Линклар

logo-print

БМТ идораси тожикистонлик чекистларни судга бермоқчи

  • Гулнора Равшан

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматулло Бўтақўзиев шу йилнинг 26 феврал куни Душанбеда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳибсга олинганди.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматулло Бўтақўзиев шу йилнинг 26 феврал куни Душанбеда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳибсга олинганди.

БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича ваколатхонаси Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида қолаётган қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматилло Бўтақўзиев аҳволидан хабар олиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолгандан сўнг шундай қарорга келишганини билдирдилар.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматилло Бўтақўзиев 42 кундан буён Тожикистон ҳибсхоналарида сақланмоқда. Гарчи унинг қамоққа олиниши бўйича санкция муддати аллақачон тугаган бўлса-да, шу кунга қадар БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича идораси ёллаган адвокат ҳам, Неъматиллонинг укаси Муҳаммадсолиҳ ёллаган адвокат ҳам унинг билан учраша олгани йўқ.

Бунинг сабабларини Неъматиллонинг укаси Муҳаммадсолиҳ мана шундай изоҳлайди.

- Адвокатларга, менимча, тўсиқлар бўлаяпти. У ташкилотга боришса, “бу ташкилотга бор”, дейишаяпти, бу идорага боришса, “у ёққа бор”, дейишаяпти. Шу кунгача бизнинг адвокатлар ҳеч қанақа иш қилганлари йўқ. Акамизнинг ҳоли нима кечаётганини биз билмаймиз, ҳеч қандай хабар йўқ. Жуда ундан хавотир олаяпмиз, юраги чатоқ, дейди Муҳаммадсолиҳ.

Адвокатларнинг ўз ҳимоясидаги шахс билан учрашиши борасидаги уринишларидан натижа чиқавермагач, Муҳаммадсолиҳга кўра, БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича Душанбедаги ваколатхонаси ходимлари судга мурожаат қилганлар.

Мавзу ортидан БМТнинг қочқинлар иши бўйича Душанбедаги идорасига сим қоқдик. Ўзини Умар деб таништирган БМТ ходими бу маълумотларни тасдиқлади.

- Судга мурожаатимиздан мақсад - адвокатга Бўтақўзиев билан учрашиш имконият берилсин. Лекин бу борада ҳозир тўла маълумот бера олмаймиз. Суд процедураси бошлансин, ундан кейин бирор маълумот бера оламиз, деди БМТ идораси вакили.

Умарнинг билдиришича, ариза Душанбедаги Сино туман судида кўриб чиқилади.

Ариза тақдири ва суднинг қачон бошланиши ҳақида билиш учун Сино туман судига ҳам сим қоқдик.

Аммо бу борадаги уринишларимиздан натижа чиқмади. Сино туман суди телефонлари гўшагини ҳеч ким кўтармади.

Тожикистон адвокатлар коллегияси аъзоси Абдуқаюм Юсуповнинг Озодликка билдиришича, Тожикистоннинг амалдаги қонунчилигига мувофиқ, агар адвокат ўз ҳимоясидаги киши билан белгиланган муддатгача учраша олмаса, жиноятда гумонланаётган шахс устидан тергов олиб бораётган терговчи ва шу идора масъулларининг ҳатти-ҳаракатлари юзасидан судга мурожаат қилиши мумкин.

Адвокат Юсупов Тожикистон Конституцияси судларга мустақиллик ва дахлсизликни кафолатлагани, аммо ишни олиб борадиган судя амалда қандай йўл тутишига жиноят иши моҳияти ҳам таъсир ўтказмай қолмаслигини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтсак, қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматилло Бўтақўзиев 2008 йил 1 октябрида Қирғизистоннинг Новқатида рўй берган тартибсизликларда айбланиб, бу мамлакат миллий хавфсизлик идораси томонидан қидирилаётган эди.

Жорий йил бошида Душанбега келган Неъматилло БМТнинг Тожикистондаги ваколатхонасига мурожаат қилиб, қочқинлик мақомини сўраган эди. Аммо у БМТ идорасида анкета тўлдирган 26 феврал куни дараксиз йўқолиб қолганди. Кейинчалик у маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ушлаб кетилгани маълум бўлганди.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Неъматилло Бўтақўзиев Тожикистон миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинчалик сақлаш изоляторида қолаётган айни пайтда ҳукумат сиёсатидан сабр косаси тўлган унинг юртдошлари ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб кўчага чиқдилар.

Неъматиллонинг укаси Муҳаммадсолиҳ акаси адолатсизлик қурбони бўлаётганини қайта-қайта такрорлар экан, ниҳоят Тожикистон тегишли идора масъуллари ҳам бугунги Қирғизистонда рўй бераётган воқеа ҳодисалардан хулоса қилиб, Неъматиллога қўйилаётган айблар тўҳмат эканини англаб етишса керак дея умид қилади.

- Мана бугунга келиб шу гаплар туҳмат экани, иллати ичидан чиққани аниқ бўлаяпти. Ноҳақ қонлар тўкилаяпти, одамлар ўлаяпти Қирғизистонда. Шу нарсалардан қочиб, шу ерларга келган эдик бошпана сўраб. Акамиз шундай ҳолатга тушиб қолишини биз билмагандик. Ақл эгасига бугун қирғиз жамиятида рўй бераётган шу воқеалар исбот бўлса керак. Яна Худодан умид қиламиз, дейди Неъматиллонинг укаси Муҳаммадсолиҳ.



XS
SM
MD
LG