Линклар

Бакиев:"Мен президентликдан воз кечмайман"


Халқ вакиллари мамлакат бўйлаб Бакиев суратларига ўт қўяëтган айни пайтда Бакиев "мени халқ сайлаган" деган гапни такрорламоқда.

Халқ вакиллари мамлакат бўйлаб Бакиев суратларига ўт қўяëтган айни пайтда Бакиев "мени халқ сайлаган" деган гапни такрорламоқда.

Қирғизистонда ҳокимият муваққат халқ ҳукумати қўлига ўтган айни куни мамлакат жанубидан туриб "Эxo Москвы" радиоси мухбири саволларига жавоб берган Қурмонбек Бакиев шундай баëнот берди.

Россиядаги "Эxo Москвы "радиоси мухбири Тихон Дзядко Бишкекдаги исëнчилардан қочиб Жалолободдаги уйида ўтирган Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев билан 8 апрел тушдан кейин суҳбатлашди.

Суҳбат давомида Бакиев 7 апрел кунига қадар Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан телефонда суҳбатлашганини билдирди.

- Улар мендан ҳол-аҳвол сўрашди. Нима ëрдам керак дейишди. Мен раҳмат ҳол-аҳвол сўраганингиз учун¸ ўзимиз бир амаллармиз дедим.

Айни вақтда овозидан ëлғизлик ва иложсизлик сезилиб турган Бакиев мамлакатни бошқариш ричаглардан мосуво бўлганини тан олди.

Суҳбат давомида Бакиев Бишкекдаги воқеаларни қуролли давлат тўнтариши¸ деб атаб ҳукуматни қўлга олганларга жиноятчи сифатини тақди.

16 дақиқа давом этган суҳбат сўнггида мухбир Бекиевга бир нечта қисқа саволлар берди.


- Қурманбек Бакиевич айтингчи, сиз шу кунларда Қирғизистонда қолишни режалаштиряпсизми ёки чиқиб кетасизми?

- Мен билмадим... Айтмоқчи бўлганим¸ мен ҳозир Қирғизистон жанубидаман. Ҳозирча бу ердан кетмоқчи эмасман.

- Бишкекка қайтиш ниятингиз йўқми?

- Биласизми, мен у ердан кетмас эдим, аммо менинг ойналаримга ўқ отишни бошлашгандан кейин мен мўъжиза туфайли ўқларга чап бердим. Менинг кабинетимни бориб кўришингиз мумкин- илма тешиги чиқиб кетган... Ўзини Муваққат ҳукумат деб атаган гуруҳ шаҳарда тартиб ўрната олмаса¸ қандай қилиб улар президентнинг хавфсизлигини таъминлаб беришади. Боз устига улар ўзларининг ноқонуний қарорлари билан кўплаб ҳуқуқ тартибот раҳбарларини лавозимдан озод этдилар.

- Сиз қайта сайланганингизга тўққиз ой ўтмасдан сизга қарши кўтарилган бу ҳаракатнинг сабаблари нимада деб ўйлайсиз? Нарх-наволаринг оширилишидами, ёки олиб борилган ички сиёсатми?

- Йўқ, йўқ. Асло бундай эмас! Нархларинг оширилиши халқнинг кўчага қурол билан чиқишга сабаб бўла олмайди, чунки давлат томонидан уни енгиллаштириш учун компенсация тўловлари белгиланган, бу биринчидан. Иккинчидан, ички сиёсат айнан кўпчиликни талабига мос келарди. Менинг ташаббусим билан чақирилган “Ишонч қурултойи”га АҚШ кўрсатмаси билан қўйилган эмас, балки оддий одамлар томонидан сайланган вакиллар жамланган. Ўша ерда қаттиқ танқид ҳам бўлди, одамлар ўз фикларини очиқ билдирдилар. Танқид тўғри қабул қилинди. Масалан, қурултой якунида резолюциянинг қабул қилинишичи? Улар якдиллик билан президент танлаган йўлни қўллаб-қувватлашларини билдирдилар. Ахир бу резолюцияни амалдорлар қабул қилишмаган. Тасаввур қилинг: икки ҳафта олдин резолюциянинг қабул қилиниши ва икки ҳафтадан кейин қуролли тўнтариш! Бунинг халқга ҳеч қанақа алоқаси йўқ! Бу ҳақиқий қуролли давлат тўнтариши. Ёшларни ароқ ичтириб, алдаб майдонларга ташлашди. Ўзлари эса четда кузатиб турдилар.

- Сўнгги савол, қандай шартлар доирасида сиз ўз хоҳишингиз билан президентлик лавозимидан воз кечасиз?

- Мен ҳозирча президентлик лавозимимдан воз кечиш ниятим йўқ. Асос кўрмаяпман бунинг учун. Қайта президентлик сайловлари бор-йўғи 9 ой олдин бўлиб ўтган эди, 77 фоиздан ортиқ овоз амалдаги президент учун берилган, президентни қўллаган қурултой икки ҳафта олдин бўлиб ўтган бўлса, қандай қилиб менинг кетишим тўғрисида гап бўлиши мумкин?! Халқ ўзи танласин, ўзи ўйласин.. Етади, бошқа гапим йўқ. Раҳмат сизга.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG