Линклар

Узоқ давом этган музокаралардан сўнг ниҳоят 8 апрел куни АҚШ ва Россия президентлари Чехия пойтахти Прага шаҳрида стратегик қуроллар сонини қисқартиришга оид тарихий келишувга имзо қўйдилар.


Бир неча ой давомида ўтказилган музокаралар натижасида тайёрланган мазкур битим икки давлатнинг ядровий арсеналларини 7 йил давомида 1550 тадан ядровий каллаккача камайтиришни кўзда тутади.

Прагада имзоланган келишувни олқишлаган Барак Обама янги ҳужжатнинг ўзаро муносабатлар ривожига ҳам ҳисса қўшажагига умид билдирди.



- Бугун ядровий хавфсизлик ва ядровий қуролсизланиш ҳамда АҚШ-Россия муносабатлари учун муҳим кундир. Ҳар иккала давлатнинг мақсади стратегик қуроллар сонини камайтиришга оид янги келишувга эришиш эди. Янги келишувда ядровий қуроллар сонини кескин камайтириш назарда тутилган. Ядровий қурол ташувчи ракеталар сони 50 фоизга камаяди. Ўзаро ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган кенг кўламли назорат механизми ҳам ишлаб чиқилган, деди Барак Обама.


Россия раҳбари Прага учрашувини муҳим тарихий жараёнларга таққослаб, янги келишув нафақат икки давлат балки бутун жаҳон учун муҳим рол ўйнашини таъкидлади.

- Россия ва АҚШ манфаатларини мувозанатда сақлаб турадиган келишувга эришдик. Энг муҳими бу ерда ҳеч ким ғолиб ёки мағлуб бўлгани йўқ. Бошқача қилиб айтганда бу “ғолиб бўлиш вазиятидир”, деди Дмитрий Медведев.

Барак Обама ва Дмитрий Медведев имзолаган шартнома 1991 йилда имзоланган ва ўтган йилнинг декабрида муддати тугаган ядровий қуролларни камайтиришга оид СТАРТ-1 битимининг ўрнини босади.

Келишув имзолангандан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида АҚШ президенти Барак Обама, шунингдек, россиялик ҳамкасби билан мудофаа тизимига оид расмий Вашингтон режаси юзасидан сўзлашувларни давом эттиришга келишиб олганликларини маълум қилди.

Медведев ўз навбатида агар АҚШ мудофаа тизимини кенгайтиришни давом эттириб ва бу тизим Россиянинг стратегик қуроллар салоҳиятига тахдид соладиган тақдирда Москва статегик қуролларни назорат қилувчи келишувдан чиқиш мумкинлиги ҳусусида огоҳлантирди.

- Ракета ҳужумига қарши мудофаа тизимини кенгайтириш уринишлари бўлмаган тақдирдагина келишувнинг кучга кириши мумкинлигини таъкидлаганмиз, бу Россиянинг очиқ позицияси бўлган ва бундан америкалик ҳамкорларимиз хабардор бўлган. Охир-оқибат ушбу тизим Россия стратегик кучларига таҳдид келтириши мумкин. Ҳужжат имзоланиши арафасида эълон қилган баёнотимизнинг мазмуни шундан иборат ва ушбу баёнот табийки эълон қилинади, деди Дмитрий Медведев.

Россия раҳбари тилга олган баёнот президентларнинг матбуот анжумани арафасида тарқатилди.

Кремл баёноти эълон қилингандан сўнг Оқ уйнинг расмий сайти мазкур баёнотни бир томонлама, дея атаб, бундай талаблар келишув матнига киритилмаганини билдирди.
XS
SM
MD
LG