни менинг хаётимда энди бир умрга муҳрланиб қолса керак.


Иш куним бошланиши биланоқ интернет орқали Қирғизистондаги воқеаларни кузатишни бошлаган бўлсам, ушбу кун не билан тугашини тасаввур ҳам қила олмаганлигимни кечга яқин тушундим.

Мустақил интернет агентликларию энг фаол блогерлар ёпиб ташланганини кўриб кўз олдимга Ўзбекистон келди. Андижон воқеаларидан сўнг интернетда маълумот берган машҳур сайтлар ёпиб ташланган эди. Улар қаторида Озодлик¸ Фарғона.ру¸ BBC сайтлари бор эди. Қирғизистонда булар сираси анча кенгроқ бўлди. Сабаби бу мамлакатда интернет тўсилмагани боис виртуал оламидан маълумот тарқатувчи сайтлар, форумларни истаганча топиш мумкин. Бу борада қирғизистонликлар ўзбекистонликларга нисбатан анча олдинда.

Шу куни мамлакатда ҳақиқий фуқаровий журналистикаси ривожланганини сездим. Бу ерда машҳур www.kloop.kg сайти мавжуд бўлиб, унда жуда кўплаб блоглар мавжуд. Мана шу сайтга кун давомида бир неча бор кириш беркитилиб, очилди. Машҳур diesel.elcat.kg форуми 6 апрелдаёқ техник сабабларга кўра ишлай олмаслигини айтган эди. Бироқ 7 апрел куни тушдан сўнг у ҳам ишлаб кетди. Унда ҳар дақиқада интернет фойдаланувчилари бўлаётган ходисаларни ёзиб боришди. Бироқ менимча, 7 апрел куни энг машҳур тармоқ бу www.twitter.com бўлди. Унда фойдаланувчилар Қирғизистон пойтахтида кўраётган воқеаларини тинмай ёзиб боришди. Шу тармоқ орқали мен бўлаётган воқеаларни кўраётгандек бўлдим.

Кечга яқин ўз кўзим билан кўриб тингловчиларга айтиб бериш учун Оқ уй томон отландим. Юракда ҳадик бор эдими? Дастлаб унчаликмас, чунки касбим шу эканлигини тушунардим.

Оқ уйга 3 чақиримча етмасдан машинадан тушиб пиёда кетаяпман. Тўда-тўда одамлар. Улар турли ёшда, баъзилари менга шубҳа билан қарашмоқда. Бироқ Озодлик радиоси деган номни эшитиб, одамлар чеҳрасидаги шубҳанинг тарқашини сездим. Қирғизистонда Озодликни жуда яхши кўришади. Озодлик мухбирларига ҳам муносабат шунга яраша...

Узоқдан тутуну, оломон кўзга ташланарди. Йўл ёқасида маҳаллий аҳоли “Миллий госпитал” дея ном берган бино олдида шифокорлар туришганини кўриб қолдим.



Ҳамкасбим билан ичкарига кирдик. Беморлар лиқ тўла бу бинодаги шифокор ўлганлар борлиги¸ Бишкек касалхоналарининг барчаси ярадорларга тўлалигини айтади. Госпиталдан чиқиб¸ яна олдинга интилдик.

Кўчадаги оломонни кўриб юрак озгина сесканди. Кўплари эркаклар, аммо орада аёллар ҳам учраб туради. Бир пайт ҳамкасбим қирғизистонликлардан интервью олмоқчи бўлди. Менинг ҳадиксирашим сезилдими, йўқми уларга билмадиму, лекин икки аёлни ўндан ортиқ эркак куршаб олиб интервью бериши чўчитар экан одамни.



Норозилар орасида турли ёшдаги қирғизистонликлар - ўсмирлардан кексаларгача бор:














Йўлимизда яна бир тиббий клиника. Унда ҳам ярадорлар, ҳалок бўлганлар. Қурбонлар сони ўнлаб, ярадорлар юзлаб.













