Линклар

logo-print

Яна бир тонг отди...


8 апрел куни президент Бакиев ҳовлисидан ана шу ярим ëнган уй қолди.

8 апрел куни президент Бакиев ҳовлисидан ана шу ярим ëнган уй қолди.

Бишкек бўйлаб кезиш 8 апрел куни хавфлироқ бўлди. Кўчаларда тўп-тўп юрган ёшлар кўпайди. Уларнинг кайфияти ёмон бўлса, яхшигина калтак ҳам ейиш мумкин эди.


Эрталабдан йўлим устидаги супермаркетнинг аҳволига ачиндим. Катта баннери йиртилган.Ўзи ишламаяпти.Ундан яқин-атрофда яшовчилар кунлик озиқ-овқатини сотиб олар эди. Қизиқ, бугун қаердан нону сут олишди экан? Мен ҳам улар сирасига кирганим учун, бу савол мени ҳам қийнади.


Савдо дўконларида “Биз эл менен” ёзуви жуда машҳур. Дўкон эгалари бу ёзув ўзларини талончиликдан асраши мумкинлигига умид қилмоқда. Нахотки, биргина “Биз халқ билан” деган ёзув оломонни тўхтатиш қудратига эга бўлса?

- Энди улар орасида хар-хили бор.Кимгадир таъсир этишига умид бор-да, дейди Бишкекдаги дўкон эгаларидан бири.

Улар туни билан ухлашмасдан ёпилган савдо дўкони олдида туришибди. Ёнларида эркаклар ҳам бор. Ҳайрон қоласан бу аёлларнинг қўрқмаслигига.



Кечки пайт яна Бишкек маркази - Алатоо майдонига йўл оламан. Алатоо майдонида одам бору, 7 апрелдаги каби кўп эмас. Майдон марказида ахлат ташувчи машина турибди. Майдон кечаги ахлатдан тозаланган. Қонлар эса тунги ёмғир билан ювилиб кетган. Фақат асфальтдан, албатта(қалбда бу воқеалар, кимларнингдир йўқотишлари абадий қолади).


Майдоннинг биқинида мармар устунлар бор. Мана шу устунларда кеча бўлмаган ёзувлар пайдо бўлган. Афтидан, улар тунда ёки бугун пайдо бўлган.

Одам билан энг гавжум жой айни пайтда ёнғин тутунидан кулранг бино тусини олган Оқ уй атрофи эди. Бино панжарасига оқ матога қора ёзувлар билан “Грязным евреям и таким как Максим не место в Кыргызстане” деган битик осилган. Оддий қирғизистонлик учун бу сўзларнинг маъноси тушунарли экан. Менга улардан бирининг айтишича, Қурмoнбек Бакиевнинг ўғли Максим кўпинча битикда тилга олинганлар билан ишлаган. Хусусан¸ Бакиевлар оиласи пулларини бошқарган Евгений Гуревичнинг қирғизлардан ўғирлангани айтилаëтган юзлаб миллион пулни мамлакатдан олиб чиқиб кетгани халқ ғазабини ововлантирган кўринади. Аммо бу ёзув бошқа миллат вакилларини ўйлантириб қўяëтгани табиий.


Кечки жонли эфирдан сўнг яна офис томон отланаман. Оёқ остимда шишалар синиғининг қирсиллаши эшитилади. Йўлда маҳаллий йигитлардан қаёрдан такси ушлаш мумкинлигини сўрайман. Улардан бири шаҳарда эҳтиёт бўлишимни айтадию, такси ушлашга кўмак беради. Бу ҳам беш бармоқ бир хил эмаслигининг бир кўриниши бўлса керак.

Яна ўша компьютер, Қирғизистоннинг машҳур “Дизель” форуми. Тонггача форумнинг махсус гуруҳида Бишкекнинг турли чеккаларидан келаятган хабарларни кузатаман. Кимдир уяли телефонига пул ташлаб қўйишнинг иложи бўлмаëтганини айтса, кимдир пул алмаштириш шаҳобчалари қачон ишлашини сўрайди. Бишкек бўйлаб туни билан кезаëтган дружиначилар шаҳарнинг ўзлари кузатаëтган қисмидаги ҳодисаларни ëзади. Қизиғи - улар орасида қизлар ҳам бор. Улар - оддий талабалар, оддий ишчилар, хуллас шаҳарнинг тинчлигини сақлашга интилган инсонлар.

Туни билан ухламасдан савдо дўконлари, оддий фуқароларнинг уйларига ҳужум қилаëтган тўдалар билан курашмоқда. Бу тун кечаги тундан фарқ қилди. Дружиначиларга ҳарбийлар, милиционерлар ҳам қўшилишгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди форумларда. Гоҳ-гоҳида ойна ортидан, кўчадан сирена овозлари эшитилса-да аввалгисидан тинчроқ тонг ҳам отди. Яна бир тонг. Бу кун Қирғизистонда яна нелар содир бўлади?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG