Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:04

Қирғизистонда миллий мотам куни


Расмий маълумотларга кўра¸ 7 апрел куни камида 75 одам нобуд бўлган.
Расмий маълумотларга кўра¸ 7 апрел куни камида 75 одам нобуд бўлган.

Қирғизистонда ташкил этилган муваққат халқ ҳукумати 7 апрел кунги тўқнашувларда ўлдирилган 70 дан ошиқ қурбон хотирасига эҳтиром сифатида 9-10 апрелни мамлакат бўйлаб миллий мотам кунлари деб эълон қилди.



Бишкек марказий майдонида ҳалок бўлганларни хотирлашмоқда.
9 ва 10 апрел Қирғизистонда миллий мотам кунлари сифатида эълон қилинди. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, Бишкекда содир бўлган икки кунлик халқ исёни пайтида 75 одам қурбон бўлган, 1500 дан ортиқроқ одам яраланган ва турли жароҳатлар олган.

Қурбон бўлганлардан 12 нафарининг шахси аниқланмаган.

- Шахси аниқланмаган жасадлар халққа қарши ўқ отган снайперлар ва махсус хизматлар ходимлари бўлиши мумкин, деган таҳмин мавжуд, - деди Озодлик мухбирига муваққат ҳукумат матбуот хизмати ходими Мелис Эржигитов.

Айни соатларда Бишкекдаги Алатоо марказий майдонига минглаб одамлар йиғилган. Уларнинг оқими тўхтамаяпти. Майдонга келаётган одамлар қон излари қолган ерларга гул қўймоқдалар, Қуръон тиловат қилиб, ҳалок бўлганлар хотирасини ёдга олмоқдалар.

Марҳумларни дафн этиш маросими 10 апрел куни бўлиб ўтади. Улар Қирғизистоннинг энг таниқли жамоат, давлат, фан ва маданият арбоблари дафн этилган “Ата Бейит” қабирстонига қўйиладилар.

Қирғизистон муваққат ҳукумати ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига 1 миллион сўм (таҳминан 25 минг АҚШ доллари) миқдорида хун пули тўланишини маълум қилди. Яраланганларга эса 50 минг сўм (таҳминан 1200 доллар) миқдорида товон пули берилади.

Айни пайтда Қирғизистон пойтахти ва вилоятларда вазият барқарорлашмоқда. Бишкекда милиция ва халқ дружинаси ишга тушди. 8 апрелдан 9 апрелга ўтар кечаси Бишкекни милиция ходимлари тўла таркибда ва 15 минг дружиначи назорат қилган.

- Бишкекда тўла назорат ўрнатилди. Бироқ бизнинг олдимизда катта бир вазифа турибди. Тартибсизликлар пайтида аҳоли қўлига юздан ортиқ Калашников автоматлари, пулемёт ва ўқ-дорилар ўтиб кетган. Биз бир неча кун ичида уларни топиб, қуролларни мусодара қилишимиз керак, деди Бишкек шаҳар коменданти ТуратМадилбеков.

Қирғизистон муваққат ҳукумати мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш баробарида ўз таркибини ҳам аниқламоқда. Сўнгги хабарларга қараганда таниқли жамоат арбоби, 8 апрелгача хориж давлатларидан бирида сиёсий бошпана топган Эдил Байсалов муваққат ҳукумат маъмурияти бошлиғи қилиб тайинланган.
XS
SM
MD
LG