Линклар

logo-print

Обама ва Медведев муҳим келишувга имзо қўйдилар


АҚШ ва Россия президентлари бугун Прага шаҳрида икки давлат ядровий арсеналларини камайтиришга қаратилган янги битимни имзоладилар.

Барак Обама ва Дмитрий Медведев имзолаган шартнома 1991 йилда имзоланган ва ўтган йилнинг декабрида муддати тугаган ядровий қуролларни камайтиришга оид СТАРТ-1 битимининг ўрнини босади.

Келишувни имзолаш маросимидан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШ президенти Барак Обама Прагда имзоланган янги келишувни ядровий хавфсизлик ва АҚШ-Россия муносабатларидаги бурилиш нуқтаси, дея атади.

Обама, шунингдек, россиялик ҳамкасби билан мудофаа тизимига оид расмий Вашингтон режаси юзасидан сўзлашувларни давом эттиришга келишиб олганликларини маълум қилди.

Россия президенти ҳам янги келишув имзоланишини олқишлаб, бундай учрашувни уюштирган Чехия ҳукуматига ўз миннатдорчилигини изҳор қилди.

Чоршанба куни Чехия президенти Вацлав Клаус билан учрашган Дмитрий Медведев АҚШ ва Россия ўртасидаги янги битим келгусидаги ядровий қуролсизланиш уринишларида муҳим рол ўйнаши мумкинлигини баён қилди.

Бир неча ой давомида ўтказилган музокаралар натижасида тайёрланган битим икки давлатнинг ядровий арсеналларини етти йил давомида 1550 тадан ядровий каллаккача камайтиришни кўзда тутади.

Россия ва Қўшма Штатлар биргаликда жаҳондаги ядровий қуролларнинг 95 фоизига эгалик қилади.
XS
SM
MD
LG