Олдиндаги тутун ва одамларнинг тумонатлиги бизнинг Оқ уйга яқинлашганимиздан дарак эди. Аммо Оқ уй тараф эмасу, айнан тутун томон югураман. Ёнаятган бино Қирғизистон Бош прокуратураси бўлиб, атрофида тумонот томошабин. Асфальтда қачонлардир прокурор ёки терговчининг столида турган ҳужжат варақалари. Прокуратуранинг деразалари синган, кимнингдир кийими учинчи қаватдан осилиб турибди. Бинонинг асосий кириши оловга чулғанган эди.


Бош прокуратура Алатоо майдонининг бир биқинида бўлгани учун майдондаги одамлар кўплиги сезилди. Майдонда қишги Хитой иситгичи тутаб, аллақандай бадбўй ҳид тарқатгани у қадар ҳам сезилмас эди. Майдон бўйлаб юрарканман, “Биз халқ билан” дея қирғиз тилидаги ëзувлар ёпиштирилган савдо дўконларининг деразалари синганлигига кўзим тушади. Савдо дўкони эгаси деразаларнинг ҳукумат аскарлари турган пайт, уларга қарата тош отилганда синганлигини айтади.

Оқ уйга янаям яқинроқ бораман. Одамлар янаям кўпроқлигини сезаман.Энди Оқ уй томонга қараганимни биламан¸ ўша томонда турган оломон мен томонга қараб югураятганини сезаман. Жон сақлаш деб шуни айтса керак, мен ҳам уларга қўшилиб эгилиб олиб югураман. Қий-чув, ҳавода патиллатиб овоз эшитилди. Биринчи бор ўқ овозини эшитдим. Яхшиямки, ёнимдаги умуман менга нотаниш қирғиз йигити "эгил" дея бақириб турди. Балким шокдан, балким тушунмаганлигимданми бошим баланд кўтарилар¸ менинг ўнг томонимда югураëтганлар орасида шу пайтда бир йигитнинг ярадор бўлганига гувоҳ бўлдим. Ўн дақиқаларда бу отишма тўхтади. Девор панасига бекинган одамлар яна Оқ уй томон қайтишди.







Ярадор бўлганларни (ҳалок ҳам бўлганлар бор эди улар ичида) намойишчилар бир неча кишилашиб кўтариб тўғри клиникаларга олиб кетишар, менинг эса ўша сонияларда юрагим эзилиб кетар, кўзларимга ёш келарди. Айнан шу пайт воқеанинг даҳшатлигини сездим. Айнан шу пайт юрагим қанчалик тез ураëтганини қулоқларимдаги томир уришидан ҳис қилдим. Айнан шу дақиқада “ўлишим мумкин эдику!” деган фикр миямдан ўтиб кетди. Мен учун бу 10 дақиқа ярим соатдек туюлди.

Вақт ўтар, одамлар майдонни тарк этишмас, балким яна ҳам кўпаярди. Оқ уй томонидан отишма давом этарди...

Ниҳоят қўлимдаги телефон жиринглади. Тўғридан-тўғри эфир, ундан сўнг яна майдонда қолаяпман. Аммо коммендант вақти эълон қилинганлиги ва майдонда бир ўзим умуман бегона, баъзилари ичиб олган, ғазабидан йўлида ким учраса титиб юборадиган оломондан узоқроқ кетганим маъқуллигини англадим. Майдонни тарк этиб кетаяпману, Киевская кўчасида савдо дўконидаги талончилик, Советская кўчасидаги тўда-тўда ёшларнинг тош отишларига кўзим тушади.




Бу манзара менинг хотирамда бир умрга муҳрланди - нафақат отишма билан, кечки талон-тарожлик билан, оддий қирғизнинг атиги 24 соат ичида ўзида бекитилган қудрат¸ кучни кўрсатгани билан.

Қирғиз халқи озодликни севишини ва у учун курашишга¸ жонини қурбон қилишга тайёрлигини исботлади. Алатоо майдонидан қайтатуриб¸ атрофдаги ëнғину талончиликлар¸ қон изларига қарамай¸ қирғизларга ҳавас қилдим. Ичидаги исëнини чиқариб, ўз талабини майдонларга баралла қўйган ва унга етган қирғизлар ўз тарихларида яна бир янги саҳифа бошлашди.
XS
SM
MD
LG