Линклар

Нетаняҳу Вашингтон саммитига бормасликка қарор қилди


Исроил расмийлари бош вазир Бенямин Нетаняҳу АҚШ Президенти Барак Обама мезбонлик қиладиган ядровий хавфсизликка оид саммитда қатнашиш учун Вашингтонга режалаган сафарини бекор қилганини маълум қилди.

Исроил расмийларига кўра, Нетаняҳунинг қарорига мазкур саммитда қатнашиши кутилаётган Миср ва Туркия етакчилари Исроилни Ядровий қуролларни тарқатмаслик битимига қўшилиш ва ўз ядровий иншоотларини халқаро ҳамжамиятга ошкор қилишга чақиршини ният қилганликларидан хабар топгани сабаб бўлган.

Яҳудий давлати расмийларининг айтишича, Вашингтон саммитида бош вазирнинг ўрнига разведка ва атом энергияси вазири Дан Меридор қатнашади.

Исроил шу пайтгача ўзида атом қуроли борлигини на тасдиқлаган ва на инкор қилган. Лекин Исроил Яқин Шарқда ядровий қуролга эга бўлган ягона давлат экани айтилади.

Вашингтон саммитида 40дан ортиқ давлат етакчиларининг иштирок этиши кутилмоқда. Саммит муҳкоамаларининг марказида ядровий қуролларнинг жанггари гуруҳлар қўлига тушиб қолишининг олдини олиш масаласи бўлиши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG