Линклар

Оқ сарой жим. Партиялари ҳам.

  • Сарвар Усмон

Бакиевнинг айтишича¸ 7 апрел арафасида Ислом Каримов унга ëрдам таклиф қилиб¸ сим қоққан.

Бакиевнинг айтишича¸ 7 апрел арафасида Ислом Каримов унга ëрдам таклиф қилиб¸ сим қоққан.

Уч кундан буён қўшни Қирғизистонда бўлаётган воқеаларга Ўзбекистон ҳукумати 8 апрел кечга қадар муносабат билдирмади. Табиийки¸ Оқ сарой қош-қовоғига қараб оғиз очадиган Ўзбекистондаги "сиëсий партия"лар ҳам сукут сақлашмоқда.


Оқ сарой муносабати шаклланмаганиданми ёки қўшни мамлакатда бўлаётган воқеалар тўғрисида маълумот етарли эмаслигиданми – билмадик, вакиллари Олий Мажлисдан жой олган партиялар ҳам муносабат билдиришдан тийилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакили раҳбарига мурожаат қилишимиз лозимлигини уқтирди. Раҳбарнинг телефонини берди. Қўнғироқ қилдик, раҳбар олмади.

Ўзбекистон Либерал демократик партияси вакили ҳам бошлиғига “футбол” қилди.

Бошқа партиялар билан боғланишда ҳам шунга ўхшаш, анъанага айланиб қолган усул қўлланилди.

Шуниси қизиқки, бу гал мухолифатдаги партияларнинг баъзилари ҳам муносабат билдиргиси келмади.

Бирлик халқ ҳаракати партияси раиси Абдураҳим Пўлатов Озодлик мухбири билан суҳбатда Қирғизистондаги воқеаларга партиясининг муносабати борлигини, лекин уни Озодлик, Америка овози, BBC радиоларига билдириш нияти йўқлигини айтди.

Жаноб Пўлатовнинг айтишича, бу ахборот воситаларининг Ўзбекистонда таъсири йўқ, шунинг учун гапирмайди.

Қирғизистондаги воқеаларга муносабат билдирганлар ҳам бўлди. Улардан бири ўз сафига Эрк демократик партияси, “Андижон: Адолат ва Тикланиш” ташкилоти ва Таянч ташкилотларини бирлаштирган “13 май иттифоқи” ташкилотидир.

13 Май Иттифоқининг матбуот учун тарқатилган билдирувида:

"Ҳукуматлар келиб-кетаверади, халқлар эса қолади. Биз 6-7 апрелда Қиргизистон давлатидаги ҳокимиятни алмаштирган халқ иродасини кўллаб-қувватлаймиз. Қиргиз давлатининг Роза Ўтунбаева бошчилигидаги муваққат ҳукумати бу тарихий фурсат белгилаган вазифаларни муваффақиятли бажаришига умид қилмоқдамиз. Ишонамизки,бу тарихий кунларда Қиргизистонда каби бутун минтақада тинчлик ва истиқрорни саклаб қолиш энг муҳим вазифадир.Янги хукуматнинг душманлари бу истиқрорни бузишга бутун кучи билан ҳаракат қилиши шубҳасиздир. Улар бу ҳаракатида уруғ-аймоқчилик, миллий ва диний туйғуларни суистеьмол қилишлари эҳтимоли юксакдир.Минтақа аҳолисини бу фитна тузоғига тушмасликка ва ҳушёрлика чакирамиз"¸ дейилади.

Озодлик билан суҳбатда ташкилот вакили Нурилло Мақсудов бундай деди.

- Қирғизистон халқининг хурсандчилигига биз ҳам шерикмиз. Мана улар ҳаракат қилишиб¸ Қирғизистон халқи қанча-қанча яхши ниятлар билан¸ умидлар билан қўзғолон қилишиб¸ олдинги раҳбарни олволиб янги раҳбарни ўзлари қўйишган эди. Янги келган раҳбар жуда катта ваъдалар қилган эди. Лекин афсуски берган ваъдаларининг устидан чиқмади. Шу туфайли мана халқ аста-секин кўтарилиб чиқиб бугунги кунга келиб ўтган икки кун ичида митинг қилиб¸ тўпланиб чиқиб¸ бутун учта вилоятларда ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб халқ кўтарилиб чиқди ва қўйган мақсадларига эришди. Бугунгача беш йил ҳукм сурган диктатор раҳбарларининг ҳаммаларини ишдан олиб юборди¸ йўқ қилди. Ҳозирча раҳбарликка ўзлари келишган одамларни қўйишаëтган экан. Қирғизларнинг хурсандчилигига ва ютуғига биз ҳам шерикмиз¸ дейди “13 май иттифоқи” ташкилоти вакили Нурилло Мақсудов.

Аграрийлар ва тадбиркорлар партияси Ўзбекистонда расман қайд этилмаган сиёсий ташкилотлардан биридир. Унинг лидери Марат Зоҳидов Озодлик мухбири билан суҳбатда Қирғизистонда давом этаётган воқеаларни қоралади.

- Қирғизистонда бўлган ишларни биз қўлаб-қувватламаймиз. Нима учун десангиз¸ бу демократияга¸ ривожланишга бутунлай тўғри келмайди. Фақат шунақа жанжаллар билан ҳукуматни олиш¸ мен ўйлайманки¸ ҳеч кимга бу нарса Ўзбекистонда ëқмаяпти. Тўғри агар Бакиев нотўғри иш қилган бўлса¸ ўша тўғрисида гапиришга бошқа йўлларни қидириш керак эди. Тем более Қирғизистонда шунақа имкониятлар бор. Ўзбекистонда мутлақо ҳеч қаерда камчилик тўғрисида гапириш қийин¸ дейди Ўзбекистонда расман қайд этилмаган Аграрийлар ва тадбиркорлар партияси лидери Марат Зоҳидов.

Ўзбекистондан чиқиб кетиб, АҚШдан сиёсий бошпана олган Баҳодир Чориев океан ортида халқ ҳаракати тузиб, уни “Бирдамлик”, деб номлаган.

Баҳодир Чориев ўзи ва ҳаракати номидан Қирғизистонда давом этаётган воқеаларни олқишлади.

- Мана кеча бўлиб ўтган Қирғизистондаги воқеаларни биз диққат билан кузатиб бордик. Бу ерда халқ кўчаларга чиқиб ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишиб¸ бир зумда ҳукуматнинг ўзгаришига олиб келди. Айтмоқчиманки¸ Қирғизистондаги бўлган ҳукумат ўзгариши умуман олганда Ўзбекистон халқи¸ ҳукумати¸ мухолифат учун катта бир сабоқ бўлиб қолади деб ўйлайман. Тарих шуни кўрсатаяптики¸ ҳар қандай диктатура бир кун албатта ўзининг тугашига етиб боради. Шунинг учун биз яна бир бор шу муносабат билан фикр билдирмоқчимизки¸ албатта бир кун келиб Ўзбекистон халқи учун ëруғ кунлар келади деган умиддаман¸ дейди Америкадан Баҳодир Чориев.

Қирғизистонда давом этаётган воқеалар муносабати билан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ҳам махсус баёнот эълон қилди.

Баёнотда, жумладан мана бундай дейилган:

“Афсуски, қўшни Қирғизистондаги мазкур вазият борасида юртдошларимизни информацион очликда тутиб турган Ўзбекистон ҳукумати ўз позициясини билдиргани йўқ. Ҳатто ўзларини мустақил деб ҳисобловчи маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ҳам доимгидек мазкур ҳодисалар юзасидан бирорта хабар мавжуд эмас”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG